

– Учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Бугун таркибда ротациялар қилдик. Мирқодировга ва Кенжаевга дам бердик. Сабаби, барибир ёшларни ҳам ўйнатиб туриш керак. Яна ўйин бошидаёқ гол ўтказиб юбордик. Бу борада диққатни жамлаш етишмаяпти, яккакурашларда ютқазяпмиз, хуллас, ўша вазиятларда қандайдир кичик деталлар камлик қиляпти. Бугун бешта ўзгаришдан фойдаландик ва ўйинни кучайтиришга ҳаракат қилдик. Жарима зарбаси белгиланганда тушунмовчилик юзага келди – ҳакам ҳуштак чалдими ёки йўқми, дарвозабонимиз ҳали ўз жойига қайтмаган эди. "Термиз" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Фикрларим шулардан иборат.
– Ротацияларга сабаб рақиб "ТерДУ" жамоаси бўлганими ёки шунчаки шундай тўғри келдими?
– Йўқ, ундай эмас. Масалан, Мирқодировнинг ҳисобида учта сариқ карточка бор эди. Уни бироз аядик, чунки у ўйин давомида тез қизишиб кетадиган футболчи. Уни Самарқанддаги ўйинга тайёрлаш мақсадида, раҳбарият билан келишган ҳолда шундай қарорга келдик. Кенжаев масаласига тўхталсак, ёшларга ҳам имконият бериш керак. Ўз уйимизда ўйнаётганимизда имконият бермасак, уларга қачон берамиз? Ўзгаришлар мана шунинг ҳисобидан амалга оширилди.
– Абдувакил Хикматиллаевни ҳақиқатан ҳам анча юқори чизиққа қўйиб ўйнатяпсиз. Бу қарорингиз кутилмаларни қай даражада оқлаяпти?
– Оқлаяпти. У аслида чап қанот ҳимоячиси ҳисобланади. Лекин бизнинг ўз режаларимиз ва ўйин услубимиз бор. Шу асосда у олдинга ўтиб, юқорироқ позицияда ҳаракат қиладиган вазиятлар бўлади. Умуман олганда, у ўзига юклатилган вазифани 85 фоизга бажаряпти.
– Кейинги ўйин Ўзбекистон кубоги доирасида "Динамо"га қарши бўлиб ўтади. Раҳбарият томонидан кубок баҳслари учун қандайдир мақсад ёки вазифа қўйилганми?
– Кубок баҳсларида гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун ҳаракат қиламиз. Олдимизда иккита кучли жамоа турибди. Масалан, "Локомотив" ҳозир яхши формада. "Динамо"да бироз молиявий муаммолар бордек кўринса-да, барибир улар ўтган йили кучли учлик учун курашган жамоа ҳисобланади. Шунинг учун майдонга тушамиз ва муносиб ўйнаймиз. Йигитларимиз тажриба орттиради, асосий мақсад – уларнинг маҳоратини ўстириш.



