Интервью. Андрей Шипилов: "Уч йил ҳеч қаерда кўзга ташланмадим, "Зенит"да малака оширдим"
12 дек 18:23
Янгиликлар
Интервью. Андрей Шипилов: "Уч йил ҳеч қаерда кўзга ташланмадим, "Зенит"да малака оширдим"
Жамоани тажрибали мутахассис Андрей Шипилов қабул қилиб олди. "Пахтакор", Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоасида, "Металлург", "Динамо" каби жамоаларда ишлаган мураббий эндиликда "шунқорлар"га устозлик қилади. Биз Андрей Шипилов билан боғланиб, уч йилдан кейин қайтгани, "Қўқон-1912"га келиши, таркиб ва мақсадлар ҳақида суҳбатлашдик.
- "Қўқон-1912" жамоаси бош мураббийига айландингиз. Бу қандай юз берди?
- Барчаси тезда ва оддий юз берди. Ўзаро ички суҳбат бўлиб ўтди. Клуб раҳбарияти томонидан профессионал таклиф бўлди. Чамаси 24 соат ичида ҳал қилдик. Мен учун музокараларга жиддий ёндашишди.
- Охирги бор 2022 йил Самарқанднинг "Динамо" жамоасида фаолият олиб боргандингиз. Уч йил мураббий учун катта танаффус эмасми? Қайтиш қандай ҳиссиётларни берди?
- Тўғри айтдингиз, уч йил кўзга ортиқча ташланмадим. Мен оддий одамман ва шундай ҳаёт тарзини маъқул кўраман. Албатта, бу орада интервью сўраб мурожаат қилганлар етарлича бўлди. Қайсидир учрашувларни бевосита стадиондан томоша қилдим. Мен мунтазам равишда ташриф буюрадиган "Локомотив" футбол клубининг стадионида ҳозирда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. "Жар"даги 2 та ўйинга ташриф буюрдим. Тахминан 20 йилдан буён иккита мамлакатда истиқомат қилиб келаман. Шунингдек, менга "Газпром Арена" стадионида "Зенит" жамоаси ўйинларини томоша қилиш ҳам ёқади. У ердаги муҳитни алоҳида таъкидлаган бўлардим.

- Бу даврда нима билан машғул эдингиз?
- Шахсий ва оилавий ишлар билан ҳам банд бўлдим. "Зенит" клубида малака оширдим. Аммо ушбу жараёндан ҳеч қандай суратлар тарқалмади, сабаби қилаётган ишларимни кўз-кўз қилишни ёқтирмайман. Мен эски авлод вакилиман (кулади).
Ҳиссиётлар? Мен бутун умрим давомида футболдаман. 6 ёшимда футболга келган бўлсам, деярли 50 йилдан буён футболдан бошқа иш қилмадим. Ҳамма ёш тоифаларидан ўтдим. Турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларда тўп тепдим. Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам яхши жамоаларда ўйнадим. Ҳа, мен балки топ футболчи эмасдирман. "Спартак"да (Москва) ўйнамагандирман. Лекин у даврдаги футбол даражаси ҳам анча юқори эди. Россия лигаларида, Ўзбекистон чемпионатида ҳам яхши савиядаги футболчилар кўп бўлган. Ўша давр билан бугунги кунни солиштиришни истамаган бўлардим. Бу шунчаки шахсий фикрим.
Мен бутун умримни футболга бағишладим. Футболнинг барча босқичларидан ўтдим, "B", "A" ва Про лицензияларига ўқидим. Бизга Германия, Швейцария, Даниядан жуда яхши мутахассислар келган. Миллий ва олимпия терма жамоалари, "Пахтакор" клуби билан Туркия, БАА, Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа жойларга хориж сафарига чиққанимизда, муносиб спарринг-рақиблар билан рўбарў келганмиз. Ахир, мен футболга вазирлик ёки бирорта давлат ташкилотидан келиб қолмаганман. Бутун умрим давомида футболнинг ичидаман. Жисмоний тарбия олийгоҳини тамомлаганман. У ерда бизга юқори савиядаги ўқитувчилар таълим берган. Про ва "A" лицензияларига ўқиш жараёнида ҳам кучли мутахассислар билан ишлаганмиз. Жумладан, маҳаллий устоз Рустам Акрамов ҳам. Ажойиб давр эди. Шунинг учун барчасини бошидан ўқиб ўрганишим шарт эмас. Ҳозирги даврда компьютер, интернет, телевизор бор. Маслаҳатлашадиган, фикр алмашадиган инсонлардан иборат кичик доирам бор.
- Янги жамоада олдингизга қандай мақсад ва вазифалар қўйилди?
- Мақсад ва вазифалар жуда оддий — клуб йилдан-йилга кучайиши зарур. Бу мавсум жамоа маълум ўринни эгаллади. Бунда мураббийлар штаби ва футболчиларнинг меҳнати самараси. Улар катта кўламдаги ишни бажаришди. Клуб юқори дивизионга қайтиб, ўрнини сақлаб қолди ва муносиб ўйин кўрсатди. Шунчаки, баъзи вазиятларда омад улардан бироз юз ўгирди. 2026 йилда эса мана шу натижани яхшилаш талаб этилади. Қандайдир кескин ўзгаришлар, катта қадамлар билан эмас, аста-секинлик билан. Уч-тўрт поғона юқорироқ, кейинги йил яна шундай ўсиш — бу ривожланиш. Бирданига эришиладиган ютуқларнинг умри қисқа бўлади. Сиз режа асосида, мустаҳкам пойдевор билан иш қилсангиз, самарасини узоқ йиллар кўраверасиз. Бу менинг шахсий фикрим.

- Кейинги мавсумда "Қўқон-1912"нинг таркиби қандай кўринишда бўлади?
- Таркиб? Тажрибали футболчилар етарли, улардан баъзилари 2025 йилда ҳам тўп тепган. Маҳаллий футболчилардан иборат ўзак мавжуд ва бу мени, албатта, қувонтиради. Сифатли легионерлар ҳам йўқ эмас. Таркибдаги рақобатни янада кучайтириш учун керакли нуқталарга янги футболчилар трансферини амалга ошириш зарур. Дарвоза чизиғимиз анча кучли, дея оламан. Уч нафар посбон меҳнат қилишади. Секин-аста бошқа чизиқларда ҳам вариантлар сонини оширишга ҳаракат қиламиз. Мисол учун, ҳужум чизиғида, қанотларда... Ўзимиздан ёш, иқтидорли футболчилар етишиб чиқса, яхши бўлар эди. Бироқ ҳозирча улар энг юқори даражада рақобат қилишга тайёр эмас. Шу туфайли, айтганимдек, зарур нуқталарга янги футболчиларни жалб қилишга уринамиз.
- Ортда қолган мавсум қайси томонлама қандай таассурот қолдирди?
- Биласизми, ортда қолган чемпионат шахсан менда икки хил таассурот қолдирди. Кўп жамоалар ўз имконияти даражасидан паст ҳаракат қилди. Улардан баъзилари бўлиши керак бўлмаган ўринларни эгаллашди. "Шўртан" жуда яхши жамоа, "Машъал" ҳам рақобат қила олади. Улар билан бирга менга "Хоразм" жамоаси ўйини ҳам манзур келди. Ҳаким Фузайлов ва спорт директори Рўзимбой Аҳмедовнинг меҳнати бор. Айтганимдек, айрим клублар имкониятларидан тўлақонли фойдалана олмагандек. Аммо уларнинг ишига батафсил тўхталиб ўтирмайман. Мени ҳозир фақатгина меҳнат шартномам бўлган "Қўқон-1912" жамоаси қизиқтиради.
Муносиб даражани ушлаб тура олган ягона клуб — "Нефтчи". Улар ҳақли равишда чемпионликка эришишди. Жамоа ғалабагача бўлган маълум йўлни босиб ўтди. Мураббийлар ва кўплаб футболчиларни ҳам эътироф этиш керак. Айрим ўйинчиларга алоҳида респект. Мисол учун, Йован Жокич, Боян Цигер, Икром Алибоев, Жамшид Искандеров... Яхши тайёргарлик кўрган Фарғона рақибларидан икки бош устун эди. Айнан 2025 йилда "Нефтчи" барча жиҳатлар бўйича ростманасига топ клуб бўлди. Еттинчи ва саккизинчи ўринларгача бўлган бошқа клублар унчалик ҳайрон қолдиришмади. Улар ўз имконияти даражасидан пастроқ натижа қайд этишди. Икки-учта жамоа аъзолари эса асирга олинганларга ўхшади. Улар майдонга ҳам мажбурликдан тушаётгандек тасаввур уйғонди, лекин бу — уларнинг ички иши, муаммоси. Виталий Левченко ва клуб раҳбариятига ҳам офарин дейиш мумкин.
Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" ўз уйида "Манчестер Сити"га ютқазди
ЕЧЛ. Дастлаб гол ўтказиб юборган "Барселона" якунда "Айнтрахт"ни мағлубиятга учратди
"Хоразм" Суперлигада қолди, "Бухоро" Нукусга боради
Николя Пепе: "Роналду Месси ҳақида жуда кўп гапиради. "Наруто"да ким тинмай валдирайди? Саске. Ким жим юради? Наруто"
Фикрлар
Нефтчи мухлиси
Майли урнига мен гапириб куяман.
Андижон да Энг Зур уйинларини уткизга у пайтларда Андижоннинг Навруз жамоаси эди