

"Бизда юқори савиядаги, иқтидорли футболчилардан иборат ажойиб терма жамоа борлигини биламиз ва буни топ-клубларда ўйнаётган футболчиларимиз сони ҳам тасдиқлайди, аммо бу ўз-ўзидан ҳеч нарсани англатмайди. Биз даъвогармиз, лекин яққол фаворитмиз демаган бўлардим. Бизда салоҳият етарли, аммо буни амалда кўрсатишимиз керак", – деди Франциянинг "Пари Сен-Жермен" клуби ярим ҳимоячиси АҚШнинг Палм-Бич шаҳридаги терма жамоа машғулотлари ўтказилаётган "Gardens North County District Park" мажмуасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Терма жамоа сафида 38 та ўйин ўтказган Витинья португаллар ҳар бир ўйинга алоҳида эътибор қаратиши кераклигини таъкидлаб, жамоа ўз мақсадларига эришиши учун яқин келажакдаги режалар энг муҳими эканлигини қайд этди.
"Камтар бўлиш, ҳар бир ўйинга алоҳида ёндашиш ва яқин келажак ҳақида ўйлаш лозим. Бизда иқтидор етарли, аммо унга фидойилик ва садоқатни ҳам қўшишимиз керак. Булар яхши натижаларга эришиш учун энг мукаммал уйғунликдир", – деди 26 ёшли ярим ҳимоячи.
"Бизда иқтидорли футболчилар кўп, бироқ мен босимдан кўра масъулият ҳақида гапиришни афзал кўраман. Биз фақат меҳнат ва фидойиликни кафолатлай оламиз, бу эса Жаҳон чемпионатида ўйнаш ва ҳали амалга оширилмаган ишларни бажариш демакдир. Ярим ҳимояда ва бошқа барча позицияларда сифатли ўйинчиларимиз бор", – дея таъкидлади у.
Жаҳон чемпионатининг финал босқичида иккинчи бор иштирок этадиган ярим ҳимоячи терма жамоа сафидаги голлари ҳисобини очишга умид қилмоқда, аммо буни асосий мақсад қилиб қўйгани йўқ. У, шунингдек, амалдаги икки карра Европа чемпионлар лигаси ғолиби ҳисобланган ПСЖдаги жамоадоши Жуан Невеш билан майдондаги ўзаро тушунишув ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
"Клубдаги динамикани терма жамоага олиб кириш мураббийларга қўшимча имкониятлар бериши аниқ, аммо якуний қарорни барибир бош мураббий қабул қилади. Ким майдонга тушишидан қатъи назар, мен хурсанд бўламан, асосийси – майдонда ҳаракат қилиш", – деди у.
Шунингдек, Витинья Португалия терма жамоасидаги тажриба ва ёшлик уйғунлигини юқори баҳолади ҳамда Португалия ва Аргентина ўртасидаги финал ғоясини "қўллаб-қувватлади".



