Ўзбекистоннинг ЖЧдаги рақиби – Конго ДРда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Оқил Абдубарноев
17 май 2026, 18:12
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемияси сабабли халқаро аҳамиятга молик соғлиқни сақлаш фавқулодда ҳолатини эълон қилди.

Мамлакатда ҳозирча тасдиқланган вакцинаси мавжуд бўлмаган Бундибугё вируси штамми тарқалмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, 250 га яқин гумон қилинган ҳолат ва 80 та ўлим қайд этилган.

ЖСТ мазкур эпидемиянинг маҳаллий ва минтақавий миқёсда тарқалиш хавфи ўта юқори эканлигини, касаллик ҳатто пойтахт Киншаса ҳамда қўшни Уганда чегараларигача етиб борганини маълум қилган.

Ушбу хавфли эпидемиологик вазият футбол жамоатчилиги, хусусан, ўзбекистонлик мухлислар эътиборини ҳам тортмоқда. Сабаби, Конго ДР миллий терма жамоаси ЖЧ–2026 мусобақасининг "K" гуруҳида Ўзбекистон, Колумбия ва Португалия билан бир квартетдан жой олган.

Режага мувофиқ, Африка қитъаси вакиллари мундиал баҳсларида иштирок этиш учун шу йилнинг июнь ойи бошида Шимолий Америкага йўл олиши белгиланган. Гуруҳ босқичи тақвимига кўра, Конго ДР терма жамоаси сўнгги 3–турда (27 июнь куни) АҚШнинг Атланта шаҳридаги "Mercedes-Benz" стадионида айнан Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши майдонга тушади. Ҳозирча ушбу соғлиқни сақлаш инқирози терма жамоанинг сафар режаларига қандай таъсир қилиши борасида расмий баёнот берилмаган.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти