"Сурхон" ва "Андижон" ўртасида бўлиб ўтадиган учрашув стадиони ўзгарди

9 ноя 2026, 09:25
Бу ҳақида "Сурхон" матбуот хизмати маълум қилди.

"Маълумки, "Сурхон" футбол клуби айни вақтда ўз уй учрашувларини вақтинча Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган ОКМК спорт мажмуасида ўтказиб келмоқда.

Бироқ Суперлига тақвимига мувофиқ, 19 ноябрь куни "Сурхон" жамоаси "Андижон"ни қабул қилиши, орадан бир кун ўтиб, яъни 20 ноябрь санасида эса ОКМК жамоаси ўз майдонида "Қизилқум"га қарши баҳс олиб бориши белгиланган.

Шу муносабат билан, бир спорт иншоотида қисқа вақт оралиғида кетма-кет иккита юқори даражадаги расмий учрашувнинг ўтказилиши майдон қопламаси ҳолатига ортиқча юклама келтириб чиқариши мумкинлиги инобатга олинди.

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан мамлакатимиздаги футбол майдонларининг сифатини сақлаш, табиий чим қопламасини асраб-авайлаш, спорт иншоотларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда чемпионат учрашувларини муносиб шароитларда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, мусобақа давомида майдонларнинг белгиланган талабларга жавоб беришини таъминлаш, футболчилар учун қулай ва хавфсиз ўйин шароитларини яратиш, шунингдек, учрашувларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Айнан шу омилларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан "Сурхон" – "Андижон" учрашувини Жиззах вилоятининг Зомин шаҳрида ўтказиш белгиланди.

Шу тариқа, "Сурхон" жамоаси Суперлиганинг 28-туридаги навбатдаги уй учрашувини Зомин шаҳрида ўтказади. Мазкур ўзгариш фақат учрашув ўтказиладиган манзилга тааллуқли бўлиб, баҳснинг белгиланган санаси ва бошланиш вақти ўзгаришсиз қолади".

Шу тариқа, "Сурхон" ва "Андижон" ўртасидаги учрашув 19 ноябрь куни Зомин шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: @FCSURXON_OFFICIAL