Шота Гвазава: "Ўйлайманки, омадсиз серия ортда қолди"

Iskandarov Abdulaziz
21 авг 2026, 12:50
"Бунёдкор"га қарши кечган баҳсда (1:0) "Қўқон-1912"нинг ягона ва ғалаба голига муаллифлик қилган грузиялик ярим ҳимоячи Шота Гвазава учрашувдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Ўйин сифатига майдон ҳолати қанчалик таъсир қилди?

— Оғир ва кескин курашларга бой ўйин бўлишини кутгандик ва шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Майдон ҳолати икки жамоага ҳам ўз даражасидаги чиройли ва юқори суръатдаги футболни кўрсатишга халақит берди. Қўқондаги баҳс ҳам худди шундай руҳда кечганди. Мураббийлар штаби бизни олдиндан оғир кураш кутаётганидан огоҳлантирган эди. Баъзида майдон шароитига мослашиб, курашларга бой ўйинга ўтишга тўғри келади. Якунда ҳаммаси режадагидек чиққанидан хурсандман.

— "Бунёдкор" ёш жамоа. Улардан қандай қаршилик кутилганди?

— "Бунёдкор" — жуда ёш, тезкор ва тўп билан яхши муомала қиладиган жамоа. Улар қисқа ва аниқ узатмалар орқали комбинацион футбол ўйнашни хуш кўришади. Аммо биз рақибни яхши ўрганиб чиққандик. Мураббийларимизнинг берган кўрсатмалари ва тўғри танланган тактика майдонда ўз самарасини берди, киритилган гол ҳам айнан шу пухта тайёргарлик маҳсули бўлди.

Охирги учта ўйиндаги муваффақиятли серия ҳақида...

— Албатта, кетма-кет қўлга киритилаётган очколар бутун жамоага катта ишонч ва мамнуният бағишламоқда. Ҳар бир клубда омадсиз ва қийин даврлар бўлиб туради. Назаримда, биз учун ўша нохуш серия ортда қолди. Илгари ҳам майдонга фақат ғалаба учун тушардик, аммо қайсидир вазиятларда омад юз ўгираётганди. Энди эса омад ҳам томонимизда. Буёғига фақат олдинга интиламиз ва ҳар бир беллашувда максимал натижа учун курашамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia