U-17 мундиал гуруҳ босқичи таҳлили: биз кучли эмасдик — плей-офф эса тақдир совғаси бўлди

Iskandarov Abdulaziz
29 ноя 2026, 13:03
Қатарда давом этаётган U-17 Жаҳон чемпионатида гуруҳ баҳслари якунига етди.

Энди навбат плей-оффга. Бир қарашда вазифа бажарилди-ку, яна нима истаяпсан дерсиз? Тўғри, гуруҳдан чиқиб олдик, аммо ўйинимиз, натижалар ва бошқа кўрсаткичлар ҳавотирларни тақдим қилгани ҳам бор гап.

Аслида биз бу мундиалга шунчаки иштирокчи сифатида боришимиз керак эмасди, чунки бизда яхши авлод етишиб чиқмоқда. 2006 ва 2008 йилларимиз ҳар ҳолда уялтириб қўйишмаганди. Бироқ мундиал шуни кўрсатдики, эски муаммоларимиз ўзгармаган, бу сафарги Ўзбекистон эса турнирнинг етакчи жамоалари фонида кучли жамоа эмасди.

Мураббий танлашдаги хато ва штабдаги "бўшлиқ"

Сергей Чигодаевнинг мураббийлик салоҳиятига шубҳа йўқдир — у "Бунёдкор" академиясида ёмон ишламаган, бизни илк бор Олимпиадага олиб чиққан авлодга устозлик қилган, Тимур Кападзенинг штабида йиллар давомида тажриба орттирган мутахассис. Аммо футболда "ўз жамоасини топиш" деган тушунча бор. Суперлига мисолида Хомяков "Бухоро"ни, Кападзе "Навбаҳор"ни яхши жамоага айлантирди. Шипилов ва қўқонликларнинг юлдузи-юлдузига мос келмади. Бу бир мисол, холос. Тан олиш керак, Чигодаев айнан шу авлодга мос мураббий эмасди. Албатта, у ҳеч кимнинг эшигини қоқиб, "мени шу термага қўйинглар" деб ялиниб бормаган. ЎФА терма жамоалар маркази ва Усмон Тошевнинг мураббий тайинлашдаги мантиқсиз қарорлари ҳақида аввал ҳам кўп ёзганман.

Масаланинг яна бир оғриқли томони шундаки, жамоага келган мураббий лоақал ўз атрофига шу ёш тоифасини ич-ичидан биладиган, ушбу футболчилар билан йиллар давомида ишлаган мутахассисларни жалб этиши шарт эди. Бугунги кунда мураббийлар штабимиз чиндан ҳам кучлими? Чигодаевга ёрдамчилик қилаётган Артур Кагировдан бошқа яна ким бор?

Жаҳон чемпионатидаги рақибларимизни ўйинини ким бориб ўрганиб келди? Таҳлилий гуруҳ борми, селекция гуруҳичи?

524614.jpg



2. Муҳаммад Ҳакимовнинг жароҳати бошқа муаммоларни очиб берди

Кот-д’Ивуарга қарши кечган очилиш баҳсида Муҳаммад Ҳакимов нафақат мудофаада ишончли ҳаракат қилди, балки ҳисобни тенглаштирган муҳим гол муаллифига ҳам айланди. Аммо унинг жароҳат олиб сафдан чиқиши ортидан ҳимоя чизиғимиз анча заифлашди. Аслида Ҳакимов асосий тайёргарлик йиғинларини Ислом Исмоилов қўл остидаги 2008 йилда туғилган футболчилар жамоасида ўтказганди. Демак, штаб унинг ўрнини боса оладиган муносиб муқобил вариантни умуман тайёрламаган.

524005.jpg


Рақамлар ҳам бу фикрни яққол исботлайди: гуруҳ босқичида Чигодаев бор-йўғи 14 нафар футболчига асосий таркибда ишонч билдирди. Ваҳоланки, гуруҳдошларимиз — Кот-д’Ивуар 17, Ямайка 16, Италия эса нақ 19 нафар футболчини илк дақиқалардан майдонга тушириб, балансни сақлаб турди.

Бизнинг барча ёш тоифасидаги терма жамоаларимизда сурункали касаллик бор: йил давомида 14 та йиғин ўтказилади, лекин ҳаммасига битта ўша-ўша ўзак футболчилар жалб этилади. Натижада рақиблар бизнинг ўйинимизни очиқ китобдек ўқиб бўлади, захира ўриндиғимиз эса шунчаки рўйхат тўлдириш учун олиб кетилади.



3. Тезкор голлар ўйинни ҳал қилди

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси гуруҳдаги учта ўйиннинг бирортасида дастлабки 10 дақиқани хотиржам ва тартибли ўтказа олмади. Бу шунчаки тасодиф эмас, балки ўйинга тайёргарликдаги асосий камчилик деса ҳам бўлади.

Кот-д’Ивуар — 7-дақиқадаёқ дарвозамизни ишғол қилди;
Ямайка — 8-дақиқада ҳисобни очди (гуруҳда фақат бизга 2 та гол урди);
Италия — яна ўша 7-дақиқада дарвозамизга йўл топди. Демак Италия аввалги 2 та ўйинимизни синчковлик билан ўрганган ва ожиз нуқтамизни билган.

Биринчи бўлимларда ташаббус тўлиқ рақиблар қўлида бўлди. Айниқса, Италияга қарши беллашувнинг биринчи таймида Европа гранди ўйин тақдирини амалда ҳал қилиб қўйди: рақиб 2.24 xG кўрсаткичи қайд этиб, дарвозамиз томон 11 та зарба (6 таси аниқ) йўллади, бизнинг йигитлар эса бирор-бир кескин вазият ярата олишмади. Иккинчи бўлимда италияликлар сафидаги қизил карточкадан сўнггина олдинга ўтишга журъат этдик, аммо поезд аллақачон кетиб бўлганди.

525063.jpg

Агар бир хил хато учта ўйинда кетма-кет такрорланаётган бўлса, демак, мураббийлар штаби ўйинлар оралиғида хатолар устида ишламаяпти. Гуруҳда ўз дарвозамиздан 7 та тўп олиб чиқдик, рақиблар дарвозасига эса 8 та гол урдик — ва айнан ўша саккизинчи, Суҳроб Садиржонов томонидан киритилган гол бизни мусобақада олиб қолди. Аслида терма жамоа йилнинг энг муҳим палласида ўзининг жисмоний ва тактик чўққисига чиқиши керак эди, аммо биз мундиалга энг оптимал формада етиб кела олмадик.

4. Плей-офф йўлланмаси — меҳнат самарасими ёки тақдир совғаси?


Тўғрисини айтиш керак, 1/32 финалга чиқишимиз ўз ўйинимиздан кўра кўпроқ параллел гуруҳлардаги математик ҳисоб-китоблар ва омаднинг туҳфаси бўлди. Италия дарвозасига урилган сўнгги гол тўплар нисбатимизни яхшилаган бўлса, кейинги баҳсларда Руминиянинг Камерунга тўртинчи голни ура олмагани ҳамда Танзаниянинг Ирландияга имкониятни бой бергани бизга энг яхши 3-ўрин соҳиблари орасида сўнгги — 8-поғонани тақдим этди. Биз плей-оффга эшикни тепиб, бошни баланд тутиб эмас, бошқаларнинг натижасига кўз тиккан ҳолда кириб бордик. Бу билан ўзимизга паст баҳо бермоқчи эмасман, лекин реал воқеалар ҳақида гапирмасам бўлмасди.

525098.jpg



5. Олдинда "қизил фурия"


Плей-оффнинг илк босқичидаёқ бизни турнирнинг энг даҳшатли жамоаларидан бири — Испания кутиб турибди. Испанияликлар Қатарга шунчаки ғалаба учун эмас, балки рақибларини янчиб ташлаш иштиёқи билан келишган. Улар гуруҳ босқичида рақиблар дарвозасига нақ 22 та тўп йўллаб, бирорта ҳам гол ўтказиб юборишмади:

Испания – Хитой 5:0
Испания – Фижи 15:0
Марокаш – Испания 0:2

2023 йил Индонезияда ўтган мундиалда Жамолиддин Раҳматуллаев бошчилигидаги йигитларимиз Испания билан тенгма-тенг курашиб, 2:2 ҳисобида жанговар дуранг қайд этганди. Аммо бугунги вазият бошқача. Шу йилнинг август ойида ўтказилган ўртоқлик учрашувида ҳам испанлар жамоамизга ҳеч қандай имконият қолдирмай, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишган эди. Энди эса рақиб янада кучайган ҳолатда майдонга тушади.

gettyimages-2306485644-2048x2048.jpg



Муаммолар ўша-ўша...

Мураббий тайинлашдаги тушунарсиз қарорлар, масъулиятли мусобақаларда 13–14 нафар футболчига боғланиб қолиш ва йиғинларда муносиб захира шакллантирмаслик — бу шунчаки бугунги мағлубият ёки қийинчиликлар сабаби эмас. Агар бу тизимли камчиликларга ҳозирдан барҳам берилмаса, эртага ушбу авлоднинг Олимпия терма жамоасига айланиш жараёнида яна ўша эски камчиликларга дуч келишимиз турган гап. 

Испания билан ўйинда эса йигитларга фақат ва фақат омад тилаб қоламан. 

Ўхшаш янгиликлар

Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›