Ислом Аҳмедов: "Мухлисларимиздан узр сўраймиз, улар олдида жуда хижолатдамиз"

7 ноя 2026, 19:20
“Андижон” бош мураббийи Ислом Аҳмедов Суперлига 27-тур доирасидаги “Локомотив” (1:3)га қарши ўйиндан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди.

– Бугунги ўйин ва жамоанинг қайд этган натижаси ҳақида қандай фикр билдирасиз?

– Аввало, сўнгги пайтлардаги қониқарсиз натижаларимиз учун мухлислардан узр сўраймиз. Уларнинг олдида бу ҳолатдан жуда ҳам хижолатдамиз. Ўйинни яхши бошладик ва ҳужумкор ҳаракатларни амалга оширдик. Бугунги кунда қўл остимиздаги бор футболчилар шулардан иборат ва улар майдонда ўзларининг бор имкониятларидан келиб чиқиб ҳаракат қилишмоқда. Фақат бу ўринда футболчиларнинг даражаси ўз сўзини айтмоқда. Қаердадир омад етишмаяпти, вазиятларни голга айлантира олмаяпмиз. Агар ҳужум қилмасдан, ўйин жиҳатдан тўлиқ ютқазганимизда, бошқа гап эди. Бугунги ўйинда ҳам диққатни йўқотишимиз оқибатида иккита стандарт вазиятдан гол ўтказиб юбордик. "Локомотив" эса индивидуал маҳоратга эга ўйинчилари ҳисобига кўпроқ хавф туғдирди. Умуман олганда, жамоавий ҳаракатларимиз ёмон чиқмади, фақат якунловчи нуқтани қўядиган ўйинчи топилмади.

– Бугунги ўйинда мураббий сифатида ўз хатоларингизни нимада кўрасиз, хусусан, таркиб ва тактика танлаш жараёнида?

– Албатта, натижа учун мураббий жавобгар. Қаердадир етарлича тайёргарлик кўра олмагандирмиз, буни ўйинни таҳлил қилиб кўриб чиқамиз. Жамоамизда йўқотишлар кўп, хусусан, икки нафар асосий марказий ҳимоячимиз жароҳат олган. Шу сабабли, иложсизликдан бу позицияда ўйнаш тажрибаси кам бўлган Сандрони туширишга мажбур бўлдик. Натижада, ўйинчини жойлаштиришда ва стандарт вазиятларда рақибни ушлашда хатоликларга йўл қўйилди.

– Сандронинг ўрнига марказий ҳимояга Усмонали Исмоналиевни ўтказиб, Сандрони ўзига қулайроқ бошқа позицияга олиб чиқиш мумкин эмасмиди? Чунки Исмоналиев фаолиятини ҳимояда бошлаганини биламиз.

– Биз бу вариантни машғулотлар давомида синаб кўрдик. Бироқ Исмоналиев бу позицияда ўзини ноқулай ҳис қилганини айтди. Сандро эса аввалги йилларда ўз жамоасида ушбу нуқтада ўйнаган эди ва биз бунга тайёргарлик кўргандик. Битта позицияни ўзгартираман деб, иккинчи позицияни ҳам йўқотиб қўймаслик мақсадида Усмоновни қанотда қолдирдик.

– Биринчи бўлимдаги қоида бузилиши вазиятида ҳакам пенальти белгиламади. Мураббий сифатида бу ҳолатга қандай изоҳ берасиз?

– Ҳакамларнинг хатти-ҳаракатларига изоҳ бера олмайман. Уларнинг ишини баҳолайдиган махсус инспекторлари бор. Қолаверса, биз бу ҳолатни барибир ўзгартира олмаймиз.

– Сиз жамоага бош мураббий бўлиб келганингиздан сўнг кетма-кет ғалабалар қайд этилиб, ижобий ўзгаришлар бўлган эди. Бироқ ФИФА кунларидан кейинги танаффусдан сўнг жамоада пасайиш кузатилди. Бу рақобатбардош ўйинчиларнинг етишмаслиги билан боғлиқми?

– Биринчи даврадан сўнг таркибда рақобатни кучайтирадиган футболчиларни жалб қила олмадик. Майдондаги ўйинчилар яхши ҳаракат қилмоқда, бироқ биринчи даврадагидек захирадан майдонга тушиб, ўйинни янада кучайтира оладиган футболчилар бироз етишмаяпти. Бу ҳам натижаларимизга ўз таъсирини кўрсатмоқда.

– Шоҳмалик Комилов жамоа ўйинига тўлиқ киришиб кета олмаяпти. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

– Шоҳмалик майдонда жуда кўп ҳаракат қилади, аммо унинг жамоага келтираётган фойдали иш коэффициенти бироз пастроқ бўлмоқда. Баъзан вақтида тўп ошириш ёки тезкор қарор қабул қилишда кечикяпти. Тўпни ўзида кўпроқ ушлаб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.

– Жамоа ҳозирда турнир жадвалида пастлаб, хавфли плей-офф зонасига тушиб қолиш арафасида турибди. Ушбу мураккаб вазиятдан қандай чиқиб кетишни режалаштирмоқдасизлар?

– Йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил қиламиз ва йигитлар билан бу борада жиддий гаплашиб оламиз. Барчамиз биргаликда ҳаракат қилиб, хатолар устида ишлаб, мазкур вазиятдан чиқиб кетишга уринамиз.

– Олдинда кубок ўйинлари кутиб турибди. "Локомотив" бош мураббийи майдон сифати яхши эмаслигини таъкидлади. Ўйинларни қаерда ўтказиш ва майдон ҳолати борасидаги фикрларингиз қандай?

– Биз учун ўйиннинг қаерда ўтиши фарқ қилмайди. Профессионал футбол лигаси қайси стадионни белгилаб берса, ўша ерда майдонга тушаверамиз. Энг асосий талабимиз – майдоннинг текис ва сифатли бўлиши. Чунки биз тўпни ерда назорат қилиб ўйнаш услубини қўллаймиз ва бунинг учун сифатли майдон жуда зарур ҳисобланади. Текис майдон бўлса, бу мақсадга мувофиқ бўларди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia