Суперлига. Марказий ўйинларга бой 18-тур превьюси
10 aug 16:30
News


Суперлига. Марказий ўйинларга бой 18-тур превьюси
"Сўғдиёна" – "Машъал"
"Сўғдиёна" иккинчи рақибларга қарши бошлади ва муносиб қаршилик кўрсатганига қарамай, ортга терс ўгирилишга сабаб бўладиган натижалар қайд этди – 2 ўйинда 1 очко. Жиззахликлар ўтказиб юборилган голларда кўпроқ комбинацион ўйин қурбони бўлишди.
"Машъал"да ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берди. Муборакликлар аввалига "Пахтакор", сўнгра "Динамо"га қарши мардонавор кураш олиб борди, бироқ якунда барибир уларнинг машъаласига сув сепиб кетишди.
Жамоалар Суперлига доирасида 32 маротаба тўқнаш келишган. Уларнинг 14 тасида муборакликларнинг қўли баланд келган бўлса, 8 учрашувда жиззахликларнинг варраги юқорига учган. 10 беллашув эса на у, на бу жамоанинг кайфиятига таъсир ўтказган. Тўплар нисбати: 42-31, "Машъал" фойдасига.
Ёдингизда бўлса, жамоалар ўртасидаги биринчи давра тўқнашувида Исломбек Баратов Роналдиньонинг Англия дарвозасига урган голини кўрмаганлар учун такрорий ҳаракат амалга оширган ҳолда муборакликларга муборак ғалабани туҳфа этганди.
Тахмин. Жадвалда қўшни бўлиб турган рақиблар тўқнашувидан сўнг Жиззах сомсахоналарининг якшанба кунги савдоси авж олишига ва у ерда шодон кайфиятдаги ҳайқириқлар янграшига кўпроқ ишоняпман.
"Нефтчи" – "Насаф"
Виталий Левченко учун, эҳтимол, "Насаф"га қарши ўйин 429-марта берилаётган сўнгги имконият бўлиши мумкин. "Нефтчи" ўтган тур Фарғона дербисида "Қўқон-1912"ни мағлуб этиш учун жангга тайёргарлик кўраётган яккакурашчи сингари тер тўкди. Икки турда 3 очко жамғарганига қарамай, "Нефтчи" жадвалда иккинчи ўринда жойлашган, бу ёмон натижа эмас.
Ўша иккинчи ўринда эса бўлажак рақиб "Насаф" мустаҳкам ўрнашган. Қаршиликлар ҳам сўнгги ўйинларда жиддий қаршиликларга учрамоқда. Бу эса уларнинг хотиржамликка берилмасликка ундаши табиий. Айниқса, бўлажак ўйиндаги мағлубият ортдагилар билан фарқни биттагача қисқартириши мумкин. Шу боис, қаршиликлар Гилдерой Локхарт киноқаҳрамони каби танҳоликка берилмаслик чораларини кўриши керак.
Жамоалар Суперлига доирасида 53 маротаба тўқнаш келган бўлиб, 22 ўйинда "Насаф", 19 учрашувда "Нефтчи" ғалаба қозонди. Яна 12 беллашувда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати: 68-58, "Насаф" фойдасига.
Биринчи даврадаги тўқнашувдан келиб чиқсак, ушбу мавсумдаги ўзаро қарама-қаршиликда томошабинлар 134 кундан бери гол кутишмоқда.
Тахмин. Ўйлашимча, бугунги ўйинда ҳеч бир жамоа ғалаба қозонмайди, аммо бу натижадан "Нефтчи" кўпроқ ютқазса керак.
"Динамо" – "Пахтакор"
Мазкур беллашув ҳам қийматии жиҳатдан юқоридагисидан қолишмайди. Ғалаба Самарқандликларни янада юқорироққа олиб чиқиши, "Пахтакор"ни эса яқин таъқибчиларига яқинлаштириши мумкин. "Динамо" ўз ўйинлари ва натижалари билан Гасперини давридаги "Аталанта"ни ёдга солмоқда – истаса, букканда тугаб қоладиган бармоқларга тенг ўйинларда тўп киритолмаётган жамоаларга иккиталаб гол туҳфа қилса, кўнгли тусаганда, мана-ман деган жамоаларни қўшоёқлаб жазоламоқда. "Пахтакор" эса Американские горки аттракциони сингари шиддат билан юқорилади-ю, ўтган турда пастга шўнғишга мажбур бўлди.
Жамоалар Суперлига доирасида 53 маротаба тўқнаш келган бўлиб, қирчиллама қирқтасида "Пахтакор", етти беллашувда "Динамо" устун келган. Олти учрашувда эса дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати: 108-30, "Пахтакор" фойдасига.
Биринчи даврадаги беллашувда "Динамо" Тошкентдан Самарқандга уч очко ва Португалия қовоғи билан қайтганди.
Тахмин. Бундай ўйинларда исталган жамоа ғалаба қозониши мумкин. Самарқанддаги яқин йилларда бунёд этилган оёғи осмонда бўлган иншоот бузилмоқда, бироқ бўлажак учрашув самарқандликларнинг кўнглини ҳам чилпарчин қилмасдан, хурсанд кайфиятда стадионни тарк этишига замин яратса керак.
ОКМК – "Қизилқум"
Биринчи давра якунида олмалиқликларнинг натижалари акс кўриниш олган бўлса, иккинчи даврани улар, гарчи меҳмонда ўтказаётган бўлса-да, ижобий бошлади. Асосан, стандарт вазиятлар Тошкент вилояти жамоаси жонига ора кирди. Рақиб "Қизилқум" ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин, навоийликлар 4 очкони чўнтакка уришди.
Жамоалар Суперлига доирасида 37 маротаба тўқнаш келган. 18 ўйинда ОКМК, 14 тасида "Қизилқум"нинг қўли баланд келган. 5 учрашувда томонлар муроса кўчасини танлаган. Тўплар нисбати: 63-47, ОКМК фойдасига.
Биринчи даврадаги беллашувда ОКМК сафарда 3:1 ҳисобида устун келганди.
Тахмин. Икки "кончилар"нинг қай бирида қимматбаҳо маъдани кўплиги ўз йўлига-ю, уларнинг яшил майдондаги "қазишма"сида мезбонларнинг механизми яхшироқ чиқса керак.
"Андижон" – "Навбаҳор"
"Андижон" иккинчи даврани кўтаринки руҳда бошлади. Асосий устунлик ҳисобланган стандартларни комбинацион футболга алмаштирган Максим Шацких шогирдлари дастлаб "Қўқон-1912"ни йирик ҳисобда мағлуб этган бўлса, сўнгра пешқадам "Насаф"ни очко йўқотишга мажбур қилди.
Наманганликлар охирги икки ўйинда ўзларини ҳам, рақибларини ҳам хафа қилишмаяпти. "Андижон" сингари комбинацин вазиятлардан унумли фойдаланаётган Лушан шогирдлари иккинчи қаватдаги курашлардаги муваффақиятсизликлар туфайли очко йўқотишга мажбур бўлди.
Жамоалар Суперлигада ўзаро 57 маротаба тўқнаш келишган. "Навбаҳор" 27 ўйинда ғолиб чиққан бўлса, "Андижон" ғалабалари сони профессорга келинойисининг тоғасини жиянига катта ўғил бўлган инсон саломини етказган мулло Суннатиллонинг билет рақами билан бир хил. Яна 17 беллашувда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати: 82-59, "Навбаҳор" фойдасига.
Биринчи даврада жанговар 2:2 ҳисоби қайд этилган.
Тахмин. Нафақат футболчилар, балки борасида ҳам катта рақобат кузатиладиган водий дербисида икки томон ҳам "paper streamer" отиб нишонлашига тўсқинлик қилмайдиган натижа қайд этилса керак.
"Шўртан" – "Қўқон-1912"
Кўпчилик фикримга қўшилмас, бироқ мазкур ўйин ҳам турнинг марказий қарама-қаршиликларидан бири саналади. Сабаби, икки жамоа жавдвалнинг охирги икки поғонасида жойлашган. Шу боис, юқорига кўтарилиш ва асосий таъқибчисидан ўзиб кетиш мақсадида икки жамоа ҳам тиш-тирноғи билан кураш оли бориши табиий.
"Шўртан" ўтган турда "Бунёдкор" майдонида очко тортиб олди, "Қўқон-1912" эса "Нефтчи"га ютқазганига қарамай, мардонавор кураша олди. Бироқ икки жамоа ҳам ғалаба сўзини қизил китобларига киритиб қўйишган.
Жамоалар Про лигада бир неча марта дуч келган бўлса-да, Суперлига доирасида 7 маротаба учрашишган. Уларнинг бештасида "Қўқон-1912" ғалаба қозонган, Про лигадаги қарама-қаршиликларда "Шўртан" устун бўлишига қарамай, Суперлигада водий жамоасини мағлуб эта олгани йўқ. Яна икки ўйинда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати: 17-8, "Қўқон-1912" фойдасига.
Биринчи даврадаги беллашувда ҳисоб очилмаган. Умуман олганда, жамоалар ўртасидаги охирги учта ўйинда кучлар тенг келган.
Тахмин. Назаримда, олти очколик дея баҳоланаётган тўқнашувда икки жамоа бор кучини ишга солади, шу боис бўлса керак, яканда иккаласи ҳам беш очкони бой бериб қўяди.
"Бухоро" – "Хоразм"
Ушбу учрашув ҳам қизиқарли курашларга бой ўтиши кутилмоқда. "Бухоро" жон сақлаб қолиш учун сув четидаги хасга тирмашиб турган бўлса, "Хоразм" ўша жарлик қирғоғи яқинида турибди.
Бакаев шогирдлари иккинчи даврани ёқимсиз ҳолатда бошлади, эҳтимол, уларга Бухоро нафаси етишмаётгандир. "Хоразм" эса аксинча, икки учрашувда 4 очко жамғариб қўйди ва жадвалдаги ҳолатини бироз яхшилади.
Жамоалар Суперлига доирасида 15 ўйин ўтказган бўлиб, уларнинг 11 тасида "Бухоро", 4 тасида "Хоразм" зафар қучган. Қизиғи, дуранг қайд этилмаган. Тўплар нисбати: 36-16, "Бухоро" фойдасига.
Биринчи даврадаги беллашувда "Бухоро" сафарда 4:1 ҳисобида устун келган.
Тахмин. Икки мозий ўртасидаги беллашувда аниқ фикр билдириш қийин, сабаби, ўйин тизгини исталган ҳолатда ўзгариб кетишига биринчи даврадаги беллашувда гувоҳ бўлганмиз. Эҳтимол, бу гал омад Ҳаким Фузайлов шогирдларига кулиб боқиши мумкин.
"Сурхон" – "Бунёдкор"
"Сурхон" биринчи даврани қандай якунлаган бўлса, иккинчи даврани худди ўша кўринишда бошлади. Турнир жадвали ўрталиғи сари интилаётган жамоанинг натижалари ҳам ўрталиқдан нарига ўтмаяпти.
"Бунёдкор" эса "Нефтчи" майдонидан 3 очко билан қайтиб, таҳсинга сазовор бўлганди. Бироқ ўтган турда ўзига тегишли стадионнинг концертдан кейинги ҳолати руҳий таъсир қилди шекилли, бошқа майдонда "Шўртан"га қарши учрашувда очко бой берди.
Жамоалар Суперлига доирасида 13 маротаба тўқнаш келишган. 8 ўйинда "Бунёдкор", 5 тасида "Сурхон" ғалаба қозонган. Рақиблар ҳозиргача Европадаги икки мамлакат сингари бирор марта муросага кела олишгани йўқ. Тўплар нисбати: 22-13, "Бунёдкор" фойдасига.
Тахмин. Ўйлашимча, маълум муддат майдонидан айрилган "Бунёдкор" 56 ёшли хонанданинг либосини муҳокама қилмасдан ўзига керакли натижага эришади.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Similar news

Comments