

Ўйиндан кейин "Каттақўрғон" бош мураббийи Ёрқин Назаров матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Яна бир бор ҳаммани муҳим уч очко билан табриклайман. Ғалаба қозониш осон бўлмади. "БухДУ" охирги ўринда бораётган бўлишига қарамай яхши ҳимояланди. Бизда голгача ҳам имкониятлар бўлди. Қийналиб бўлса-да, учрашув охирида гол уриб ютиб кетдик.
- Таркибда ротацияга қўл урганингизни кўрдик. Бир нечта футболчилар захирадан жой олишди. Бу нима билан боғлиқ?
- Ўйинимизда ўзгариш бўлсин деб ротация қиляпмиз, уни буёқда, буни уёқда синаб кўряпмиз. Биз янги жамоамиз ва захира ўриндиғимиз ҳам ёшлардан иборат. Ҳар хил вариантларни синаб кўряпмиз. Бугун ротацияга қўл уриб бошқа усулни синаб кўрдик ва бу борада муаммо йўқ. Тажрибали футболчилар иккинчи бўлимда майдонга тушиб, жамоамизга фойда келтирди.
- Бу сафар индивидуал маҳорат эвазига урилган гол ғалаба келтирди. Бундай ҳолат аввалги баҳсларда ҳам бўлганди. Лекин узоқ мавсум давомида фақат индивидуал маҳоратга ишониб натижа кўрсатса бўладими? Бу саволни берганим, йигитлар майдонда бир-бирини яхши тушунмаётгандек. Бу муаммони қандай ҳал қилмоқчисиз?
- Айтиб ўтганимдек, биз ҳали янги жамоамиз. Футболчилар турли клублардан келган. Ҳозирча олтита учрашувда майдонга тушиб тўрт ғалаба, бир дуранг ва бир мағлубият қайд этдик. Энг биринчи навбатда бизга натижа керак, хаёлимиз фақат уч очкони қўлга киритишда. Тўғри, ҳозирча индивидуал маҳорат билан ютяпмиз. Кучли футболчилар шунақа пайт ўзини кўрсатади. Жамоавий ўйин қилайлик десак тўп дарвозага кирмаяпти. Бу йўл билан гол урмасак, бошқа йўл билан ҳаракат қиламиз. Натижага эришиш учун ҳар хил тактикани синаб кўряпмиз. Етакчи жамоалар билан бир қаторда бораётганимиз бизни хурсанд қилмоқда.
- Пролигада кимлар етакчи эканини биламиз. Шунга қарамай сизнингча, кимлар Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб боради?
- "Металлург" яхши футболчиларни йиғган. "Шўртан" ҳам яхши жамоа, уларнинг ўйинчилари ўтган йил Суперлигада ўйнаб катта тажриба тўплашди. "Арал" ҳам яхши жамоа, сабаби ҳозирги таркиб билан мураббийлар штаби учинчи ё тўртинчи йил бирга ишламоқда. Бу жамоалар қаторига ўзимизни ҳам қўшамиз. "Каттақўрғон" янги жамоа бўлгани билан клубимиз олдига мақсад қўйилган. Суперлигага чиқиш учун охиригача курашамиз.
- Тез орада Ўзбекистон Кубоги старт олади. Кубок ўйинларига қандай қарайсиз?
- Кубок бўйича жамоамиз олдига ҳеч қандай вазифа қўйилмаган. Таркибда ротация бўлади. Лекин мураббий сифатида мен жамоамиз гуруҳдан чиқишини хоҳлайман. Қаергача боришимиз нафақат мен, балки футболчиларимиз учун ҳам қизиқ бўлади.



