

Суперлига
14-тур
“Локомотив” – “Сўғдиёна” 3:1
Тошкент. “Локомотив” стадиони. 20:00
Бош ҳакам: Темур Тўхтасинов
Ёрдамчи ҳакамлар: Анвар Маражабов, Абдулҳамид Абдурайимов
Захира ҳаками: Диас Галеев
VAR: Равшан Абдувоҳидов
AVAR: Шоҳнур Йўлдошев
Назоратчи: Бобур Ҳайдаров
Комиссар: Аделя Курмаева
Голлар: 1:0 – 57, Темурхўжа Абдухолиқов (пенальти); 2:0 – 66, Темурхўжа Абдухолиқов (пенальти); 3:0 – 90+3, Қувончбек Абраев (Сардор Мирзаев); 3:1 – 90+6, Зенан Займович.
"Локомотив": 1.Алексей Козлов, 9.Суҳроб Нуруллоев (8.Билол Туплиев, 71), 10.Шодиёр Шодибоев (7.Қувончбек Абраев, 84), 11.Темурхўжа Абдухолиқов (61.Нурлан Ибраимов, 90), 15.Александр Шушняр, 17.Сардор Мирзаев, 18.Александр Кучеренко, 23.Диёржон Туропов, 26.Абдуллоҳ Йўлдошев, 28.Шуҳрат Муҳаммадиев (22.Суннатилла Поёнов, 71), 45.Йован Нишич (14.Николай Иванов, 84)
Захира: 12.Никита Шевченко, 27.Озодбек Ўктамов, 30.Жаъфар Баҳодиров, 44.Муҳаммад Ҳабибуллаев.
"Сўғдиёна": 27.Милан Митрович, 2.Зоир Жўрабоев, 3.Исломжон Қобилов, 7.Петар Мичин (9.Зенан Займович, 72), 10.Жавоҳир Қаҳрамонов (77.Ойбек Нурматов, 61), 13.Филип Иванович, 14.Люпчо Дориев, 17.Оллаберган Каримов (8.Жамшид Болтабоев, 72), 20.Фазлиддин Омонкелдиев (23.Сардорбек Ҳошимов, 46), 22.Абдулазизхон Абдурашидов, 32.Нодиржон Сойибов (19.Забиҳилло Ўринбоев, 82)
Захира: 1.Шоҳруҳ Исоқов, 4.Беҳруз Жуматов, 29.Амирбек Саидов, 33.Шоҳжаҳон Султонмуродов.
Огоҳлантиришлар: Нодиржон Сойибов (55), Оллаберган Каримов (59), Жамшид Болтабоев (80), Сардорбек Ҳошимов (90)
90+7-дақиқа. УЧРАШУВ ТУГАДИ!
Нисбатан узайтирилган ва шиддатли кечган ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар ҳам ўз ниҳоясига етди. Бош ҳакам Темур Тўхтасинов баҳс якунланганини билдирувчи ҳуштакни чалди!
90+6-дақиқа. ГО-О-О-О-ОЛ! "СЎҒДИЁНА"! 3:1!
Жиззахликлар ҳам таслим бўлишни хоҳлашмаяпти! "Сўғдиёна"нинг навбатдаги ҳужумида жарима майдони ичига узатилган тўпни "Локомотив" ҳимоячилари тўлиқ бартараф эта олишмади. Захирадан майдонга тушган Зенан Займович қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келди ва қулай имкониятдан унумли фойдаланиб, аниқ ва кучли зарба билан тўпни пастки бурчакка жойлаб қўйди!
90+6-дақиқа. УЧРАШУВ ТУГАДИ!
Бош ҳакам Темур Тўхтасинов томонидан чалинган ҳуштак Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган мазкур баҳсга якуний нуқтани қўйди. "Локомотив" ўз майдонида Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоасини 3:0 ҳисобида таслим этди.
Учрашув тақдири тўлиқ иккинчи бўлимда ҳал бўлди: Темурхўжа Абдухолиқовнинг пенальтидан киритган дубли ҳамда ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Қувончбек Абраев томонидан урилган чиройли гол "темирйўлчилар"нинг йирик ва муҳим ғалабасини таъминлади.
90+3-дақиқа. ГО-О-О-О-ОЛ! "ЛОКОМОТИВ"! 3:0!
"Темирйўлчилар" қарши ҳужумда муҳим нуқтани қўйишмоқда! Сардор Мирзаев ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига аниқ ва қулай узатмани амалга оширди. Захирадан ўйинга қўшилган Қувончбек Абраев эса тўпни тўхтатиб ўтирмасдан, олис пастки бурчакка аниқ ва кучли зарба йўллаб, Милан Митровичга ҳеч қандай имконият қолдирмади!
"Локомотив" ҳисобдаги устунликни йирик кўринишга келтирмоқда!
90-дақиқа. Тўқнашувларга бой бўлган баҳс сўнгги дақиқаларда ҳам шиддатини йўқотмаяпти.
"Сўғдиёна" аъзоси Сардорбек Ҳошимов қўполлиги учун ҳакам Темур Тўхтасинов томонидан сариқ карточка билан жазоланди.
Шу билан бирга, "Локомотив" таркибида сўнгги ўзгариш амалга оширилди: дубль муаллифи, жамоа сардори Темурхўжа Абдухолиқов мухлислар олқиши остида майдонни тарк этмоқда, унинг ўрнига Нурлан Ибраимов ўйинга қўшилди.
84-дақиқа. "Локомотив" таркибида навбатдаги қўш-ўзгариш!
Майдон эгалари мураббийлар штаби ўйин темпини ушлаб туриш ва майдон марказини янгилаш мақсадида Шодиёр Шодибоев ўрнига Қувончбек Абраевни, Йован Нишич ўрнига эса Николай Ивановни ўйинга ташламоқда.
83-дақиқа. "Локомотив"дан яна бир хавфли ҳужум! Билол Туплиев чап қанотдан жарима майдончаси ичига дадил ёриб кирди ва узоқ бурчакни нишонга олиб айланма зарба йўллади. Тўп "Сўғдиёна" дарвозаси ёнидан бироз ноаниқ ўтиб кетди – майдон эгалари учинчи голни уриб, ўйинга батамом нуқта қўйишлари мумкин эди.
82-дақиқа. "Сўғдиёна" таркибида яна бир ротация! Баҳс давомида фаол ҳаракат қилган ва огоҳлантириш олишга улгурган Нодиржон Сойибов ўйинини якунлади, унинг ўрнига Забиҳилло Ўринбоев майдонга туширилмоқда. Меҳмонлар ҳужум чизиғини янада кучайтиришга ҳаракат қилишмоқда.
80-дақиқа. Майдон марказига яқин ҳудудда шиддатли тўқнашув! "Сўғдиёна" аъзоси Жамшид Болтабоев ва "Локомотив"нинг янги қўшилган ўйинчиси Суннатилла Поёнов тўп учун курашда бир-бири билан тўқнашиб кетди. Баҳс бош ҳаками Темур Тўхтасинов вазиятни назоратга олди ва қўполлик ишлатган Жамшид Болтабоевга сариқ карточка кўрсатди.
72-дақиқа. "Сўғдиёна" ҳам иккита бадал билан жавоб кайтармоқда! Меҳмонлар таркибида Петар Мичин ўзини Зенан Займовичга бўшатиб берди, шунингдек, Оллаберган Каримов ўрнига Жамшид Болтабоев майдонга тушди. Жазоирлик ва маҳаллий тажрибали вакиллар орқали "Сўғдиёна" ўйин тақдирини ўзгартиришга уриниб кўради.
71-дақиқа. "Локомотив" таркибида бир йўла иккита ўзгариш! "Темирйўлчилар" мураббийи майдонни тарк этаётган Суҳроб Нуруллоев ўрнига Билол Туплиевни, Шуҳрат Муҳаммадиев ўрнига эса Суннатилла Поёновни ўйинга ташламоқда.
69-дақиқа. "Локомотив" дарвозабони Алексей Козловдан жуда хавли хато! У ўз жарима майдончаси ичида шеригига пас беришда чалғиди ва тўпни тўғри "Сўғдиёна" ҳужумчиси Люпчо Дориевга топшириб қўяёзди. Хайриятки, тўп Дориевга тегиб, майдонни тарк этди – "темирйўлчилар" бу вазиятда енгил тин олишди.
66-дақиқа. ГО-О-О-О-ОЛ! Темурхўжа Абдуҳолиқов дубль қайд этмоқда!
"Локомотив" ҳужумчиси иккинчи пенальтини ҳам совуққонлик билан амалга оширди. Милан Митрович яна бир бор тўпнинг йўналишини тўғри топди, аммо Абдуҳолиқовнинг зарбаси шу қадар аниқ ва кучли бўлдики, дарвозабон жамоасини қутқара олмади. Ҳисоб йирик кўринишга келмоқда – 2:0!
62-дақиқа. Яна пенальти! "Локомотив" кетма-кет иккинчи бор 11 метрлик нуқтадан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда!
Жарима майдончаси ичида Темурхўжа Абдуҳолиқов кучли зарба йўллади ва тўп "Сўғдиёна" ҳимоячиси Нодиржон Сойибовнинг қўлига тегди. Бош ҳакам ҳеч қандай иккиланишсиз яна пенальти белгилади!
61-дақиқа. "Сўғдиёна" таркибида навбатдаги ўзгариш! Меҳмонлар устози ҳужум чизиғини фаоллаштириш мақсадида Жавоҳир Қаҳрамонов ўрнига Ойбек Нурматовни майдонга туширмоқда.
59-дақиқа. "Сўғдиёна" ярим ҳимоячиси Оллаберган Каримов майдон марказида Шодиёр Шодибоевни қўполлик билан тўхтатиб қолди. Бош ҳакам бу ҳаракатни эътиборсиз қолдирмади ва Оллаберганга сариқ карточка кўрсатди.
57-дақиқа. ГО-О-О-О-ОЛ! "Локомотив" ҳисобни очмоқда!
Темурхўжа Абдуҳолиқов пенальти нуқтасидан берилган зарбани аниқ амалга оширди. "Сўғдиёна" дарвозабони Милан Митрович тўп йўналишини топди ва ҳатто тўпга қўли тегди, аммо зарба жуда кучли бўлгани сабабли уни қайтара олмади. Ҳисоб – 1:0!
56-дақиқа. "Локомотив" фойдасига пенальти! Жарима майдончаси ичига узатилган тўпдан сўнг Темурхўжа Абдуҳолиқов кетма-кет икки бор дарвоза томон зарба йўллади. Милан Митрович дастлабки зарбаларни қайтаришга эришди, бироқ қайтган тўпга етиб келган Шодиёр Шодибоевни "Сўғдиёна" ҳимоячиси Сардорбек Ҳошимов жарима майдончаси ичида қоидани бузиб йиқитди. Бош ҳакам ҳеч иккиланмасдан пенальти кўрсатди.
55-дақиқа. Нодиржон Сойибов томонидан Сардор Мирзаев майдон марказида ушлаб қолинди. Бош ҳакам қоидабузарликни қайд этиб, "Сўғдиёна" ҳимоячисига сариқ карточка кўрсатди.
50-дақиқа. "Сўғдиёна"дан яна бир бурчак зарбаси. Бу сафар ҳам узатмадан сўнг Зоир Жўрабоев бош билан кучли зарба йўллади, бироқ бу сафар "Локомотив" дарвозабони Алексей Козлов тўпни ишончли тарзда ўз қўлига олди.
49-дақиқа. "Сўғдиёна" бурчак тўпини амалга оширди. Жарима майдончаси ичига узатилган тўпга Зоир Жўрабоев бош билан зарба берди – тўп дарвоза томон аниқ бормади. Қолаверса, ҳакамлар бу вазиятда офсайд қайд этишди.
46-дақиқа. Иккинчи бўлимда ҳам ҳақиқий хавфли вазият! "Сўғдиёна" ҳимоячиси Зоир Жўрабоев чап қанотдан жарима майдончаси ичига тўпни ошириб берди. Александр Кучеренко бош билан ҳаракат қилиб, тўпга аниқ тега олмади ва уни ўтказиб юборди. Жарима майдонига ёриб кирган Люпчо Дориев тўпни Алексей Козловнинг устидан ошириб дарвозага йўллашга уринди, аммо дарвозабон тўпни қўли билан секинлаштиришга эришди. Оқибатда тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтмади ва ўз вақтида етиб келган "Локомотив" ҳимоячилари хавфни бартараф этиб, тўпни узоқлаштириб юборишди.
46-дақиқа. Иккинчи бўлим бошланди.
Танаффусда "Сўғдиёна" таркибида ўзгариш юз берди: Фазлиддин Омонкелдиев ўрнига Сардорбек Ҳошимов майдонга туширилди.
45+2-дақиқа. Бош ҳакамнинг хуштаги чалинди ва жамоалар танаффусга йўл олишди.
Биринчи бўлим шиддатли ва курашларга бой тарзда кечди. Хар иккала жамоада ҳам гол уриш учун жуда хавфли имкониятлар юзага келди, аммо дарвозабонларнинг ишончли ўйини ва ҳужумдаги аниқсизликлар сабабли ҳисоб очилмади – 0:0.
45-дақиқа. Биринчи бўлимнинг асосий вақти ниҳоясига етди. Бош ҳакам Темур Тўхтасинов жамоаларнинг бўлим давомидаги тўхталишлари учун 2 дақиқа вақт қўшиб берди.
41-дақиқа. Жуда хавфли вазият! "Локомотив" вакиллари тезкор қарши ҳужумга ўтишди. Темурхўжа Абдухолиқов ажойиб узатма билан бир йўла икки жамоадошини дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқарди. Суҳроб Нуруллоевнинг берган зарбасини Милан Митрович оёқлари билан қайтаришга эришди! Қайтган тўпга эса Шодиёр Шодибоев қулай имкониятга эга бўлишига қарамай, аниқ зарба бера олмади.
40-дақиқа. Люпчо Дориев стандарт вазиятдан тўпни жарима майдончаси ичига узатиб берди. "Локомотив" дарвозабони Алексей Козлов ўз ўрнида ишончли ҳаракат қилиб, тўпни муштлари билан майдон ташқарисига уриб юборди – аут.
36-дақиқа. "Сўғдиёна"дан хавфли ҳужум! Петар Мичин ажойиб узатма билан Жавоҳир Қаҳрамоновга тўпни етказиб, уни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқарди. Қаҳрамоновнинг зарбасини Алексей Козлов маҳорат билан қайтарди! Кейинчалик байроқча кўтарилди – нозик вазиятда офсайд қайд этилган экан.
34-дақиқа. Жуда хавфли вазият! "Локомотив" ҳимоячилари яна бир бор узатмада жуда қўпол хатога йўл қўйишди. Алексей Козлов тўпга чиқишда бироз кечиккан бўлса-да, Люпчо Дориевга халақит беришга эришди. Абдуллоҳ Йўлдошев ҳам тўпни узоқлаштиришда хатоликка йўл қўйди – хуллас, майдон эгаларининг ҳимоясида ҳақиқий парокандалик юзага келди! Оқибатда Дориев тўпни ўзига тўғрилаб олиб зарба йўллади, аммо хайриятки, тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди.
29-дақиқа. "Локомотив" ҳужумчиси Шодиёр Шодибоев чап қанотдан жарима майдончасига ёриб кирди ва чап оёқда дарвоза томон зарба берди. Аммо тўп мўлжалга аниқ тегмай, дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди.
28-дақиқа. "Локомотив"дан гўзал комбинацион ҳужум! Шуҳрат Муҳаммадиев жарима майдончаси ичида бош билан тўпни узатиб, Сардор Мирзаевни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқаришга уринди. Бироқ "Сўғдиёна" дарвозабони Милан Митрович ўз вақтида олдинга чиқиб, хавфни бартараф этди.
25-дақиқа. "Сўғдиёна" ҳимоячиси Филип Иванович мудофаадан тўпни олдинга узатиб берди. Жавоҳир Қаҳрамонов бош билан зарба йўллади, аммо зарба бироз кучсиз чиқди – Алексей Козлов тўпни қийинчиликсиз эгаллаб олди.
22-дақиқа. Хавфли вазият! "Локомотив" ҳимоячиси Абдуллоҳ Йўлдошев яна бир бор узатмада қўпол хатоликка йўл қўйди. "Сўғдиёна" ҳужумчиси Люпчо Дориев яккакурашда Александр Кучеренкони ортда қолдириб, дарвоза томон кучли зарба йўллади. Алексей Козлов ўз ўрнида ишончли ҳаракат қилиб, жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди!
20-дақиқа. Хавфли вазият! "Сўғдиёна"дан ажойиб комбинация! Люпчо Дориев жарима майдончасига ёриб кириб, марказга узатмани амалга оширди. Петар Мичин тўпга зарба беролмади ва тўп унинг оёқлари орасидан ўтиб кетди. Ортидан келаётган Фазлиддин Омонкелдиев яқин масофадан зарба йўллади, аммо тўп дарвоза устунининг ёнгинасидан ўтиб кетди! Жуда хавфли вазият!
16-дақиқа. "Локомотив" аъзоси Суҳроб Нуруллоев тахминан 20 метрлар масофадан ерлатиб зарба йўллади. Бироқ зарбага етарлича куч етмади – "Сўғдиёна" дарвозабони Милан Митрович тўпни қийинчиликсиз эгаллаб олди.
14-дақиқа. "Локомотив" ҳужумда кетма-кет имкониятларга эга бўлди. Аввалига Темурхўжа Абдухолиқов Суҳроб Нуруллоевни, сўнг кейинги ҳужумда Нуруллоев Абдухолиқовни рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқаришга уринди. Аммо иккала ҳолатда ҳам узатилган тўп жуда тезлашиб кетгани боис ҳужумчилар унга ета олишмади.
8-дақиқа. "Локомотив" ҳимоячиси Абдуллоҳ Йўлдошев ўз дарвозабони Алексей Козловга тўпни узатишда хатоликка йўл қўйди. "Сўғдиёна" ҳужумчиси Люпчо Дориев катта тезликда прессинг уюштирди, Козлов эса катта қийинчилик билан тўпни аутга чиқариб юборишга мажбур бўлди. Меҳмонлардан фаол прессинг!
4-дақиқа. Хавфли вазият! "Локомотив" ярим ҳимоячиси Йован Нишич ажойиб суперпас билан Темурхўжа Абдухолиқовни жарима майдончаси ичига бошлади. Абдухолиқовнинг йўллаган зарбаси эса дарвоза устунининг ёнгинасидан ўтиб кетди! Майдон эгаларидан илк жиддий ҳужум!
1-дақиқа. Бош ҳакам Темур Тўхтасинов ҳуштагини чалди – учрашувга старт берилди! Ўйинни "Локомотив" футболчилари майдон марказидан тўпни ўйинга киритиш орқали бошлаб беришди.
Жамоалар майдонга чиқиб келишди. Майдон эгалари – "Локомотив" футболчилари бугун анъанавий қизил либосда, меҳмонлар – "Сўғдиёна" вакиллари эса қора-оқ рангли либосларда ҳаракат қилишади.



