Японлар меҳрини қозонган ўзбек футболчиси! (Фозил Мусаев билан суҳбат)
02 янв 2018 12:11
Янгиликлар
Японлар меҳрини қозонган ўзбек футболчиси! (Фозил Мусаев билан суҳбат)
Айтиш жоизки, илк ўзбек футболчиси кунчиқар юрт мамлакатининг чемпионатида иштирок этди. Иқтидорли ярим ҳимоячи “Жубило Ивата”нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланди ва у барқарор ўйин намойиш эта олди. Имкон қадар унинг Япониядаги фаолияти билан қизиқиб турдик. Қувонарлиси, Фозил японияликларнинг меҳрини тезда қозонди. Мавсум якунлангач, уйига қайтган футболчи билан боғланишга ҳаракат қилдик ва у биз учун вақт ажратди.
- “Жубило Ивата” мавсумни 6-ўринда якунлади. Сиз 31 учрашувда майдонга тушиб 4та гол урдингиз. Япониядан қандай таассуротлар билан қайтдингиз?
- Ҳаммаси ажойиб. Таассуротларим яхши бўлди. Албатта, ҳамма жойда ҳам бошида мослашиш қийин кечади. Барибир бошқа мамлакат ва бошқа одат... Вақт ўтган сари у ерга кўникдим. Мен учун ҳаммаси яхши бщлди, хавотирга ўрин йўқ.
- У ерда муҳит ҳам бошқача бўлса керак-а?
- Қанақа муҳит?
- Футбол муҳитини назарда тутяпман.
- Ҳа, албатта. Бу борада ҳаммаси ажойиб. Футболга бўлган эътибор, яратилган шароит, қўйингки, ҳамма-ҳаммаси аъло даражада.
- Жамоангиз қайд этган натижа мақсад бажарилганини билдирадими ёки бундай эмасми?
- Йўқ, ҳаммаси жойида. Биз Осиё Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринларга кириб олишга ҳаракат қилгандик. Лекин бундай бўлмади. Аммо жамоамиз ёмон натижа кўрсатгани йўқ. Ҳарқалай раҳбарият ва мухлислар биздан қониқиш ҳосил қилишди.
- Япония чемпионатида тўп тепган биринчи ўзбек футболчиси бўлдингиз. Қолаверса, барқарор ўйин кўрсатдингиз. Японияда бундай кўрсаткич билан ҳаракат қилиш осон эмас. Айтинг-чи, у ерда футболчилардан нима талаб қилинади? Япония чемпионатида асосий эътибор нимага қаратилади?
- Уларда техник ва тактик футболга талаб кучли экан. Тўғри, японлар жисмоний тайёргарликка ҳам эътибор қаратишни унутишмайди. Агар ўзимиздаги машғулотлар билан солиштирсак у ерда ҳаммаси бошқача. Япониядаги машғулотлар асосан янгича услубда, Европа муҳитидаги талаблар асосида бажарилади. Улар техник ва тактик тайёргарликка қараб футболчининг жисмоний ҳолатини ошириб боришади.
- Сизнинг Япония чемпионатига мослашиб кетишингизда биринчи навбатда нима ёрдам берди?
- Клубдагиларнинг менга бўлган эътибори. У ердаги ҳамма – раҳбарлар, мураббийлар, футболчилар, ишчи-ходимлар, умуман барча менга ҳурмат билан қарашди. “Жубило Ивата” клубида ички муҳит аъло даражада. Бу ҳам менинг тезроқ мослашишимга катта туртки бўлди.
- Жамоа бош мураббийи Хироши Нанами, ўз вақтида машҳур футболчи бўлган. Япония терма жамоасидаги ўйинлари орқали ҳам мухлисларимизга яхши таниш эди. Унга қандай таъриф берасиз?
- Ҳақиқатан ҳам унинг кучли мураббий эканлиги билинади. Ўз вақтида таниқли футболчи бўлгани ҳам иш жараёнида сезилиб туради. Нанамининг техник ва тактик футбол бўйича ҳам билимлари юқори даражада. Шунингдек, у ким бўлишидан қатъий назар, ҳаммага бир хил муносабатда бўлади. Керак пайтда хазиллашади, керак пайтда жиддийлашади. Қисқаси, уни ажойиб мураббий деб биламан.
- Япон тилини ўрганиб олдингизми?
- Шерикларим билан инглизчада гаплашаман. Чунки менда шу тил бўйича таржимон бор. Аммо япон тилини оз-моз бўлса-да, ўзлаштириб олдим. Янада яхшироқ ўрганиш ниятим бор. Шахсий ўқитувчи ёллаб бўлса ҳам япон тилини ўрганмоқчиман. Бунинг учун менга ёрдам берадиган 5-6та дўстларим ҳам бор.
- Рости, сизнинг Японияга кетишингиз кутилмаган янгилик бўлганди. Уларнинг таклифини қабул қилиш таваккалчиликмиди ёки қатъий ишонч?
- Йўқ, нега таваккал қиламан? Қаерга кетаётганимни билардим, Япония чемпионатининг кучли эканлигидан ҳам хабарим бор эди. Яна нимага таваккал қилишим керак?
- Ҳар ҳолда янги муҳит, янги чемпионат. Умуман олганда, бу сиз учун янги чақириқ эди.
- Сизни тушундим. Аммо бу мен учун таваккал эмасди. Ўзимга бўлган ишончим катта эди. Қолаверса, мен биринчи марта легионер бўлиб ўйнаётганим йўқ. Бунгача Эрон чемпионатида тўп сурганман. Япония чемпионатида ҳам ўзимни синаб кўриш ниятим бор эди.
- Япониядаги бир йиллик фаолиятингиздан кейин олдинги ва бугунги Фозил Мусаев ўртасида қандай фарқ бор?
- Билмадим. Ўзимга ўзим бир нима дея олмасам керак. Ўша ерда ўйинимни кўрганлар гапирса яхши бўлади.
- Уларда футболга ёндашув қандай экан?
- Ўзимда йўқ нарсани улардан ўргандим. Японияда футболни севишади ва доим жиддий қарашади.
- Кейинги йили ҳам у ерда фаолиятинни давом эттирасизми?
- Ҳа, шундай. Клуб билан яна бир йиллик шартномам бор.
- Японлар сизнинг ўйинингизни кўргач, энди бошқа ўзбекистонлик футболчиларни ҳам кузатаётган бўлишлари мумкин. Мабодо қайсидир ўйинчимизда бундай имконият пайдо бўлиб қолса, аввало ўзбекистонлик футболчи нималарга этибор қаратиши керак?
- Японияликлар легионер олаётганда уни ҳар томонлама ўта синчковлик билан текширишади. Футболчининг ўйин услуби барқарорми, ўзларининг ўйинига мос тушадими, жамоага келгач бурилиш қила оладими, агар барча талабларига мос келса, уни албатта чақиришади. Бундай вазиятда ҳамма нарса футболчининг ўзига боғлиқ.
- Ўзбекистонлик қайсидир футболчини Япония чемпионатида ўйнаб кета олади деб айта оласизми?
- Билмадим. Кимнидир алоҳида айта олмасам керак. Албатта, ҳамюртим Японияга келиб ўйнаса ўзига ҳам, менга ҳам яхши. Барибир барчаси унинг ўзига боғлиқ. Бу ерда зўр ўйнаётган футболчи у ерга борганда ўз ўйинини йўқотиб қўйиши мумкин. Балки бу ерда унга муҳит ёки бошқа нарса ёқмаслиги ҳам мумкин. Легионер бўлиб ўйнаш жуда қийин.
- Япониядаги ҳаётга кўникишда таомлардан қийналмадингизми?
- Таомлари масаласида ҳеч қандай муаммо бўлмади. Уларнинг овқатлари жуда мазали, менга роса ёқди.
- "Кунчиқар юрт" мамлакатидаги фаолиятингиз давомида ўзингиз учун ёдда қоларли ўйинлар бўлдими?
- “Кавасаки Фронтале”ни 5:2 ҳисобида ютган ўйинимиз ёқимли таассурот қолдирди. Бундан ташқари, “Урава Редс” билан бўлиб ўтган учрашув ҳам ажойиб кечди. Японияда биринчи голимни “Шимицу” дарвозасига киритдим. Ўша ўйин ҳам ёдимда сақланиб қолди.
- Японияда футболга эътибор маҳаллий матбуот томонидан ҳам кучли, тўғрими?
- Ҳа, ОАВнинг эътибори жуда юқори. Ҳар бир ўйинга камида 30-40 нафар журналист ва яна шунча фотомухбирлар келишади. Ҳақиқатан ҳам Японияда матбуотнинг ўрни катта. Оддий мисол, жамоамизнинг ҳар бир машғулотига камида 6-7та журналист келади. Бу ҳар куни содир бўлади ва ҳар бир машғулотимиздан кейин журналистлар исталган футболчидан ўзларини қизиқтирган саволга жавоб олишади, интервьюлар уюштиришади.
- Япониядаги ҳаётингиз давомида сизни нима ҳайрон қолдирди?
- Масалан, одамларнинг бир-бирига бўлган ҳурмати. Уларда бундай жараён жуда кучли. Аслини олганда, мени ҳайрон қолдирган нарсалар жуда кўп бўлди. Лекин ҳар бирини бирма-бир айтиб бера олмасам керак. Албатта, фаолиятим давомида ўзим учун кўп янгилик олдим ва ҳатто, ҳаётий томонлама ҳам анча нарсани ўргандим деб айта оламан. Японияда ўзим учун мутлақо кераксиз бўлган нарсаларни кўрмадим. Уларни ҳар томонлама намуна сифатида кўрсатсак арзийди.
- У ерда ўйнаётганингиздан бери ўзбек футболига бўлган эътиборингиз сусайиб қолмадими?
- “Championat.asia” сайти орқали доимо ўзбек футболидаги янгиликлардан хабардор бўлиб турдим. Онлайн орқали олий лига ўйинларини кузатиб бордим.
- Ўзбек футболида охирги пайтларда катта ўзгаришлар бўляпти. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?
- Бир нима дея олмайман. Агар содир бўлаётган ишлар футболимиз учун яхшилик олиб кирса, бундан албатта хурсанд бўламан. Лекин мен ҳам ҳар бир ўзгаришни кузатиб боряпман.
- Кун тартибидаги муҳим масалалардан бири миллий терма жамоамизга бош мураббийни тайинлашдир. Бу борада сизнинг муносабатингиз қандай?
- Табиийки, бизга кучли савиядаги хорижлик мураббий керак. Аммо номзодлар ҳақида бир нима дея олмайман. Улар ҳақиқатан номзодми ёки йўқми, буниям билмайман. Бизга тактик жиҳатдан, умуман, ҳар томонлама кучли мураббий керак.
- Ҳар ким ўзи учун ўтган йилни сарҳисоб қилади. Фозил Мусаев учун 2017 йил қандай ўтди?
- Клуб миқёсида оладиган бўлсам, ҳаммаси яхши кечди. Аммо миллий терма жамоа масаласида бундай дея олмайман.
- Дарҳақиқат, терма жамоамиз жаҳон чемпионати йўлланмасидан четда қолди. Сизни ҳам расмий ўйинларга чақиришди, аммо ҳар сафар захирада қолиб кетавердингиз. Бу ҳолат хафа қилдими?
- Ҳа, қайсидир маънода мени ҳам хафа қилди. Нима учун майдонга туширишмади, билмайман. Агар жамоамиз жаҳон чемпионатига чиққанида ҳам майли эди. Афсуски, жаҳон чемпионатига яқин келган жойимиздан узоқлашиб кетдик. Албатта, бу вазиятда футболчи сифатида ўзим учун хулосалар чиқардим.
- Бизга ҳам қизиқ, айтинг-чи, айнан қандай хулосаларга эга бўлдингиз?
- Ўз хулосаларимни сизга аниқ айта олмасам керак. Кўрдингиз-ку, охирида бизга нимадир етмай қолди. Ўзи доим шунақа бўлади. Фикримча, бизга хорижлик мураббий керак.
- Японияга қачон қайтасиз?
- 14 январда учиб кетаман. Жамоамиз билан тайёргарликка киришамиз.
- Япония чемпионати савияси ўсиб боришида кўпроқ нималар асосий туртки бўляпти?
- Ўзларининг ўйинчилари кучли. Қолаверса, Япония чемпионатига кучли легионерлар келади. Футболга бўлган эътибор, шароит, умуман мана шундай нарсалар туфайли улар анча ривожланган. Шунингдек, клубларда ишлаётган мураббийлар ҳам ўз вазифасини жуда яхши бажаришади. Футболчиларга қандай кўрсатма беришни ҳам билишади.
- Агар солиштирган бўлсангиз, бизнинг чемпионат уларникидан қай даражада орқада деб ўйлайсиз?
- Ўзимизнинг чемпионатни ёмон ёки орқада қолиб кетган деган фикрларни айтмоқчи эмасман. Шунчаки биз улардан кўп нарса ўрганишимиз мумкин. Стадионлар, мухлислар, шароитлар, умуман кўп жиҳатлар бўйича ўрганса бўлади. Лекин бизда ҳам ижобий ўзгаришлар бошланди деб умид қиламан.
Фирдавсхон суҳбатлашди.
"Футбол Экспресс" газетаси
Фикрлар