"Ал Насср" устози "Нефтчи"га қарши баҳсдан олдин матбуот анжуманида нималар деди?

Aslanov Jasurbek
11 окт 2026, 23:45
Саудия Арабистонининг "Ал Насср" клуби бош мураббийи, австралиялик Анге Постекоглу Осиё Чемпионлар Лигаси элита босқичининг 2-туридан ўрин олган "Нефтчи"га қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида дастлабки турда керакли натижага эришилмаганидан сўнг бўлажак ғалабанинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

— Биз бу ўйинни интиқлик билан кутяпмиз. Осиё Чемпионлар Лигаси биз учун жуда муҳим мусобақа. Биринчи ўйинда яхши натижа кўрсата олмагандик, шу сабабли ўз мухлисларимиз қаршисида муносиб ўйин кўрсатиб, ғалабани қўлга киритамиз деган умиддамиз, — деди Постекоглу якшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Австралиялик мутахассис ўйинларнинг тиғизлиги ва жароҳатлар сўнгги пайтларда жамоанинг ўйинига салбий таъсир кўрсатганини таъкидлади:

— Биз қаттиқ меҳнат қиляпмиз. Кетма-кет кўплаб ўйинларда майдонга тушиш жуда қийин. Дастлабки тўрт-беш ўйинда яхши ҳаракат қилдик, аммо кейинчалик тиғиз график сабаб муаммоларга дуч келдик. Ўтган жума куни футболчилар тактик жиҳатдан мен талаб қилган барча топшириқларни бажаришди, бундан хурсандман. Айниқса мураккаб дамларда барча бор кучини сарфламоқда. Мақсадимиз — сўнгги ўйиндаги ижобий жиҳатларни ривожлантириб, муваффақиятларга эришишда давом этиш.

Таркиб борасидаги қарорлар ҳақида гапирар экан, мураббий шундай деди:

— Аввад ажойиб ўйин кўрсатди, у маҳоратли футболчи ва ҳали кўп имкониятга эга бўлади. Ўйиндан олдин сўнгги машғулотни ўтказамиз ва унда футболчиларнинг тайёргарлик даражасини яна бир бор кўриб чиқамиз. Жуау эса ажойиб ўйинчи, у бизда учта турли позицияда ўйнади. Энг муҳими, унинг жисмоний ҳолати жойида эканига амин бўлиш, чунки у Жаҳон чемпионатидан сўнг жуда кўп ўйинларда қатнашди. Уни бир нечта позицияда ўйнай олишидан хурсандмиз.

Шунингдек, мураббий Айман жароҳат олгани ва спорт формасини тиклашга ҳаракат қилаётганини, Сами эса бутун бир йилни ўтказиб юборганини айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, жамоада ўйинчилар сони чекланган ва ҳамма майдонга тушиш имкониятини кутмоқда.

Ўз навбатида, "Ал Насср" ҳимоячиси Наваф Бушал ҳам "Нефтчи"га қарши бўлажак учрашувнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди:

— Тайёргарлигимиз юқори даражада. Биринчи ўйинда керакли натижага эриша олмаганимиз боис, бу баҳснинг қанчалик муҳимлигини яхши тушуниб турибмиз. Умид қиламизки, ғалаба биз томонда бўлади.

Саудия Арабистони терма жамоаси билан Кўрфаз кубогида зафар кучгани ҳақида гапирар экан, Бушал шундай деди:

— Барчани мамлакатимиз учун муҳим бўлган ушбу соврин билан табриклайман. Терма жамоа билан чемпион бўлиш катта шараф. Саудия халқига қувонч улашиш бизга фахр ва янада кўпроқ меҳнат қилиш масъулиятини юклайди.

Клуб билан шартномани узайтириш борасидаги саволга у қуйидагича жавоб берди:

— Бу раҳбарият ва агентимга тегишли масала, яқин орада ҳаммаси ижобий ҳал бўлади деган умиддаман. Биздан талаб қилинадигани — клуб билан иштирок этаётган ҳар бир турнирда чемпионлик учун курашиш.

Сўзининг якунида Бушал "Ал Насср" мухлисларига мурожаат қилди:

— Мухлислар — бизнинг энг асосий суянчиғимиз ва куч манбаимиздир. уларнинг чемпионликда ҳиссаси жуда катта бўлган. Эртага ҳам уларни стадионда кутиб қоламиз ва ғалаба билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: arriyadiyah.com