Италия U-17 мураббийи Ўзбекистонга қарши ўйин ҳақида: "Қизил карточка режаларимизни бузди"

Оқил Абдубарноев
27 ноя 2026, 12:20
Италия U-17 терма жамоаси бош мураббийи Даниэле Франческини Қатарда ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг 3-туридан ўрин олган Ўзбекистонга қарши учрашувдан (3:1) кейин ўз фикрларини билдирди.

Италия футбол федерацияси расмий сайтининг хабар беришича, мутахассис жамоасининг биринчи бўлимдаги ўйинидан мамнун бўлган, бироқ иккинчи бўлимдаги қизил карточка режаларини ўзгартириб юборганини таъкидлаган.

"Эришган натижамиз ва гуруҳда барча ўйинларда ғалаба қозониб, биринчи ўринни эгаллаганимиздан жуда фахрланамиз. Бугун биринчи бўлимни ажойиб ўтказдик, ўз ўйинимизни намойиш этиб, учрашувни истаганимиздек йўналтира олдик.

Бироқ иккинчи бўлимдаги қизил карточка режаларимизни мураккаблаштирди. Бу бизни қийин вазиятга тушириб қўйди. Шунга қарамай, ғалабани сақлаб қолдик. Умуман олганда, ўтказилган учта учрашувдаги иштирокимиздан жуда мамнунмиз", – деди Франческини.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга қарши баҳсда Италия 7-дақиқада Томмазо Казагранденинг голи эвазига ҳисобни очди. 31-дақиқада Федерико Крочи пенальтини аниқ амалга оширди, биринчи бўлимга қўшиб берилган иккинчи дақиқада эса Томас Корильяно учинчи голни урди.

66-дақиқада италияликлар ярим ҳимоячиси Риккардо Кассано иккинчи сариқ карточкани олиб, майдондан четлатилди.

Шундан кейин Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумларини кучайтирди. 75-дақиқада Равшанбековнинг ўнг қанотдан узатмасини Суҳроб Содиржонов бош билан дарвозага йўллаб, ҳисобни қисқартирди.

Италия футбол федерацияси ҳисоботида таъкидланишича, голдан кейин ўзбекистонлик футболчилар янада фаоллашган. 78-дақиқада Эркиновнинг зарбасини рақиб дарвозабони қайтарган бўлса, 90+4-дақиқада Ўктамбоевнинг бош билан берган хавфли зарбасини Карло Галлиера катта қийинчилик билан бартараф этган.

Учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида Италия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жоэле Жамматтеи эътироф этилди.

Шу тариқа, Италия учта учрашувда 9 очко жамғариб, "E" гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Кот-д'Ивуар 6 очко билан иккинчи, Ўзбекистон 3 очко билан учинчи, Ямайка эса очкосиз охирги ўринда қолди.

Сергей Чигодаев шогирдлари гуруҳ босқичини 8 та гол уриб, 7 та гол ўтказиб юборган ҳолда якунлади.

Мусобақа регламентига кўра, 12 та гуруҳнинг ҳар биридан биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар, шунингдек, учинчи ўрин соҳиблари орасидан энг яхши натижа кўрсатган саккизта терма жамоа 1/16 финалга чиқади.

Ўзбекистоннинг кейинги босқичга чиқиш масаласи 27 ноябрь куни гуруҳ босқичининг қолган учрашувлари якунлангач узил-кесил аниқ бўлади.

Ўхшаш янгиликлар

Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: figc.it

Сўнгги янгиликлар

Барча ›