"ТерДУ"ни Пролига иштирокчилари сафидан чиқариш масаласи кўриб чиқилади

Aslanov Jasurbek
10 окт 2026, 20:42
Жорий йилнинг 10-феврал куни "ТерДУ" клуби Пролига иштирокчилари сафига қўшилганди.

Клуб мусобақанинг биринчи даврасини регламент талаблари асосида ўтказган бўлса-да, иккинчи даврага келиб унда муаммолар бошланди.

Пролига 21-тури доирасидаги “Арал”га қарши учрашувга “ТерДУ” молиявий ҳолатнинг барқарор эмаслигидан келиб чиқиб, бора олмади. Аввалроқ ЎФА тегишли қўмитаси клуб учун трансфер ойнаси ёпилгани бўйича ўз қарорини тақдим этганди.

Қайд этиш керак, клуб Пролигадаги уй учрашувларини ўтказиш бўйича “Сурхон” билан шартнома имзолаган бўлиб, унга кўра “Сурхон” аренанинг барча шароитлари мавжуд бўлган иккинчи майдонидан фойдаланиши кўзда тутилганди. Бироқ “Сурхон”да юзага келган иқтисодий муаммолар оқибатида “Сурхон арена”нинг ҳар икки майдони профессионал футбол учрашувларини қабул қила олмайдиган даражага келди. Кейинчалик “Сурхон” Тошкент ва унинг атрофида жойлашган стадионлардан фойдаланишни бошлаган бўлса, “ТерДУ” мазкур масалани ҳал қилишда муаммоларга дуч келди ва асосан рақиблари билан келишган ҳолда, улар тўп сураётган ареналарга ташриф буюрди.

12-октябрь куни “ТерДУ” ўз майдонида Пролига 22-тури доирасида “Республика ФА” жамоасини қабул қилиши белгиланган. Пролига регламентининг 14.8-бандига зид равишда “ТерДУ” мазкур учрашувни қайси аренада қабул қилиши масаласига ойдинлик киритмади. Ўз-ўзидан “Республика ФА” сафар чипталарини харид қилиш, тегишли ҳудуддан меҳмонхона банд қилиш ва ўз режаларини шунга мослаштиришда қийинчиликка дуч келди. Қолаверса, “ТерДУ” аввалгидек рақиби билан ўзаро учрашувни Тошкентда ўтказиш бўйича ҳам келиша олмади.

Шундан келиб чиқиб, Лига 22-тур доирасидаги “ТерДУ” — “Республика ФА” учрашувини ўтказиш билан боғлиқ ҳаракатларни тўлиқ тўхтатди ҳамда мезбон клубга техник мағлубият ёзиш бўйича қарор қабул қилди. Эндиликда, Пролига регламентининг 9.10-банди асосида “ТерДУ” клубини Пролига қатнашчилари сафидан чиқариш масаласи Лига Ижроия қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.

Лига Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқуловга жар ёқасига келиб қолган собиқ Қизириқ клубини сақлаб қолиш, унинг “ТерДУ” номи билан мусобақалардаги иштироки учун шароит яратиш каби масалаларда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдиради. Ўтган вақт давомида Лига клуб билан боғлиқ бир қатор ўрганишлар олиб борган бўлиб, бу ҳақда кейинроқ батафсил маълумот беришга ҳаракат қилади.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: pfl.uz