

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугунги баҳсни ҳамма кўрди. Яна нима дейишим мумкин, "Ғазалкент" жамоасига гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Таркибида ёш, югурадиган, чаққон йигитлар бор. Биз ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юбордик. Ҳакамлар айбини айтиш менинг зиммамда эмас, буни кўриб чиқадиган қўмита бор. Фақат битта савол: 80-дақиқада бизнинг футболчимиз бирга бир кириб бораётган вазиятда рақиб ўйинчиси тўхтатиб қолди. Ҳакам ҳатто қоида бузилиши ҳам бермади. Агар берганида балки ҳисоб 2:1 бўлиши мумкин эди. Ҳакамга "Кўзингиз борми?" деган гап учун "қизил" бераверса, билмадим энди. Биринчи бўлимда рақиб яхши ўйин кўрсатди, иккинчи бўлимда биз устунлик қилдик. Ютуқ ортидан мағлубият ҳам бўлиб туради. Нима деймиз энди.
- Биринчи таймда кўрдикки, ҳимоячиларингиз жуда бўш ўйнади. Жамоа бахтига дарвозабон Маърупов бир неча бор голдан қутқариб қолди. Иккинчи таймда айтганингиздек, жамоа ўзига келди. Танаффусда ўйинчиларга нима дедингиз?
- Тўғри айтяпсиз, биринчи бўлимда негадир ўтириб қолдик. Бизда вазият кўп бўлди дея олмайман. Уларда ҳам, бизда ҳам вазиятлар бўлди. Биз қарши ҳужумда ўйнаб қолдик. Бу баҳона эмас, лекин шамол бу томонга эсгани учун биринчи таймда тўп умуман юрмади. Футболчиларимиз шундоқ ютамиз деган эркинликка берилиб қолди. Ҳартугул иккинчи бўлимда ўзимизга келиб олдик.
- Ўйин охирларида рўй берган вазият, берилган қизил карточка йигитлар руҳиятига таъсир кўрсатмайдими?
- Албатта, таъсир кўрсатади. Бу ўйин майли ўтди-кетди. Лекин кейинги учрашувни "Арал"га қарши ўтказамиз. Биз энг яхши футболчиларимизни йўқотдик. Берилган карточка фақат кейинги турга эмас, ундан кейинги учрашувларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Бугун ҳеч қанақа ротация қилиш ниятим йўқ эди. Аммо икки нафар футболчимизни алмаштирганим ўз таъсирини кўрсатди. Аслида мен ротация қилмоқчи эмасдим, ўзи табиатим шу: ютган таркибни ўзгартирмайман. Лекин бугун иккита ўзгариш ўйинни ўзгартириб юборди.
- Иккинчи таймда кўрдик, деярли майдон четига келиб кўрсатма бермадингиз. Асосан ёрдамчингиз чиқиб гапирди. Жамоа ўйинидан қониқиш ҳосил қилганингиз учун шундай бўлдими?
- Ўйиндан олдин менда ҳаяжон бор эди. Мактаб кўрган футболчиларга эга жамоа билан ўйнадик. Рақиб ёшлардан иборат бўлса ҳам, худди терма жамоадек яхши ҳаракат қилди. Мен ўрнимдан тураверсам баҳсни яхши кузата олмасдим, шу боис ўтириб жим кузатишни маъқул кўрдим. Керак пайтда бир-бир чиқдим, кўнглим ҳам тўқ эди.

- Жамоа бир киши кам бўлиб қолса ҳам яхши ўйин кўрсатди. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати тетик экан. Улар билан бу борада алоҳида мураббий ишлаяптими? Клубда моддий муаммолар йўқми?
- Моддий муаммолар йўқ ҳисоби. Имкониятимиз "Ғазалкент" даражасида бўлмаса ҳам ҳартугул ҳаракат қиляпмиз. Уйда тўп тепганимиз ҳисобига камчилик бўлиб қолган бўлсак-да, буни сездирмасликка ҳаракат қилдик. Фақат иккинчи голдан кейин вақт етмай қолди.
- Жамоа ҳимояга эътибор бериб бир очко олиши ҳам мумкин эди.
- Тўғриси, биз дурангни ўйламагандик. Қизил карточкадан кейин ҳам мақсадимиз ғалаба эди. Бир киши кам ютиб кетсак бўларди. Аммо иккинчи "қизил"дан кейин кучимиз етмай қолди. Стандарт вазият панд берди.
- Ўйин тугаганидан кейин юз берган ҳолат бўйича "Яйпан" клуби жаримага тортилиши мумкин. Ўйинчилар ҳакамни урмоқчи бўлишди.
- Ҳаммаси эмоциядан бўлди. Лекин ҳеч кимнинг ҳакамни уриш нияти йўқ эди. Тўғри, футболчилар азартда борди, лекин ҳеч ким ҳакамга қўл кўтармади. Четдан қараганда бу ҳолат хунук кўринди. Бундай вазиятда ўзини ушлаб туриш осон эмас, буни футбол ўйнаган билади.
- Иккинчи қизил карточкали вазиятда ҳакам билан тортишиш керакмиди? Нега футболчингиз бундай йўл тутди?
- Тўғри гапирдингиз. Ўйиндан олдин йигитларга ҳакам Суперлигани бошқарган, тажрибаси бор деб айтгандим. Ҳакам билан гаплашиш бефойда. Бу вазиятни биз ҳам жамоа ичида таҳлил қиламиз, агар футболчимиздан айб ўтган бўлса, ўзимиз уни жазолаймиз.



