

21-турнинг энг яхши дарвозабони — Абдувоҳид Неъматов (“Насаф”)
“Насаф” ортда қолган турда “Нефтчи”ни тор-мор этди (6:2). Учрашув мобайнида Абдувоҳид Неъматов ҳам ўзининг ижобий томонларини намойиш этди. Хусусан, 4 та сэйв қилган бўлса, 2 марта ҳаводан келаётган тўпни муваффақиятли илиб олди. Шундай қилиб, айнан Неъматов тур дарвозабонлигига лойиқ кўрилди.

21-турнинг энг яхши мураббийи — Рўзиқул Бердиев (“Насаф”)
“Насаф” “Нефтчи”га ҳеч қандай имконият қолдирмаслигида жамоа устози Рўзиқул Бердиевнинг ўрни беқиёс. У амалдаги чемпион билан тўқнашувга жиддий тайёргарлик кўргани ўйинда ўз аксини топди. Унинг шогирдлари мураббийнинг кўрсатмалари тўла-тўкис адо этиб, бирин-кетин голлар уришди. Championat.asia ходимлари айнан Бердиевни тур мураббийи сифатида эътироф этди.

21-турнинг энг яхши футболчиси — Шароф Муҳитдинов (“Насаф”)
“Нефтчи” билан ўйин “Насаф” чап қанот ярим ҳимоячиси Шароф Муҳитдиновнинг бенифисига айланиб кетди. У 6 та голдан 5 тасида бевосита иштирок этди. Дастлаб унинг жарима зарбасидан йўллаган кучли зарбасидан кейинги вазиятда ҳисоб очилган бўлса, сўнгра 1 та гол урди ва 3 та голли пас узатди. Шундай қилиб, айнан Муҳитдинов сўзсиз тур футболчиси бўлди.

21-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Забиҳилло Ўринбоев (“Сўғдиёна”)
“Сўғдиёна” бу турда “Машъал”ни йирик ҳисобда доғда қолдирди (5:2). Учрашувнинг 40-дақиқасида Ивановичнинг ҳаволатиб амалга оширган узатмасидан сўнг маҳоратли ҳужумчи Забиҳилло Ўринбоев тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига йўллади. Айнан шу гол турдаги энг чиройлиси деб топилди. Қуйида мазкур голни томоша қилишингиз мумкин.




