Самандар Муратбаев: "Бош мақсадимиз – Лос-Анжелес Олимпиадасига йўлланма олиш"

Оқил Абдубарноев
13 сен 2026, 14:52
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси дарвозабони Самандар Муратбаев Осиё ўйинларига тайёргарлик, ички муҳит, рақобат ва жамоа олдига қўйилган вазифалар ҳақида фикр билдирди.

"Жамоамиз учун мазкур Осиё ўйинлари, албатта, ғоят муҳим аҳамият касб этади, зеро у қитъамиздаги ўзига хос ўринга эга, нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланади. Осиё кубоги каби ушбу турнирда ҳам ўз олдимизга энг олий мақсадларни қўйган ҳолда, мухлисларимизни хушнуд этиш вазифаси белгиланган.

Албатта, миллий терма жамоамизнинг 1994 йилги ва ундан кейинги иштироклари ҳақида кўп эшитганмиз, шунингдек, ўша йилги шонли чемпионликка бағишланган фильмларни ҳам томоша қилганмиз. Биз айнан шундай ғалабаларни кўриб, улар ҳақида эшитиб улғайганмиз, десак муболаға бўлмайди. Сўнгги бор Қатарда бўлиб ўтган мусобақада жамоамиз учинчи ўринни қўлга киритганига ҳам гувоҳ бўлганман.

Шубҳасиз, бор эътиборимиз мазкур турнирга қаратилган. Олдинги мусобақаларда йўл қўйилган камчиликлар ва хатоларимизни чуқур таҳлил қилиб, ушбу мусобақага юқори даражада тайёргарлик кўрдик. Бу борада, аввало, халқаро тажриба орттириш муҳим ўрин тутади. АҚШ, Япония ва Хитой терма жамоалари билан бўлиб ўтган учрашувлардаги йўл қўйган нуқсонларимизни сарҳисоб қилиб, уларни бартараф этиш мақсадида Осиё ўйинларига пухта ҳозирлик кўрдик.

Бизнинг энг олий мақсадимиз – Лос-Анжелес Олимпиадасига йўлланма олишдир. Бундан аввалги Париж Олимпиадасини ҳам йигирма ёшгача бўлган терма жамоамиз билан биргаликда кузатдик. У ердаги муҳит ва кўтаринки кайфият беқиёсдир. Ҳозирда биз ҳам шундай даражага эришиш йўлида тинимсиз меҳнат қилиб, улуғвор мақсадлар сари интилмоқдамиз.

Машғулотларимиз, барчада бўлгани каби, дастлаб чигалёзди машқларидан бошланади. Сўнгра асосий эътибор ўз позициямизни эгаллаш, реакция, тўғри жой танлаш ва тўпга биринчи бўлиб чиқиш каби муҳим жиҳатларга қаратилади. Ушбу йўналишлар бўйича мураббийларимиз билан маслаҳатлашган ҳолда махсус машғулотлар олиб борамиз.

Осиё миқёсидаги сўнгги учрашувларимиз хотирамда яхши сақланиб қолган. Хусусан, Жанубий Корея ва Эрон терма жамоаларига қарши кечган ўйинларда Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилганимиз мен учун ғоят аҳамиятлидир. Дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолишда, албатта, олдинги чизиқ вакилларининг ҳам хизмати катта. Умумий муваффақиятнинг асосий қисмини ҳимоя ва ярим ҳимоядаги ҳаракатлар таъминлайди, десак янглишмаймиз.

Айни пайтда миллий терма жамоамиз барча чизиқлар ва позициялар бўйича тўлақонли шаклланган жамоа саналади. Таркибга энг иқтидорли йигитлар жалб этилган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз позициясида мамлакатнинг энг кучли футболчиларидан биридир. Шубҳасиз, жамоада соғлом рақобат муҳити ҳукм сурмоқда. Ҳар бир ўйинчи ўз ўрнига эга бўлиш учун муносиб тарзда кураш олиб бормоқда. Тўғри, ўзаро дўстлик ришталари биринчи ўринда туради, бироқ соғлом ва ҳаққоний рақобат ҳам мавжуд.

Ёшлигимда афсонавий Икер Касильяснинг иштирокидаги ўйинларни завқ билан томоша қилардим. Унинг ажойиб сейвлари ва ҳақиқий сардорлик хусусиятлари менда катта таассурот қолдирган. Бугунги кунда эса Мануэль Нойер, Давид Рая ва Тибо Куртуа каби маҳоратли дарвозабонларнинг ўйин услубидан илҳомланаман ва уларнинг даражасига чиқишга интиламан. Замонавий футболда дарвозабонларга нисбатан талаб ва тенденциялар ўзгарди. Эндиликда дарвозабондан нафақат юқори реакция, балки оёқда яхши ўйнаш ва ўйинни теран ўқий олиш қобилияти ҳам талаб этилади. Биз мана шундай янгиланишларга мослашиб бормоқдамиз.

Бундай юксак даражага эришиш учун, албатта, тинимсиз ва машаққатли меҳнат талаб этилади. Биз ўз устимизда ишлашда давом этяпмиз ва, Яратганнинг иродаси билан, яхши натижаларга умид қилмоқдамиз. Ўз кучимга ва салоҳиятимга бўлган ишончим қатъийдир.

Азиз мухлисларимиздан терма жамоамизни қўллаб-қувватлашларини ва учрашувларимизни бевосита кузатиб, бизга мададкор бўлишларини сўраб қоламиз. Сизларнинг юксак ишончингизни оқлаш учун бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз", деди Муратбаев.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: ЎФА матбуот хизмати

Сўнгги янгиликлар

Барча ›