

Сўнгги назорат учрашувлари ва терма жамоа атрофидаги воқеалар юзасидан таниқли собиқ футболчи ва эксперт Шерзод Аъзамов билан суҳбат уюштирдик.
— Ҳозирги кунда терма жамоа таркиби борасида ҳамма турлича фикрлар билдирмоқда. Сизнинг Жаҳон чемпионатига йўл олган таркибимиз ҳақидаги фикрингиз қандай?
— Авваламбор шуни айтиш керакки, терма жамоа мураббийлар штаби имкони борича энг максимал ва кучли таркибни йиғишга ҳаракат қилди. Улар футболчиларнинг ҳозирги ҳолатини, руҳияти ва характерини ичидан билганликлари учун биздан кўра яхшироқ таҳлил қила олишади. Бироқ, айрим ўйинчиларнинг якуний рўйхатдан тушиб қолгани мени ҳам бироз ҳайрон қолдирди. Шахсий фикримча, Алишер Одилов ва Нодирбек Абдураззоқов каби футболчилар бу сафарги таркибга ва Жаҳон чемпионатига боришга лойиқроқ эдилар.
— Охирги йилларда ўзимиз учун юқори планка (мезон) қўйиб олдик. Канада ва Голландия билан ўйинларда асосий камчиликларимиз нималарда кўринди? Голландияга қарши баҳсда вакилларимиз анча яхшироқ таассурот қолдиргандек бўлди...
— Бу икки учрашувни таҳлил қиладиган бўлсак, Голландияга қарши ўйинда терма жамоамизнинг мазмунлироқ кўрингани сабаби — рақиб бизга етарлича баҳо бермаганида бўлиши мумкин. Европадагилар бизга қарши бор кучлари билан ўйнашмади, вазиятлардан унумли фойдаланишмади. Шу боис бизнинг жамоа фон кучлироқ кўринди. Аммо яқин Эрондаги воқеаларни инобатга олсак, айни пайтда ўйин амалиётисиз қолиб кетган футболчиларимиз бор. Йигитларнинг учта қийин ўйинга жисмоний кучлари етадими-йўқми — буни вақт кўрсатади. Шу сабабли бу Жаҳон чемпионати ўйин амалиёти йўқ футболчиларимиз учун анча оғир ўтади.
— Сиз Ҳожиакбар Алижонов билан ҳам, Фаррух Сайфиев билан ҳам бирга тўп тепгансиз, уларнинг имкониятларини яхши биласиз. Айни пайтда бош мураббий Каннаваро ўнг қанот ҳимоясидаги муаммога ечим топишга қийналмоқда. Собиқ футболчи ва мутахассис сифатида бу вазиятдан қандай чиқиш мумкин деб ўйлайсиз?
— Ҳозирги ҳолатда мураббий иложсизликдан Фаррух Сайфиевни ўнг қанотга қўйишга мажбур бўлмоқда. Бу Сайфиевнинг у ерга лойиқ эмаслигидан эмас, албатта. Фаррух — исталган ўйинчи билан рақобатлаша оладиган кучли футболчи, бироқ у чап қанотда анча самаралироқ ва фойдалироқ ўйнайди. Бу муаммонинг энг оддий ва тўғри ечими — асли шу позицияда ўйнайдиган, жароҳат олган ўнг қанот ҳимоячиларимизнинг тезроқ сафга қайтишидир.
— Мусобақа олдидан жисмоний тайёргарлик ва футболчиларнинг оптимал формаси ўртасидаги балансни ушлаш жуда қийин. Ҳозирги юкламалар фонида терма жамоамиз турнирга чарчоқ аломатлари билан кириши хавфи борми ёки бу замонавий футболда нормал ҳолатми?
— Очиғи, биз терма жамоа мураббийларига ақл ўргатадиган даражада эмасмиз. Улар ўзлари нима исташаётганини ва жамоани қайси ҳолатга олиб чиқмоқчи эканликларини жуда яхши билишади. Агар собиқ футболчи сифатида шахсий фикримни сўрасангиз, менга кўпроқ ўйин амалиёти берилиши ёқарди. Ҳозир ҳам шу фикрдаман. Биз гуруҳдаги учта рақибни ҳам шунчаки жисмоний устунлик ёки кўп югуриш эвазига юта оламиз, деб ўйламайман. Мураббийлар ҳам буни билади, лекин ҳеч бўлмаса рақиблар билан жисмоний ҳолатда тенг бўлиш, улардан қолишмаслик мақсадида шундай юкламалар беришган бўлиши мумкин.
— Хўш, унда биз гуруҳдаги рақиблардан айнан ниманинг эвазига очко олишимиз ва ғалаба қозонишимиз мумкин?
— Биринчи навбатда — рақибларнинг бизга қарши ўз ўйинларини кўрсата олмасликлари ҳисобига. Иккинчи ва энг асосий омил эса — футболчиларимиздаги юксак иштиёқ ва Ватан шарафи учун майдонда бор кучини бериб ўйнаш туйғуси бўлади. Мана шу икки омил бизга муваффақият келтириши мумкин.



