Тожикистонда "Истиқлол" фойдасига қарор қабул қилган ҳакамлар четлатилди

Оқил Абдубарноев
12 сен 2026, 19:38
Тожикистон Футбол Федерацияси (ТФФ) Ҳакамлар қўмитаси Тожикистон чемпионатининг 16-туридан ўрин олган "Истиқлол" - "Ҳосилот" (1:0) учрашувини бошқарган ҳакамларни четлатиш бўйича қарор қабул қилди.

Ўйиндан сўнг "Ҳосилот" 24-дақиқада Осуман Кассимнинг четлатилиши ва 88-дақиқада "Истиқлол" томонидан урилган гол устидан шикоят қилган эди.

ТФФнинг Сингапур, Ўзбекистон, Япония ва Тожикистон мутахассислари иштирокидаги мустақил экспертлар комиссияси баҳсли вазиятларни ўрганиб чиқди. Экспертлар Кассимнинг четлатилишини хато деб топишди, мутахассисларнинг аксарияти эса "Истиқлол"нинг голи офсайддан урилган деган хулосага келишди.

Натижада бош ҳакам Хуршед Дадобоев ва унинг ёрдамчиси Насимжон Мансуров 3 та турга четлатилди.

Учрашув назоратчиси Умед Раҳимов эса ҳакамларга юқори баҳо қўйгани учун 2 та турга четлатилди.

Шунингдек, ТФФ Ҳакамлар қўмитаси Осуман Кассимга кўрсатилган қизил карточкани бекор қилишни сўраб илтимоснома киритди.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Тожикистон футбол федерацияси