Рўзиқул Бердиев: "Ҳужумда ташкил этишда оқсадик, ҳимояда эса қўпол хатога йўл қўйдик"

22 авг 2026, 02:05
Суперлига 18-туридан ўрин олган "Навбаҳор" - "Насаф" (1:0) учрашувидан сўнг қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

"Навбаҳор"ни ғалаба билан табриклайман. Уларнинг бугунги ўйини билан ғалабага муносиб эди. Ўз дарвозамизга гол киритиб қўйиб, рақибнинг вазифасини осонлаштирдик. Иккинчи бўлимда эса ҳужумда кўплаб хатоларга йўл қўйдик. Узун тўпларга ўтиб кетдик. Нега бундай қилдик билмайман. Бундай ҳолатларда аниқ паслар билан тўпни назорат қилиш керак. Умумий қилиб айтганда, ҳужум ташкил этишда оқсадик. Ҳимояда эса қўпол хатога йўл қўйдик", - дея гап бошлади Рўзиқул Бердиев.

- Мухлислар жамоангизга қанчалик таъсир ўтказа олди?

- Бу мезбонга қўл келди. Стадион деярли тўлди. Мухлислар қанчалик кўп бўлиши мезбонга мадад бўлади.

- Жамоангиз сўнгги ўйинларда барқарор ўйин намойиш эта олмаяпти. Энди бошланадиган ОЧЛ мусобақаси олдидан бундай ҳолат сизни хавотирга солмаяптими?

- Жамоадаги ички ҳолатни яхши биламан. Ҳеч ким билан бу ҳақда муҳокама қилмоқчи эмасман. Етакчиларимиз бор. Биз иккита яхши жамоа билан ўйнаб, мағлуб бўлдик. Жамоам вазиятни ўнглаш учун куч топа олади.

- Кубокда яна "Навбаҳор" билан ўйнайсизлар...

- Кубок ўйини бир баҳсдан иборат. Бугунги ўйин ушбу рақиб билан ўйнаса бўлишини кўрсатди. Тартиблироқ ўйнашимиз керак. Жамоамиз тикланишга улгуради деган умиддаман.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia