Россия терма жамоаси Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан етакчи футболчисини йўқотиши мумкин

9 ноя 2026, 11:35
Россия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Александр Головин Ўзбекистонга қарши ўртоқлик учрашуви олдидан жароҳат олди.

"Монако" футболчиси 8 ноябрь куни Франция чемпионатининг 10-туридан ўрин олган "Ле-Ман"га қарши сафар учрашувида асосий таркибда майдонга тушди.

Бироқ 30 ёшли ярим ҳимоячи 54-дақиқада жароҳат туфайли алмаштирилди. Головин майдонни оқсаган ҳолда тарк этди. Унинг ўрнига Парис Бруннер ўйинга қўшилди.

Ҳозирча футболчининг жароҳати қай даражада жиддий экани ва тикланиш муддати ҳақида маълумот берилмаган.

Қайд этиш жоиз, Головин Россия миллий терма жамоасининг ноябрь ойидаги ўртоқлик учрашувлари учун эълон қилинган якуний таркибидан жой олган.

Шу сабабли унинг 12 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистонга қарши бўлиб ўтадиган баҳсдаги иштироки сўроқ остида қолмоқда.

Маълумот учун, Головин жорий мавсумда "Монако" сафида барча мусобақаларда 14 та учрашув ўтказиб, 1 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.

"Ле-Ман" – "Монако" учрашуви 1:1 ҳисобида якунланди.

Ўзбекистон – Россия ўртоқлик учрашуви 12 ноябрь куни "Пахтакор" марказий стадионида соат 20:00 да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›