Зайниддин Тожиев: "Йигитлар олдиларига қўйилган вазифани бажаришди ва ғалабага эришдик"

30 апр 2026, 21:21
Пролиганинг 6-тури доирасидаги "Яйпан" - "Ғазалкент" (1:2) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Зайниддин Тожиев матбуот анжуманида қатнашди.

- "Ғазалкент" мухлисларини ғалаба билан табриклайман. Йигитларим режа асосида ишлаб беришди. Биринчи бўлимни юқори прессинг асосида рақибни ўз ярим майдонида ушлашга ҳаракат қилдик. Бу қўлимиздан келди, яхши имкониятлар бўлди, бундан фойдалана олмадик. Биз кўплаб вазиятлар яратиб, голлар ура олмаяпмиз, бугун пенальтидан фойдалана олмадик. Олтинчи турга келдик, йигитларда чарчоқ аломатлари сезилмоқда. Жамоа ёш, бундай циклда ўйнаш жуда қийин. Лекин улар олдиларига қўйилган вазифани бажаришди ва ғалабага эришдик.

- Жамоа ўтган ўйинда ҳам бугун ҳам оддий голлар ўтказиб юборди. Ҳимоячилар хато қилаётгандек туюлмаяптими?

- Туюлмоқда. Улар энди-энди тажриба орттирмоқда. Бизнинг олдимиздаги вазифа - уларни катта футболга етказиш. Шундай рақобатда ушбу футболчилар ўсишга эга бўлишади, ўзига бўлган ишонч ошади. Бундай хатоларнинг келиб чиқиши сабаби - уларнинг ўзларига бўлган ишончининг камлиги сабаб. Футболчилар эса руҳан шу ҳолатга кириб кетади. Бизда психологлар бор, улар жамоага ёрдам беради. Лекин барибир шундай ўйинлар орқали футболчилар тажриба орттиради ва кейинги ўйинларда бундай хатолар қилмасликка ҳаракат қилади. Ўйинни тахлил қилгандан кейин шу хатолар устида ишлаймиз ва буларни бартараф қилишга ҳаракат қиламиз.

photo_2026-04-30_20-37-51.jpg

- Саволим Абдураҳмон Абдуллаев ҳақида. Яхши ҳужумчи, кўп ҳаракат қилади. Лекин ҳужумчининг вазифаси гол уриш. Бугун ҳам ўтган ўйинларда ҳам 99 фоизлик имкониятлардан фойдалана олмаяпти. Сиз ўзбек футболи учун топ-даражадаги ҳужумчи бўлгансиз. Қандайдир ишланмалар бўлмаяптими?

- Дарвоза ёнида индивидуал машғулотлар ўтказамиз. Бу барибир ҳаяжон билан боғлиқ. Биз уни катта футболга тайёрлаяпмиз. Майли ҳозир гол ура олмаяпти. Кейингисида урар, ҳудо хоҳласа. Бир-иккита вазиятдан гол ура олмаса, умуман гол ура олмайди, деганимаску. Биринчи давра якунигача 6-7та гол уришига ишонаман. Уни 8 ёшидан бери биламан, имкониятларини кўрганман. У гол урмай, урмай, бир урса, бешталаб гол уриб ташлаши мумкин. Чунки унинг одати шунақа. Лекин у ўзининг меҳнатини доимо оқлайди. Игорь Сергеевни мисол қилиб олайлик, Самвел Бабаян ҳам уни қора ишларга кўмиб ташларди. Абдураҳмон ҳам шундай, қора ишларни кўп бажаради. Сергеев ҳам ўша пайтлари унчалик зўр ҳужумчи эмасди-ку, тўғрими? Бизнинг шогирд ҳам ҳозир айнан ўша Сергеев каби. Меҳнат орқали у ўша даражага етади. Бунинг учун у тўсиқлардан ўтади, фақат сал сабр ва болага ишонч керак. Биз ишоняпмиз, унда ҳали ўсиш бўлади. Бунинг учун етарлича шароитлар яратиб беряпмиз.

- Қаторасига иккинчи ўйинда "Ғазалкент" жамоасига гол урган футболчи голини нишонламади. Менимча ушбу футболчиларга бир вақтлар бош мураббий бўлгансиз. Бу голлар Сизга қанчалик таъсир ўтказади?

- Голларнинг менга ҳам қувонч бериши бўлиши мумкин. Чунки уларни кичкиналигидан тарбиялаб келардик. Олимпия захиралари коллежидан кейин бошқа жамоаларга ўтиб кетишди. Ўшанда биз ҳам қаршилик кўрсатмаганмиз. Қаерда бўлса ҳам футболчи бўлиб кетишини истаганмиз, оқибатни йўқотмаганмиз. Бу ўша ҳаракатларнинг қайтими деб ўйлайман. Абдувоҳид Охтаев қўл остимда ўйнади. Муслим Ҳабибуллаев биз орқали терма жамоаларда ҳаракат қилди. Бу футболчилар голини нишонламасдан ҳурматини намойиш қилиб берди. Бизнинг меҳнатларимиз бесамар қолиб кетмади. Уларнинг футболчилигига қандайдир таъсир ўтказдикки, улар буни унутишмади.

- Жамоа жуда ёш. Турли ёшдаги термаларнинг ўзаги. Энди муаммо томони шундаки, кўплаб футболчилар термалар йиғинларига чақирув олишмоқда. Бу жамоанинг навбатдаги ўйинларига қанчалик таъсир ўтказади?

- Бу қийинчилик туғдиради. Бошқа жамоаларнинг таркиби жуда катта. Бизда рўйхатдан ўтказилмаган футболчилар ҳам бор эди. Йил бошида режа қилинганда футболчиларнинг термаларга кетишини ҳам ҳисобга олиш керак. Садиржонов билан Рўзибоевни ўйин бошидан ўйнатдик. Чунки улар икки ўйиндан кейин термага кетишини билардик. Шу орқали улар жамоа ихтиёрида бўлиб турган пайтда хизматидан фойдаланиб олдик. Улар ўз тажрибасини ҳам олди. Шу сабабли улар руҳан ҳам термага тайёр бўлиб боради.

- Коршуновнинг медиалигадаги ўйинларини кўрганмиз. У профессионал футболда ҳам чиройли ўйнаб юборишга ҳаракат қилмаяптими? Агарда чиройли ҳаракатлар қилиб юборса, рақибларнинг жахлини чиқариб юбориши ва унинг жароҳат олиши эҳтимоли ошади.

- Унинг оёғи жуда тез. Тўп тушиб қолса, ундан тўпни олиб қўйиш жуда қийин. Уни асосий таркибда ҳам ўйнатиб кўрдик. Бироқ у захирадан ўйинга қўшилса, кўпроқ фойдали бўларкан. Чунки рақиб жамоа чарчаб қолганда, уни қанотга қўйсак, ўз дриблинги орқали ўйинни кучайтириб бера олади ва тепиши керак бўлгана жойда иккиланмасдан тепаверади.


Манба: championat.asia