

– Ўйин ҳақида...
– Ассалому алайкум. Ўйин ҳақида тўхталсам, учрашувни яхши бошладик. Дастлабки 1-дақиқадаёқ бирга-бир вазиятга чиқдик, бироқ гол ура олмадик. Яратилган вазиятлардан яна фойдалана олмаяпмиз. 1:0 – қалтис ҳисоб. Гол ўтказиб юборишдан қандайдир хавотир бор. Буни кўриб чиқамиз ва яратилган вазиятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
– Танаффусдан кейинги қаторасига учинчи ўйинда вазиятлар етарлича яратилмоқда, бироқ уларни амалга ошириш (реализация) панд беряпти. Тўқсон дақиқа давомида дарвозага атиги иккита аниқ зарба берилган. Бу жуда паст кўрсаткич. Муаммо нимада? Чунки "Хоразм" ва "Локомотив" жамоаларига қарши кечган баҳсларда ҳам кўплаб голли вазиятлар кўкка совурилди.
– Айни шунинг устида машғулотларда ишлаяпмиз. Хатоларни йигитларга кўрсатяпмиз ва шу устида машқ қиляпмиз. Худо хоҳласа, кейинги ўйинларда ҳар бир вазиятдан унумли фойдалансак, яхши бўлади. Биз ҳам буни таҳлил қиляпмиз: ҳар бир ўйинда етарлича вазиятларимиз бор, бироқ улардан фойдалана олмаяпмиз. Айнан шу жиҳат устида ишлаяпмиз.
– Ҳозиргина "футболчиларда қўрқув бор", деб айтиб ўтдингиз. Аввал ҳам кўп мутахассислар руҳий муаммолар борлигини таъкидлаган эди. Ўтган йилги интервьюларингиздан бирида: "Бош мураббий менман, демак, психолог ҳам ўзимман", – деган экансиз. Саволим шундан иборатки, Камолиддин Тожиев қай даражада яхши психолог? Яъни, шогирдларини қай даражада руҳлантира оляпти?
– Бундан аввал, яъни танаффусга қадар жамоадаги руҳий ҳолат яхши эди. Жаҳон чемпионатига бориб келдик, танаффус юзага келди. Шундан сўнг, билмадим, йигитларда ўз-ўзига бўлган ишонч бироз йўқолиб қолдими... Бунинг устида ҳам ишлаяпмиз, улар билан суҳбатлашяпмиз. Худо хоҳласа, буни ҳам тўғрилаймиз. Йигитларнинг ўзига бўлган ишончини қайтарамиз.
– Жамоа статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, охирги маротаба октябрь ойида йирик ҳисобда ғалаба қозонган, яъни 3:0 ҳисобида "Қизилқум" устидан зафар қучган эдингиз. Ўшандан бери, яъни 2023 йилдан буён жамоа асосан битта тўп фарқи билан ғалаба қозонмоқда. Ҳозир реализация борасида ишлаяпмиз, дедингиз. Ишлашнинг ўзи камлик қилмасмикан? Ёки яхшироқ ҳужумчи керакми?
– Ҳужумчи масаласида айтадиган бўлсам, узоғи билан 3-4 кунда яна битта янги ҳужумчи жамоага қўшилади. Бу масала аниқ бўлди. Энди, биласиз, барча жамоалар ҳам бизга қарши очиқ футбол ўйнайвермайди. Барибир шунинг ҳисобига ҳам кам голли вазиятлар юзага келмоқда. Бироқ вазиятлар бор. Агар вазиятлар мутлақо бўлмаганида, хавотир ўринли бўларди. Вазиятларимиз бор, фақат улардан фойдаланишимиз керак. Худо хоҳласа, яқин 3-4 кун ичида янги ўйинчи келиб қўшилади.
– Жамоанинг деярли ярми Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари, яъни "Пахтакор" – футболчиларидан шаклланган. Гибрид схемага, яъни учта марказий ҳимоячи тактикасига ўтиш режаси бормиди? Чунки ҳимояда ўзингиз ҳам кўрдингиз, рақиб футболчиси бирга-бир вазиятга чиқиб кетяпти. Битта ўткир узатма билан бирга-бир вазият юзага келяпти. Умуман, шунақа режа бормиди?
– Буни кўриб чиқамиз. Йигитлар, қандай десам, бироз хато қилмасликка ҳаракат қилиб, эҳтиёткорликка берилиб кетишяпти. Ёпилиши керак бўлган жойларда бироз кеч қоляпмиз, шунинг эвазига бундай вазиятлар пайдо бўлмоқда.

– Биламизки, "Пахтакор" – ва "Бунёдкор" – азалдан тарихий рақиблар ҳисобланади. 2000-йилларнинг охирларида сиз ҳам футболчи сифатида ушбу дербиларда иштирок этгансиз. Футболчилик фаолиятингиздан бу қарама-қаршиликлар ҳақида қандай ёрқин хотиралар қолган? Масалан, 2017 йилда айнан сизнинг ягона голингиз жамоага ғалаба келтирган эди.
– Тўғри, у вақтларда дерби барибир дерби эди. Майдонга чиқиб, боримизни берардик. Жуда қизиқарли ўтарди. "Бунёдкор" – билан ўйинларда эсда қоларли, қизиқарли вазиятлар кўп бўлган.
– Яна бир саволим бор, шу мавзуга оид. Ўша вақтларда "Пахтакор" – ва "Бунёдкор" – гегемон эди, бошқалардан яққол ажралиб турарди. Ҳозир эса чемпионатда 3-4 та жамоа чемпионлик учун кураш олиб бормоқда. Сизнингча, чемпионат учун қайси бири муҳимроқ: иккита гегемон жамоа бўлгани маъқулми ёки унчалик гегемон бўлмаса-да, кучлироқ 3-4 та жамоанинг чемпионлик учун курашганими?
– Иккита гегемон эмас... Ҳозир "гегемон" деганингиз билан, ҳар қандай рақибга қарши хотиржам майдонга чиқиб ғалаба қозона олмайсиз. Ҳозир деярли барча жамоаларнинг кучи тенг. Тўғри, 2000-йилларда "Пахтакор" – ва "Бунёдкор" – бошқалардан ажралиб турарди. Ҳозир эса, таъкидлаётганимдек, жамоаларнинг кучи деярли тенглашган. Бундай ҳолатда ўйнаш ҳам қизиқроқ.
– Ҳозирги ҳолатда "Пахтакор"нинг чемпионлик йўлида "Нефтчи" – билан курашига баҳо берадиган бўлсангиз, четдан холис инсон сифатида "Пахтакор" – чемпионликка қанчалик ҳақли деб ўйлайсиз?
– Биз ёнма-ён кетяпмиз, нега ҳақли бўлмас эканмиз? Мақсадимиз йўлида охиригача курашамиз.
– Мавсум бошланишидан олдин Санжар Қувватовни жамоага қайтардинглар. Назаримда, бу захира дарвозабони сифатида қилинган эди, чунки Владимир Назаров ўтган мавсумда Суперлиганинг энг яхши дарвозабони деб топилганди, шунингдек, Суперкубокларда ҳам яхши ҳаракат қилган эди. Ҳозир эса Санжар Қувватов жуда зўр ҳаракат қилмоқда, мана, бугун ҳам бирга-бир вазиятларда зарбаларни қайтарди. Саволим шундаки, футболда "ғалаба келтираётган таркиб ўзгартирилмайди" деган қоида бор. Шундан келиб чиқиб, Қувватов хато қилгунча дарвозада турадими?
– Тўғри, "ғалаба келтираётган таркиб ўзгартирилмайди", деган тушунчалар бор. Худо хоҳласа, спорт формаси яхши бўлса, у охиригача асосий таркибда майдонга тушади.
– "Пахтакор"нинг турнир жадвалидаги рақобатчиси ҳисобланмиш "Нефтчи" водий дербисида "Навбаҳор" билан беллашади. Ушбу ўйинда "Навбаҳор"га мухлислик қиласизми?
– Жуда қизиқарли ўйин бўлади. Албатта, бу баҳсда "Навбаҳор"га мухлислик қиламиз.




