

“Термиз шаҳрида жойлашган “Сурхон арена” стадиони чими ва унга туташ ҳудудда барпо этилган қўшимча майдон чими сифати яқингача ҳам республикадаги энг яхшиларидан бири эди. Афсуски, бугунга келиб ҳар икки майдон ҳолати ачинарли аҳволга келиб қолган.
Шундан келиб чиқиб, “Сурхон” футбол клуби 30 июнь куни Лигага расмий хат йўллаб, яқин орада Суперлига ва Ўзбекистон кубоги доирасидаги уй учрашувларини Термизда ўтказа олмаслигини маълум қилган. Бунга сабаб сифатида эса иқлимнинг кескин исиб кетиши кўрсатилган.
“Сурхон” 6 май куни Лигага ўхшаш хат билан мурожаат қилган бўлиб, унда “Сурхон арена” чими кундан-кунга ёмонлашаётгани, шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи доирасидаги Пахтакор клубига қарши учрашувни Пахтакор стадионида ўтказиш масаласида Лигадан амалий ёрдам сўраган. 18 май куни эса “Сурхон арена” таъмирлаш ишлари учун ёпилаётгани маълум қилинган.
Мавжуд вазиятни ўрганиб чиққан Лига 9 июнь куни “Сурхон” клуби ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигига расмий мурожаат қилиб, унда кубок гуруҳ босқичи доирасидаги учрашув “Пахтакор стадиони”да ўтказилишига нима сабабдан рухсат берилгани, клуб мазкур масалада сурхондарёлик футбол мухлислари олдида масъулиятни ҳис қилиши лозимлиги, танаффусдан кейин — 23 июль куни “Динамо” клуби “Сурхон” меҳмони бўлиши ва агар унга қадар Сурхон арена чимини яхши ҳолатга келтириш имконияти мавжуд бўлмаса, Сурхон уй учрашувларига сурхондарёлик футбол мухлислари учун нисбатан қулайроқ локация танлаши лозимлиги қайд этилган. Хат билан мазкур ҳавола орқали танишиш мумкин.
Маълумки, “Сурхон” клуби Тошкент шаҳрида машғулотлар ўтказади ва унинг маъмурий бошқаруви ҳам пойтахтдан туриб амалга оширилади. Фақатгина расмий учрашувни ўтказиш учун делегация Термизга ташриф буюради. Ўтган давр давомида клуб раҳбарияти стадионларни парваришлаш, расмий учрашувларга тайёргарлик кўриш ва бошқа масалаларда намуна кўрсатиб келган. Бироқ 2026 йилга келиб, клубда рўй бераётган молиявий муаммолар фонида Суперлига ўйинларини қабул қила оладиган вилоятдаги ягона стадион, таассуф билан айтиш керакки, деярли бой берилди. Айни ҳолатда мазкур стадионда Пролига учрашувларини ҳам ўтказиш имконияти мавжуд эмас.
Ҳолатнинг иқлим билан изоҳланиши масаласи эса Лигада шубҳа уйғотади. Зеро, 2025 йилнинг июнь ойи Ўзбекистонда иқлим маълумотлари юритила бошланган давридан буён кузатилган энг иссиқ ва қуруқ ойлар бешлигидан ўрин олган паллада ҳам “Сурхон" арена” чими клуб томонидан берилган эътибор фонида ўз сифатини йўқотмаган.
Мамлакатимизда Суперлига учрашувларини қабул қила олиш даражасидаги стадионлар сони маълум давр давомида биттага камаяётганини афсус билан маълум қиламиз. Лига сурхондарёлик футбол мухлислари Суперлига ҳавосидан узоқ вақт давомида баҳраманд бўла олмагани ва кейинчалик Сурхон футбол клуби бош ҳомийси ёрдамида нафақат клубдаги катта муаммолар ҳал этилгани, балки “Сурхон арена” қайта таъмирдан чиқарилганини эътироф этади ҳамда “Сурхон” клуби раҳбарияти ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигини ўзаро ҳамкорликда вилоятга катта футболни иложи борича тезроқ қайтариш масаласида иш олиб боришга чақиради”, — дейилади хабарда.



