"Яйпан" – "Ғазалкент" баҳсида рўй берган ҳолат Лига Тартиб-интизом қўмитасида кўриб чиқилади

Sherzod Nurmatov
1 май 2026, 14:40
Кеча, 30 апрель куни Пролига 6-туридан ўрин олган “Яйпан” – “Ғазалкент” (1:2) учрашуви Ўзбекистон туманида бўлиб ўтди.

Учрашув якунланганидан сўнг мезбон клуб мухлислари техник зонани кесиб ўтиб, оммавий равишда майдонга тушиб кетган бўлиб, ундаги барча тафсилотлар Лига Комиссари билдиргисида акс этган.

Мухлислар учрашув ҳакамларига нисбатан кескин эътироз билдиришга уринган. Шунга қарамай, жамоат тартибига масъул ходимлар саъи-ҳаракатлари эвазига ҳакамлар хавфсизлиги тўлиқ таъминланган. Учрашув расмийлари, рақиб жамоа аъзолари ва техник ҳудудда бўлган бошқа шахсларга тан-жароҳатлари етказиш ҳолатлари кузатилмаган.

Мазкур масала Лига Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилади.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: pfl.uz