Ассистлардан хет-трик қайд этган вингер, дебют ўйинидаёқ гол урган ивуарлик ҳимоячи — Суперлигада 17-тур лауреатлари

Sherzod Nurmatov
17 авг 2026, 16:00
Championat.asia сайти Ўзбекистон Суперлигаси 17-турининг энг яхшиларини аниқлади.

17-турнинг энг яхши дарвозабони — Умид Ҳамроев (“Бухоро”)

“Бухоро” ортда қолган турда ўз уйида ОКМКни мағлубиятга учратди (2:0). Учрашув мобайнида Ҳамроев бир қатор вазиятларда жамоасини голдан асради ва дарвозани “қуруқ” тутди. Унинг 4 та сэйви эвазига жамоаси муҳим ғалабага эришди. Шу тариқа, айнан Ҳамроев тур дарвозабони номига лойиқ кўрилди.

darvozabon (10).png

17-турнинг энг яхши мураббийи — Александр Хомяков (“Бухоро”)

Юқорида таъкидланганидек, “Бухоро” бу тур Миржалол Қосимов қўл остидаги ОКМКни меҳмон қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бунда бухороликлар устози Александр Хомяковнинг баҳсга бўлган тўғри ёншашуви ва тактикаси катта аҳамият касб этди. Шу тариқа, жамоаси ишончли ҳисобда ғалаба қозонган Хомяков тур мураббийи сифатида эътироф этилди.

murabbiy (9).png

17-турнинг энг яхши футболчиси — Люпчо Дориев (“Сўғдиёна”)

“Сўғдиёна” бу турда “Сурхон”га қарши ўйнаб, рақибни 3:1 ҳисобида ютди. Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида кечган баҳсда шимолий македониялик футболчи ассистлардан хет-трик қайд этди. Шу тариқа, жамоасининг ҳар бир голида самарали ҳаракатлари билан ажралиб турган Доиев турнинг энг яхши футболчисига айланди.

futbolchi (9).png

17-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Коффи Коауо (“Нефтчи”)

“Нефтчи” бу турда “Андижон” меҳмони бўлиб, йирик 3:0 ҳисобидаги ғалабани тантана қилди. Захирадан туширилган ивуарлик ҳимоячи Коффи Коуао 90+2-дақиқада бир футболчини алдаб чап оёқдаги зарбаси орқали дарвоза тўққизлигини аниқ нишонга олиб, ўйинга нуқта қўйди. Шундай қилиб, айнан шу гол турдаги энг чиройлиси деб топилди.

gol (9).png

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›