Жавоҳир Синдаров Жаҳон чемпионати матбуот анжумани олдидан футбол томоша қилган — FIDE

Оқил Абдубарноев
27 ноя 2026, 11:55
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун баҳс олдидан ўтказилган матбуот анжумани бошланишини кутаётганда футбол томоша қилган.

Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) бу ҳақда америкалик гроссмейстер Морис Эшлининг ҳикояси акс этган видеолавҳани эълон қилди.

Эшлининг айтишича, Синдаров матбуот анжумани бошланиши арафасида стол остидаги телефонида футбол учрашувини кузатиб ўтирган. Мазкур ҳолат ўзбекистонлик шахматчининг жаҳон чемпионлиги учун муҳим баҳс олдидан ҳам ўзини хотиржам тутаётганига мисол сифатида тилга олинган.

FIDE ушбу лавҳани "Жавоҳир Синдаров: хотиржам ва... футбол томоша қиляпти!" деган сарлавҳа билан эълон қилди.

Эътиборлиси, Синдаров футболнинг ашаддий мухлиси ҳисобланади. У аввалроқ Британиянинг "The Guardian" нашрига берган интервьюсида "Барселона" клуби ва Лионель Мессига мухлислигини айтган.

Шунингдек, ўзбекистонлик гроссмейстер 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлаш учун Шимолий Америкага ҳам борганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Жавоҳир Синдаров 24 ноябрдан буён Швейцариянинг Женева шаҳрида амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешга қарши чемпионлик учун баҳс олиб бормоқда.

Ўхшаш янгиликлар

Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: FIDE

Сўнгги янгиликлар

Барча ›