

Эътибор берсангиз, хоҳ мен сингари варақлашга қунт қилмайдиган ўша китоблардаги, хоҳ бугунги ёшлар севиб томоша қиладиган замонавий кинолардаги қаҳрамонлар бўлсин – барчасининг ўз яралиш тарихи бор. Масалан, "Ўргимчак-одам"ни олайлик: оддийгина йигитчанинг вужудига ўргимчак чақиши орқали ғайритабиий куч кириб келади. Ҳар қандай буюк қаҳрамон ортида унга қудрат бахш этган қандайдир ғайритабиий ҳодиса ётади.
Ҳаётда ҳам шундай бўлиши мумкинми? Ўзбек футболининг яқин ўтмишига назар ташласак, бунга тўла ишонч ҳосил қиламиз. Фақат бунда воқеалар кинолардагидек тўқима эмас, балки чинакам ва даҳшатли ҳақиқат билан қоришган.
1966 йилнинг 26 апрель тонги. Тошкент остидан гўёки минг йиллик аждарҳо уйғонгандек, бутун бошли шаҳар ларзага келди. Асрий чинорлар тебранди, деворлар қулади, одамлар юрагига қўрқув оралади. Табиат ўз бағридаги бор ғазабини, ер остида йиғилган чексиз ва даҳшатли энергияни юзага сочиб юборган эди. Шаҳарни чанг ва хавотир қоплаган, ҳамма эртанги кундан нажот кутиб турган бир пайтда...
Нажот кутиб турган бир пайтда, 27 апрель куни саросимадаги пойтахтда, вайроналар орасида чақалоқ йиғиси янгради – ўзбек футболининг бўлажак афсонаси Азамат Абдураимовнинг дунёга келди.
Соқоли тиззасига тушадиган отахонлар "Зилзила пайтида ернинг бор қуввати юзага чиқади, шу пайтда туғилган болага шу қувват ўтади" дейишган. Гўёки табиат ўша мудҳиш куни ҳаводаги ва ер остидаги бутун зўриқиш, мардонаворлик ва енгилмас кучни мана шу гўдакнинг қонига сингдириб юборгандек эди. Экранлардаги қаҳрамонлар чақмоқдан ёки сеҳрдан куч олса, Азамат Тошкент зилзиласидан қувват олиб туғилганди.
Азаматнинг вужудидаги "зилзила қуввати"га асос бўлган, бу даҳшатли қудратни жиловлаб, унга тўғри йўналиш берган яна бир буюк омил бор эди – унинг томирида отаси, ўзбек футболининг тирик афсонаси, машҳур Биродар Абдураимов қони оқмоқда эди. Зилзила Азаматга чексиз табиий куч бағишлаган бўлса, ота гени бу кучга ақл, бетакрор иқтидор ва яшил майдонга бўлган сўнмас муҳаббатни бахш этганди.

Ўша мудҳиш кунларда Тошкент аҳли учун "Пахтакор" стадиони нажот ва умид масканига, Биродар Абдураимов каби ўйинчилар эса халққа таскин берувчи чинакам қаҳрамонларга айланган эди. Одамлар вайроналар ичидан чиқиб, шу йигитларнинг ўйинини кўриб, эртанги кунга ишонч ва яшашга куч топарди.
Азамат улғайгани сайин унинг вужудидаги табиий шиддат юзага чиқа бошлади. У яшил майдонда катта куч тимсолига айланарди. "Пахтакор" сафида порлаган йигитча тез орада нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиё қитъаси ва ундан ташқари майдонларда ўз "зилзиласини" кўрсата бошлади. Унинг футболчилик карьераси ўта ранг-баранг ва саргузаштларга бой кечди. Москванинг "Спартак"идан тортиб, Бангладешнинг "Муҳаммедан" жамоасигача, Малайзиянинг "Паханг" клубидан Саудия Арабистонининг "Ал-Ваҳда" ва Ҳиндистоннинг "Салгаокар" жамоаларигача – у қаерга борса, ўша ерда рақиб дарвозаларини қақшатарди. Масалан, 1992 йили Бангладеш чемпионатида 17 та гол билан яққол тўпурар бўлиши ёки Малайзия ва Саудия клубларида жамоани етаклаши унинг нақадар универсал ва кучли ҳужумчи эканини исботлайди. Унинг ҳар бир ҳаракатида, шиддатли юришларида ўша тарихий тонгнинг нафаси бор эди.
Тақдир ҳазилини қарангки, энг катта синов ва энг буюк ғалаба ҳам қачонлардир зилзила ва вайронагарчилик билан юзма-юз келиб, қайта тикланган шаҳарда – Япониянинг Хиросимасида юз берди. 1994 йилги Осиё ўйинлари. Мустақил Ўзбекистон терма жамоаси умид ва ҳаяжон билан майдонга тушди. Ҳал қилувчи лаҳзада саҳнага яна ўша "зилзила фарзанди" чиқди.
Турнирнинг энг ҳаяжонли онлари ярим финалга тўғри келди. Рақиб – Осиёнинг энг кучли ва мағлуб қилинмасдек туюлган жамоаси Жанубий Корея. Ўйин тақдири қил устида турган, асаблар таранг тортилган ўша асабий лаҳзаларда Азамат Абдураимов тарих саҳнасига чиқди ва ҳал қилувчи ғалаба тўпини киритди – 1:0! У бутун бошли Корея ҳимоясини ҳайратдан ларзага келтирди. Финалда эса Хитой устидан қозонилган шонли ғалаба (4:2) мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк ва энг катта чемпионлик сифатида тарихга муҳрланди.
Тарих ҳеч қачон адашмайди. 1966 йилнинг энг оғир баҳорида Тошкентда бир чақалоқ дунёга келганида, ҳеч ким бу гўдак кун келиб бутун бошли миллатнинг юзини ёруғ қилишини хаёлига ҳам келтирмагандир. Аммо ҳаётнинг ўз қонунлари бор – вайроналар ўрнида ҳамиша янги, янада мустаҳкам ва гўзал ҳаёт қад ростлайди.
Ўша мудҳиш, аммо умидбахш тонгга роппа-роса 60 йил тўлди. Тошкент зилзиласи билан тенгдош, вайроналар ичида дунёга келиб, кейинчалик миллатнинг қаддини тиклашда ўз ҳиссасини қўшган қаҳрамонимиз бугун ўзининг қутлуғ 60 ёшини қарши олмоқда.

Азамат Абдураимов мустаҳкам ҳаётнинг, халқимизнинг ҳеч қандай офат олдида синмайдиган иродасининг тирик тимсолидир. Отаси Биродар Абдураимовдан мерос қолган буюк футболчилик гени ва Тошкент зилзиласидан олинган табиий қудрат уни майдондаги енгилмас жангчига айлантирди.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.


