Рўзиқул Бердиев: "Ўйин бошидаги голлар ишимизни енгиллаштирди"

4 сен 2026, 23:08
Суперлиганинг 20-тури доирасида "Насаф" - "Нефтчи" (6:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этди.

- "Насаф"нинг барча мухлисларини бугун узоқ кутилган ғалаба билан табриклаймиз. Бугун улар билан муҳим ғалабага эришдик ва кучли рақибни йирик ҳисобда мағлубиятга учратдик. Барчага ғалаба муборак бўлсин. Ўйин бошиданоқ ҳужумда ишларимиз юришди. Бу бизга енгиллик берди. Иккинчи рақамли бўлиб ўйнаган бўлсак-да, қарши ҳужумлар ва стандартларда яхши ишладик. Бу бугунги ғалабанинг асосий омилларидан бири бўлди.

- Аденис Шаланинг алмаштирилишига сабаб нима: жароҳат ёки чарчоқ?

- Ҳар 4-5 кунда ўйинлар бўляпти. Шу сабабли унда толиқиш борлигини кўрдик. Шу сабабли уни алмаштиришга мажбур бўлдик. Ундан ташқари Муроджон Раҳматов ҳам енгил жароҳат олди. Умид қиламанки, унинг жароҳати жиддий эмас.

- Кетма-кет мағлубиятлардан кейин "Насаф"ни ўйинга тайёрлаш қийин бўлмадими?

- Барча футболчилар максимал ҳаракат қиляпти. Ютқазган ўйинларимизда ҳам йигитларга эътирозимиз йўқ эди, қаердадир омадимиз юришмади. Баъзи ўйинларда йигитларнинг руҳий тайёгарлигида камчиликлар бўлгандир, лекин ҳар бир ўйинда йигитлар бор кучи билан ҳаракат қилишяпти. Ўйин бошида ҳужумда яхши ҳаракат қилганимиз учун ўйин биз учун осонлашиб кетди.

- Европанинг топ клублари мураббийларининг кийим алмаштириш хонасида футболчиларга кўрсатмалар бераётгани ҳақидаги видеоларни кўп кўрамиз. Сиз "Насаф"ни қандай уйғота олдингиз?

-Кетма-кет мағлубиятлардан кейин ҳам бугунги ғалаба жамоанинг муҳимлиги юқори. Футболчиларнинг ўзи барчасини тушуниб турибди. Тайёргарлик давомида футболчиларга руҳан яхши тайёрланиш кераклигини айтганмиз. Жамоада иштиёқ кучли бўлса, ҳар қандай рақибни мағлуб эта олишимизни кўрсатдик. Шу сабабли руҳий тайёргарлик жуда муҳим. Бу ғалаба, аввало, ўзимиз, мухлислар учун ҳам муҳим эди. Ички ҳиссиётлар орқали футболчилар ютишларига ишонишлари керак.

- "Насаф" майдонига келган жамоалар, асосан, ҳимоявий ўйин услубини танлашади ва иккинчи рақамли бўлиб ўйнашади. "Нефтчи" очиқ футбол учун жазоландими?

- Ўйин бошидаги голлар бизга енгиллик берди. Ўзларингиз айтгансизлар, агар турнир жадвали аутсайдерлари келиб, чуқур ҳимояланса, бизга қийин бўлади. Шу сабабли бизга ҳужумкор жамоалар билан ўйнаш маъқулроқ. Рақиб ҳужумга ўтса, биз учун ҳам ҳудудлар пайдо бўлади. Йигитларимиз барчасига мослашган ва тезкор. Исталган вақтда ҳужумга ўтамиз.

- Яқинда клуб раҳбариятида ўзгаришлар бўлди. Ушбу ўйин учун раҳбарият томонидан рағбатлантириш ваъда берилди-ки, жамоанинг иштиёқи катта бўлди-ми ёки бошқа сабаблар борми?

- Раҳбариятда қандай ўзгаришлар бўлибди?

- Клуб президенти Алишер Қодиров бўлибди.

- У йил бошидан бери бор. Айтишим керакки, вилоятимиз раҳбарлари томонидан барча муаммолар ҳал қилинмоқда. Шу сабабли уларга раҳмат айтамиз. Молиявий томондан муаммолар бўлаётган бўлса ҳам раҳбарлар футболчилар учун ҳаракат қилишмоқда. Ўз навбатида биз ҳам ҳар бир ўйинда яхши ўйин кўрсатишга интиляпмиз. Жамоа олдидаги қарзлар тўланади.

- Грузиялик футболчида ортиқча вазн сезмадингизми?

- Ортиқча вазнмас-ку, мослашиш қийин бўлмоқда. "Қизилқум" билан ўйинда унга имконият бердик. Аббос Ғуломов билан у битта позицияда ўйнайди. Сўнгги ўйинларда Аббос яхшироқ ҳаракат қилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia