

Шу тариқа, Рюжи Сато еттинчи бор ўзбек жамоалари иштирокидаги ўйинда ишлайди.
2014 йил U19 Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичи доирасида Ўзбекистон БАА билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганди.
Ушбу ҳакам 2015 йил Жанубий Корея - Ўзбекистон ўртасидаги ўртоқлик учрашувида ҳам ишлаганди. Учрашувда Зоҳир Қўзибоев гол урганди ва баҳс 1:1 ҳисобида тугаганди.
Ўтган йил Сато ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасида "Локомотив"нинг "Фулад"га қарши учрашувида ҳакамлик қилган. Ўша учрашув ҳам 1:1 ҳисобида тугаганди.
Бу йил Рюжи бир йўла икки бор ўзбек клублари иштирокидаги учрашувни бошқариб борди.
ОЧЛ 1-тури доирасидаги "Ал Аҳли" - "Насаф" ўйинида "аждарлар" 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйишганди. Ўша ўйинда ҳакам Эркин Бойдуллаевга қизил карточка кўрсатган ва Дилшод Раҳматуллаевга нисбатан ишлатилган қўполликни эътиборсиз қолдирганди. 3-турдан ўрин олган "Сепахон" - "Локомотив" учрашувида "темирйўлчилар" Марат Бикмаев ва Сардор Мирзаевнинг голлари эвазига зафар қучишганди - 2:0.
Ниҳоят 24 март куни Ўзбекистон - Филиппин учрашувида ҳам шу ҳакам фаолият олиб борган. Ўша баҳсда Анзур Исмоилов томонидан урилган ягона гол Ўзбекистонга ғалаба келтирганди - 1:0.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон - Сурия учрашуви 1 сентябрь куни бўлиб ўтади.



