Баҳодир Мирзаев: "Эртанги ўйинга жамоамиз кутилмаган муаммолар билан келмоқда"

Administrator
6 ноя 2023, 01:17
ОЧЛ гуруҳ босқичи, 4-тур доирасидаги "Сепахон" — ОКМК учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди, унда айрим сабабларга кўра клуб бош директори Баҳодир Мирзаев қатнашди.

"Ассалому алайкум барчага! Эртанги ўйинга жамоамиз кутилмаган муаммолар билан келмоқда. Жамоамиз сафида бир қатор ўйинчиларимизда жароҳатлар мавжуд. Ўзбекистон кубоги финали олдидан ушбу ўйинчиларимизни таваккал қилмаган ҳолда Эронга олиб келмадик.

Ўйинни Исфахондан Теҳронга кўчгани бизга қўшимча муаммоларни келтириб чиқарди. Ўйлайманки барчаси яхшиликка хизмат қилади. Эронга Дубай орқали келдик. Кеча жамоамиз Дубайда машғулот ўтказди. Қўшимчасига Теҳронга келиб ҳам кўплаб муаммоларга дуч келдик. Йўлдаги тирбандлик туфайли, ўйинолди расмий машғулотимиз бекор бўлди ва матбуот анжумани олдидан жамоамиз бош мураббийи айрим ноқулайликлар сабаб ярим йўлдан ортга қайтди.

Халқаро майдонда Ватанимиз шаънини ҳимоя қилаётган жамоамиз ҳар қандай ҳолатда охиригача ҳаракат қилади. Худо хохласа ёруғ юз билан Юртимизга қайтамиз!", -дейди Баҳодир Мирзаев.


AdministratorМуаллиф
Манба: ОКМК клуби матбуот хизмати