Шавкат Муллажонов Элит ОЧЛ олдидан: "Майдонда пул ўйнамайди — ҳамма жамоани енгса бўлади"

Iskandarov Abdulaziz
12 окт 2026, 09:29
Клубларимиз Элит ОЧЛнинг навбатдаги турида Саудия Арабистони клублари синовидан ўтади.

“Пахтакор” - “Ал Қодисия”, “Ал Наср” - “Нефтчи” учрашувидан аввал Шавкат Муллажонов “90minutUZ” подкасти меҳмони бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси клубларимизнинг имкониятлари ҳақида гапирди.

“Ҳамма рақиб билан бемалол ўйнаса бўлади, енгиб бўлмайдиган жамоанинг ўзи йўқ. Буни "Пахтакор" ўтган турда яққол кўрсатиб берди. "Нефтчи" таркибида ҳам бу каби масъулиятли учрашувларда майдонга тушиб, етарлича тажриба орттирган йигитлар талайгина.

Майдонда пул ёки бошқа омиллар ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Масалан, "Ал-Аҳли" амалдаги чемпион, таркиби жуда кучли ва таркиби қимматбаҳо. Лекин "Пахтакор" уларни енгишига бир баҳя қолди.

Бу ерда кўп нарса мураббийга боғлиқ. Вадим Абрамов вақтида терма жамоани кучли рақибларга қарши қандай тайёрлаганини яхши эслайман. У ҳамиша шундай дерди:

«Сизлар билан рақиблар ўртасидаги ягона фарқ — бу маошларингизда. Майдон битта, тўп битта — чиқиб, ўйнаб, ютиш керак! Уларнинг ўрнига хориж клубларига сизлар кетишингиз лозим. Ўзбек футболи нимага қодирлигини ҳозир кўрсатинг, шунда сизга бутунлай бошқача кўз билан қарашади».

Ваҳоланки, ўшанда бизга катта пуллар ҳам ваъда қилинмаганди. Абрамовнинг айтганлари тўғри чиқди — ўша таркибдаги футболчиларнинг 80 фоизи легионерга айланди.

Шу сабабли мураббийнинг футболчиларни руҳан тайёрлаши жуда муҳим. Доим "футболчиларнинг кўзида олов ёнмаяпти" дейишади, аслида ана шу оловни мураббийнинг ўзи уйғота олиши керак”

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia