

Қўмита Эрон клуби вакиллари томонидан ўйиндан олдин спиртли ичимлик истеъмол қилишда айбланган ФИФА ҳаками Ҳанна Ҳаттабни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ҳаттабнинг ўзи қўмита раҳбарлари билан суҳбатда айбловларни қатъиян рад этган. Сурия футбол ассоциацияси Осиё футбол конфедерациясига мурожаат қилиб, тиббий хулоса, ўйин комиссари ва инспекторининг рапортларини тақдим этишни сўради. Ушбу ҳужжатлар олингач, қўмита текширув натижаларини эълон қилиш ниятида.
Ҳакамлар қўмитаси раиси Муҳаммад Ал Ғадри “Annahar” нашрига берган интервьюсида ҳакамнинг аҳволи яхшиланганини маълум қилди.
Танаффусда ҳамюртининг ўрнини эгаллаган ўша учрашувнинг захира ҳаками Аммар Абу Алу ҳам Ҳаттабни ҳимоя қилиб чиқди.
"Ҳаттаб спиртли ичимлик истеъмол қилмаган. У чарчаган кўринарди, қон босими кескин тушиб кетди", – дея Абу Алунинг сўзларидан иқтибос келтирди AFP.
Агентликнинг Осиё футбол тузилмаларидаги манбасига кўра, Ҳаттабга "Ал Жазира" шифокорлари тиббий ёрдам кўрсатишган ва майдонда ҳакамликни давом эттирмасликни тавсия қилишган.
Ўмонлик журналист Исса Саид эса бироз бошқача тахминни илгари сурди. Унинг маълумотларига кўра, ҳакамнинг диққатини йўқотишига қондаги қанд миқдорининг кескин пасайиб кетиши сабаб бўлган. Журналистнинг таъкидлашича, ўйиндан сўнг ўтказилган тиббий кўрик спиртли ичимликдан мастлик ҳолатини тасдиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, учрашувнинг 32-дақиқасида Ҳаттаб майдон марказида жамоадоши томонидан содир этилган қоидабузарлик учун адашиб "Ал Жазира" дарвозабони Эрсин Дестаноглуга сариқ карточка кўрсатган, бир неча дақиқадан сўнг эса уни бекор қилган эди. Бундан сўнг "Гол Гоҳар" вакиллари норозилик билдириб, агар Ҳаттаб ўйинни бошқаришда давом этса, жамоа иккинчи бўлимга чиқмаслиги билан таҳдид қилишган. Танаффусда бош ҳакам ва захира ҳаками ўрин алмашишган.
Расмий тиббий хулоса ҳозирча эълон қилинмаган.



