Илҳом Мўминжонов: "14 очко билан пешқадамлик қилишда давом этяпмиз"

30 апр 2026, 22:55
Про-Лига 6-туридан ўрин олган "Металлург" - "Олимпик Mobi Uz" (1:1) баҳсидан сўнг бекободликлар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Бугун қизиқарли ўйин гувоҳи бўлдик. "Олимпик Mobi Uz" бир неча мавсумдан буён шаклланиб келаётган жамоа. Ғалаба учун майдонга чиққандик, аммо бу футбол. Сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбордик. Йигитларга ўйин учун миннатдорчилик билдираман. 14 очко билан пешқадамлик қилишда давом этяпмиз. Бугунги ўйиндаги хатолар устида ишлаб, кейинги ўйинга эътибор қаратишимиз керак. Сафарда ўйнаймиз", - дея гап бошлади Илҳом Мўминжонов.

- Ўзгаришлардан кўнгилингиз тўлмадими? Максвелни майдонга тушириб, кейин яна захирага олдингиз...
- Захирадаги ўйинчилар яхши қўшилиб кетишди. Максвел жароҳат олди ва уни алмаштиришимизни илтимос қилди. Ҳужумчи ўрнига яна бир ҳужумчини майдонга туширдик. Бор имкониятларимиздан ўзимиз фойдалана олмадик. Йигитлардан кўнглим тўлди. Марказий ярим ҳимоячи Йочич ҳам 70 дақиқада жароҳат олди. Шифокорларимиз унинг ҳолати бўйича маълумот беришади.

- Ўзбекистон Кубогига қандай режа ва мақсад қўйилди?
- Бу ҳақда кўп айтдим. Асосий мақсадимиз - Суперлига. Кубок баҳсларида ғалаба учун майдонга тушамиз.


Манба: championat.asia