Мурод Исмоилов ўғли Ислом Исмоиловга қандай маслаҳатлар беришини айтди

Aslanov Jasurbek
29 ноя 2026, 20:46
"Нефтчи" бош мураббийи Ислом Исмоиловнинг отаси, тажрибали мутахассис Мурод Исмоилов Ўзбекистон Суперлигасининг 29-туридан ўрин олган "Динамо"га қарши учрашувдан (2:2) кейин Championat.asia сайти журналистига Фарғона клубининг чемпионлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

"Барча "Нефтчи" мухлисларини ушбу буюк ғалаба билан самимий табриклайман. Бугун Фарғонада чинакам байрам шукуҳи ҳукм сурди. Барча раҳбариятга, хусусан, вилоят ҳокимига, шунингдек, мухлисларимиз, мураббийлар ва футболчиларга чуқур миннатдорлик билдирамиз. Мухлислар номидан уларнинг самарали меҳнатларига тасаннолар айтамиз. Чемпионлик барчага муборак бўлсин!" – деди Мурод Исмоилов.

Мутахассис учрашувнинг ҳал қилувчи дақиқаларида бошдан кечирган ҳиссиётлари ҳақида ҳам гапирди.

"Бу туйғуларни сўз билан ифодалаш мушкул. Ҳиссиётлар ниҳоятда ўзгача бўлди, жуда тўлқинландик. Айниқса, учрашувнинг сўнгги 15 дақиқаси биз учун ўта оғир кечди. Бироқ якунда футболчиларимиз муносиб натижа қайд этиб, чемпионликни қўлга киритишди. Барчани ушбу муваффақият билан табриклаймиз", – деди у.

Суҳбат давомида "Нефтчи" ва "Пахтакор" клубларида ишлаган Мурод Исмоиловдан мураббийлик фаолиятида тўплаган тажрибасини ўғли Ислом Исмоилов билан қай даражада ўртоқлашиши ҳақида сўралди.

"Албатта, майдондаги вазиятлар, тактика ҳамда футболчиларнинг жойлашуви юзасидан мурожаат қилганида, доимо ўз маслаҳатларимни бериб бораман. Бироқ бугунги кунда уларнинг ўзлари ҳам чуқур билимга эга бўлиб, профессионал жиҳатдан анча юксалишди. Барчалари сидқидилдан меҳнат қилишди. Ўйлайманки, бу жуда муваффақиятли ва самарали йил бўлди. Барчани яна бир бор муборакбод этамиз!" – дея таъкидлади Мурод Исмоилов.

Эслатиб ўтамиз, "Нефтчи" "Динамо"га қарши баҳсда 0:2 ҳисобида ортда қолаётганига қарамай, Жамшид Искандеровнинг пенальтидан урган иккита голи эвазига дурангга эришди. Ушбу натижа фарғоналикларга мавсум якунланишига бир тур қолганида мамлакат чемпионлигини таъминлади.

Ўхшаш янгиликлар

Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›