

"Биз бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг яхши жамоаларидан бирига қарши ўйнадик. Рақиб жиддий, ўз олдига катта вазифалар қўйган. Жамоамиз ҳозир маълум бир “психологик яма”га тушиб қолганини ҳисобга олсак, ўйин борасида яхши таассуротлар қолди. Биринчи таймда ҳам, иккинчи таймда ҳам тартиб-интизом билан ҳаракат қилдик. Баъзи нарсалар ўхшади, баъзилари ўхшамади, аммо иккинчи бўлимда гол уришга муваффақ бўлдик. Ҳисобда олдинда бориб, ўйинни ғалабагача етказа олмаслик, алам қилади. Шундай бўлса-да, йигитларга интизом учун миннатдорчилик билдирмоқчиман", - дея гап бошлади Улуғбек Бакаев.
— Бу биринчи марта кузатилаётгани йўқ. "Қўқон-1912" билан баҳсда, Самарқандда ва ўтган ўйинда ҳам жамоа, ҳатто баъзида икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олиб, лекин якунда керакли ҳисобни ушлаб қола олмаяпти. Бу нима билан боғлиқ?
— Асосий сабаб жисмоний ҳолат. Жамоа мавсумолди йиғинларда нима билан шуғулланганидан хабардор эмасман. Бугунги ўйинни Қўқондаги баҳс билан солиштирсак, булар ҳам техник, ҳам жисмоний жиҳатдан икки хил жамоа. Ўйлайманки, ҳимоядаги хатоларимиз кўпроқ руҳият билан боғлиқ: қандайдир қўрқув пайдо бўлади. Биз ўйинчиларга ҳакам қанча вақт қўшиб беришидан қатъи назар, охиригача ўйнаш ва ҳеч қачон концентрацияни йўқотмаслик кераклигини доим уқтирамиз. Бугунги натижа психологик ҳолатимиз туфайли рўй берди.
— 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб мағлуб бўлиш кучли психологик зарба эканлигини айтиб ўтгандингиз. Бу боши берк кўчадан чиқишнинг йўли борми? Ахир бу ҳолат абадий давом эта олмайди-ку...
— Чиқиш йўли битта — йигитлар ўзларига ишончни ҳис қилишлари керак. Бунинг учун эса шунчаки ғалаба қозониш лозим. Техник жиҳатдан улар яхши тайёрланган, гол уришни билишади. Агар биз нотўғри йўналишда ишлаётганимизда, ҳар ўйинда вазиятлар яратиб, гол урмаётган бўлардик. Демак, пойдевор бор, аммо қаердадир вазиятни назорат қилиш етишмаяпти.

— Ҳужумчилар ҳақида сўрамоқчи эдим — бу ҳозир чемпионатимиздаги умумий тенденция. Фейсал Муличнинг ўйинини қандай баҳолайсиз? У "Пахтакор" ва "Қизилқум"га гол урди. Бугун гол уриш мумкин бўлган вазиятларда офсайдда бўлиб қолгани билан ёдда қолди. Шунингдек, ҳозирги кунда чемпионатимизда айнан марказий ҳужумчилар жуда кам гол ураётгани, голларнинг асосий қисми эса вингерлар ва ярим ҳимоячиларга тўғри келаётгани ғалати эмасми?
— Биринчидан, гол уриш қийинлашди. Ҳозир ҳар бир жамоа ва ҳар бир ҳимоя чизиғи рақибни синчковлик билан ўрганади. Ҳужумчиларнинг маҳоратли ва ўз меҳнати билан натижага эришадиганлари бор. Ҳар қандай ҳужумкор ўйинчи ўйинда ўзидан из қолдириши керак, энг яхши из эса — бу гол ёки жамоанинг ғалабасига қўшилган ҳиссадир. Кўп нарса жисмоний ҳолатга боғлиқ. Агар ўйинчи жисмонан тайёр бўлмаса, у ҳатто топ-даражадаги футболчи бўлса ҳам, етарлича фойда келтира олмайди. Умуман, ҳужумчиларнинг маҳсулдорлигига келсак, чемпионатимиз савияси ўсди, ўйинчилар ҳимояда яхшироқ ҳаракат қиладиган бўлишди. Бу табиий жараён. Ривожланиш туфайли гол уриш ҳам анча қийин бўлиб қолди.
— Ҳамкасбингиз Жаъфар Ирисметов подкастларнинг бирида Суперлига клубларига ҳужумчилар учун алоҳида мураббийлар ёллашни таклиф қилди. Ирисметовнинг фикрига қўшиласизми? Ахир ўзингиз ҳам ўтмишда ажойиб тўпурар бўлгансиз ва ҳимоячилар ҳозиргидан анча қўполроқ ўйнаган пайтларда ҳам дарвозага йўл топа олгансиз. Мураббийлар штабида бундай мутахассис керакми?
— Агар регламент ва клуб бюджети штабни кенгайтиришга имкон берса, нега энди йўқ? Бу яхши ғоя. Бизда ҳозирча бунга ўткир зарурат йўқ, ҳужумларни якунлаш борасида йигитлар билан ўзим кўп ишлайман. Лекин умуман олганда, айниқса катта футболга эндигина қадам қўяётган 16-17 ёшли ўйинчилар учун жарима майдончасидаги ўйинга ихтисослашган мутахассиснинг бўлиши жуда фойдали бўларди.
— Нима учун Жалолиддинов танаффусда алмаштирилди?
— Алмаштириш унинг ўйини билан боғлиқ эмас. Унда сариқ карточка бор эди, камчиликда қолиб кетмаслик учун таваккал қилишни истамадик.



