"Металлург" мураббийи: "Рақибни атрофлича таҳлил қилиб, пухта тайёргарлик кўрган эдик"

16 авг 2026, 00:14
"Металлург" мураббийи Илёс Қурбонов Пролига 15-тур доирасида "Республика ФА"га қарши ўйиндан сўнг (3:1) матбуот анжмунида иштирок этди.

– Бугунги ўйин ҳақидаги фикрларингизни айтиб ўтсангиз.

– Бугунги баҳснинг қийин ўтишини олдиндан сезган ва билган эдик. Сабаби, биз рақибни атрофлича таҳлил қилиб чиқдик. Уларда яхши жамоа шаклланган, асосан ҳужумкор футбол намойиш этишади ва тартибли ўйин кўрсатишади. Шу боис, биз ҳам ушбу учрашувга пухта тайёргарлик кўрган эдик.

Биринчи бўлимда, стандарт вазиятда гол ўтказиб юборганимиздан сўнг, танаффус вақтида футболчиларга керакли кўрсатмаларни бердик. Иккинчи бўлимда улар майдонга чиқиб, берилган кўрсатмаларни аниқ бажаришди ва шунинг эвазига ғалаба қозондик.

– Мураббийлар штабидаги фаолиятингиз давомида амалга оширган ўзгаришлар ҳақида сўрамоқчи эдим. Бугун асосий таркибда, одатда иккинчи бўлимда майдонга тушадиган Максвеллни майдонга туширдингиз. Иминжоновни чап қанотда, Жасур Ҳакимовни ҳужумчи ортида ўйнатганингиздан сўнг, олдинги чизиқда ҳам синаб кўрдингиз. Умуман олганда, таркибда амалга оширилган ушбу ўзгаришлар ҳақида нима дея оласиз?

– Таркибдаги ўзгаришларга тўхталсак, бундан олдинги икки турда Максвелл захирадан майдонга тушиб, ўйинга жуда тез киришиб кетди ва ижобий натижа кўрсатди. Шуни ҳисобга олиб, бугунги учрашувда унга асосий таркибда ўйнаш имкониятини яратиб бердик. Наврўз Иминжоновни эса чап қанот ҳужумига ўтказдик.

Аслида, Максвелл биринчи даврадан сўнг бироз кўпроқ ҳордиқ чиқарган эди, шу сабабли у ҳали тўлиқ спорт формасини тиклаб улгурмаганди. Бироқ ўйинлар орқали у ўз ҳолатини яхшилаб олди ва ўйлайманки, кейинги баҳсларда ҳам асосий таркибда ҳаракат қилади.

– Бугун захирадан майдонга тушган Асадбек Каримовнинг ҳаракатлари ҳақида тўхталсангиз. У ўйинга жуда яхши қўшилди, биринчи голни киритиб, ҳисобни тенглаштирди. Шунингдек, Азизбек Абдумўминовнинг алмаштирилиши сабаби нимада эди?

– Азизбек Абдумўминов жамоамизга иккинчи даврадан бошлаб келиб қўшилди ва ўйинларимизга жуда тез мослашиб кетди. У тўртта учрашувда учта гол уришга муваффақ бўлди. У ёш ва келажаги порлоқ футболчи ҳисобланади.

Бироқ ёшлиги сабабли футболчилар доим ҳам барқарор ўйин намойиш эта олмаслиги мумкин. Шуни инобатга олиб, иккинчи бўлимда унинг ўрнига, ўйинни кучайтириш мақсадида Асадбек Каримовни майдонга туширдик. Ўйлайманки, биз амалга оширган ушбу захира алмаштириши ўзини тўла оқлади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia