Пике: "Яна бир требл сари эътиборимни жамлаганман"
28 мар 2016 23:30
Янгиликлар
Пике: "Яна бир требл сари эътиборимни жамлаганман"
Уни эътиборингизга тақдим этамиз.
- Тез-тез турли кўнгилсизликка дуч келишингиз эътиборга арзийдими?
- Бунга арзиши ёки йўқлигини ҳеч қачон ўйламаганман. Гарчи, бизга баъзида маълум чизиқдан чиқиш керак бўлмаса-да, мен ҳиссиётларим айтган нарсани қиламан ва бундай йўл тутишимдан қониқаман. Охирги пайтларда журналистикада бир йўналиш пайдо бўлди ва машҳурлашди. Ўша янги журналистлар футболдан ташқари ҳамма нарса ҳақида гапиришади. Ва доим баҳслашишади. Бирор голни кўрсатмайдиган теледастурлар бор. Томошабин буни кўради, сен эса ҳеч нарса қила олмайсан.
- Твиттердаги фикр ва ҳазилларингиз ўша оммани жалб қилади.
- Бунга ҳаддан ташқари катта эътибор берилади. Бу мен учун шунчаки ўйин. Хурсанд бўламиз, куламиз. Бироқ баъзи одамлар бу юракка жуда яқин қабул қилади, худди ҳаёт ва ўлим масаласидек. Ҳазиллашгим келган бўлса-да, кимнингдир ҳаётига зомин бўлгандек таасурот қолади.
- Буларга чек қўйиб, ўзингизни оддий футболчи сифатида тутиш ҳақида ўйлаганмисиз?
- Бу билан анчадан бери шуғулланаман. Ҳар бир ҳазилимдан аввал шу тўғрисида ўйлайман. Фаоллигимнинг асосий вақти мавсум энди бошланган ва қизиб борадиган август-декабрь ойларига тўғри келади. Шундан кейин мен тўхтайман. Тўғриси, ҳеч нарсани ўзгартиришни истамайман, чунки бундан завқ оламан.
- Кийиниш хонасида ўзингизни бошқача ҳис қиласизми?
- У ерда мен оддий йигитлардан бириман. Футболдан ташқарида бошқа қизиқишларим бор. Умуман бошқа нарсалар. Уларни хоҳлаганим учун ҳам ўша ишлар билан шуғулланаман.
- Жамоада муаммоларингизни муҳокама қиладиган шеригингиз борми ёки эркаклар кийиниш хонасида фақат аёллар ва машина ҳақида суҳбатлашишини тасдиқлайсизми?
- Бундай суҳбатлар бошқа жамоаларда содир бўлиши мумкин. Биз эса сиёсат, жамоат ва иқтисодий янгиликларни муҳокама этамиз. Турлича инсонлар бор. Маскерано билан бизнес ва сиёсат тўғрисида гаплашаман. Албатта, иқтисод ҳақида гапни эшитиб, туриб кетадиган футболчилар ҳам бўлади. Бироқ булар футболдан ташқарида юз беради. Менда турли нарсаларга қизиқадиган дўстларим етарли.
- Юзага келган испан футболчиси образи ишончли эмасми?
- Доим футболчилар унчалик тарбияли эмас, аммо футбол жамият ва ҳар бир уйда катта эътиборга эга. Якунда биз АҚШда бўлганидек, спортчиларни кўпроқ ҳурмат қилишларига ўтамиз. Майдон ва унинг ташқарисида.
- Нимани назарда тутяпсиз?
- Бир қанча йил олдин Англияда ирқчилик, зўравонликка қарши курашишни бошлашди ва бу самара берди. Улардан ўрнак олишимиз даркор. Кичик жарималар ёрдам бермайди, чунки одам уни тўлайди ва яна нимадир салбий ишни амалга оширади. 6-7 ёшли болалар стадионга келиб, трибуналардан қичқиришларни эшита олмайди. Бундан ақлдан озасан. Барча бақиришлар, твиттердаги ҳолатлар барҳам топиши мумкин.
- МБАда Коби Брайант “Селтикс”ни кўра олмаслигини гапирса, ҳеч нарса содир бўлмайди. Аммо бу ерда “Барса” мухлиси “Реал”ни ёқтирмаслигини айтса, бу кўпчиликнинг жаҳлини чиқаради.
- Бундай реакция бўлишини тушунмайман. Бу ҳақида жим туришларига қарамай, бизни хурсанд қиладиган кўп нарсалар мавжуд. Масалан, бошқаларда ишлар ўхшамаганда. Рақобат – шундай: биз бирдек яхши ва ўша нарсани қила олмаймиз. Бу мантиқийдир.
- Ҳа, лекин бошқалар бу ҳақида гапирмайди.
- Чунки бу тўғри қабул қилинмайди. Бизда “Реал”да ҳаммаси яхши бўлади” ёки “Атлетика”ка барча яхши нарсаларни тилайман” дейиш қабул қилинган. Тинчлик яхши. Аммо ёлғон меҳрибонликдан фойда кам. Бу менинг йўлим эмас ва шунинг учун бундай гапирмайман. Бу менга ёқади. Менга бир жамоага борича мухлислик қилиш ёқади ва рақибларда ишлар ёмон бўлишини истайман. Бу спорт дегани. Баъзида ўзимга мантиқий кўринган фикрга одамларнинг асабий реакция билдиришларига ҳайрон бўламан. Мен гапларим эътиборсиз қолмаслигини биламан, аммо уларнинг оқибатини ҳисоблай олмайман. Масалан, Кевин Рональд ҳақида билдирган фикримда бу таъсирга эга бўлишини билганман, бироқ терма жамоага таъсир кўрсатишини тасаввур қилмагандим.
- Сизга терма жамоада сиёсий эмас, айнан шу сабабли ҳуштакбозлик қилишган деб ҳисоблайсизми?
- Ҳа, айнан “Барселона” ва “Реал” ўртасидаги қарама-қаршилик туфайли, сиёсат тарафдан эмас. Бунга аминман. Бу терма жамоа ҳис қиладиган ва фойда келтирмайдиган ҳолат. Ҳар сафар жаноб Дель Боске мен ҳақимда саволга жавоб беришига тўғри келганини кўрганимда, унинг азоб чекаётганини биламан. Бу ёқмайди, чунки у тўғрисида қайғураман. Иш шунгача етиб боришини билганимда, ҳеч қачон ўша гапларни ёзмаган бўлардим.
- Ҳуштакбозлик ўйинингизга таъсир ўтказиши мумкинми?
- Йўқ. Агар одамлар мадҳияга ҳуштакбозлик қилса, бунинг ортида одамлар бирор нарса дейдиган сабаб турибди. Шунинг учун менга ҳуштак чаладиган одамларда бунга сабаб борлигини биламан. Шу холос. Бунда сиёсий хабар бор эди, аммо мадҳияга ҳуштакбозлик қиладиганларни ҳимоя қилмаганман. Бу юз бериши керак деб ўйламайман. АҚШда супербоул пайтида америкаликлар мадҳиясига қандай ҳурмат билан муносабатда бўлишганини кўрдим. Аслида шундай бўлиши лозим.
- Каталониянинг мустақиллигига муносабатингиз қандай?
- Бунга оилам ёрдамида жавоб бераман. Мен испан, хотинимнинг келиб чиқиши ливан ва колумбиялик инсонларга боғланган. Ўғлимда испан, каталон, ливан ва колумбияликлар қони оқади. Биз катта глобализация даврида яшаймиз. Шу сабабли ўзингни бирор жойга боғлашинг вақтни бекорга сарфлашдир. Ҳамиша Жон Ленноннинг фикрини маъқуллайман: байроқлар йўқ. Барчамиз оламда яшаймиз ва кўп нарсаларни баҳам кўрамиз. Ҳаётдан роҳатланиш керак, йўқ муаммоларни қидириш эмас.
- Дель Боске сиздан 2015 йилда энг кўп фойдаланди, аммо унга муҳаббатингиз ҳақида шубҳалар мавжуд.
- Агар Испания терма жамоаси учун ўйнаётган бўлсам, буни амалга оширишни чин дилдан хоҳлаганим учун қиляпман. Бизда ажойиб жамоа бор ва ўзимни ҳозир испан деб ҳисоблайман.
- Сиз спорт бўйича қабул қилган ва бошида таваккал кўринган қарорлар якунда омадли бўлиб чиқди. Бунинг сири нимада?
- Бошқа клубга ўтишда кўп футболчилар пулга эътибор қаратишади. Бу муҳим эмас. Энг муҳими – ўзинг ўтаётган жамоа фалсафасига тўғри келиш. Яна сен яшайдиган шаҳар ҳам кам бўлмаган аҳамият касб этади. Фақат шундан кейин пул ҳақида гапириш мумкин. Футбол – жамоавий ўйин, шунинг учун бошқача йўл тутиш мумкин эмас. Сен жамоа бўлагисан ва уни ўрган, у билан биргаликда ўрган. Кўпчилик бунинг нақадар муҳимлигини яхши тушунмайди.
- Икки йил аввал ўйинингиз яхши таассурот қолдирмаган ва сизга иштиёқ етишмагандек туюлганди. Барчаси жонингизга текканмиди? Сизда шубҳалар бўлганми?
- Ўйнашни жуда эрта бошлаганман ва ёшлигимдан кўплаб совринлар ютиш насиб қилган. Ўшанда уни ҳозирдагидек қадрламагандим. Бирор нарсани мажбур қилганим учун қила олмайман. Менга олов, муваффақият керак. Муваффақиятсиз ўзимни ҳеч кимдек сезаман. Англияда 2014 йил олдинги савияга қайтишни исташимни ўзимга айтдим. Тушундим – ривожланишда давом этиш ёки бошқа жой қидиришим зарур. Ҳозир яхши ҳолатдаман. Футболдан ҳар доимгидан кўпроқ завқ оляпман.
- Анча вақт олдин нафақага эрта чиқиб, “Барселона” президенти бўлишни айтгандингиз. Бу режалар ўзгармадими?
- Ҳа, шундай. Захирамда яна бир неча йил мавжуд. Ҳозирги ҳолатга бор эътиборимни қаратганман, ўзим ҳақимда қайғураман. Оилам ҳам менга барқарорликни сақлашга ёрдам бермоқда. Бундан лаззат олишни ва қадрдон жамоам учун имкон қадар узоқроқ ўйнашда давом этишни хоҳлайман. Кейин нима бўлишини кўрамиз. Фаолиятимни узоқроқ олиб бориш асосий иштиёқим саналади.
- Сизни яна нима руҳлантиради?
- Машғулотларнинг ишқибози эмасман, лекин менга рақобат ёқади. Баҳслашиш мени илҳомлантиради. Ўйин қанча қийин бўлса, ундан шунча кўп завқ оламан. Жарима майдонига қамалаб олган рақиб устидан 6:0 ёки 7:0 ҳисобидаги ғалаба ҳеч қандай роҳатланиш бермайди. Бундай ўйинларда вазифам камроқ хато қилишдир. Менга бизга чақириқ ташлаб, босим ўтказишлари ва қийин аҳволдан барибир чиқиб кетишимиз зарур. Сабр қилиб, азоб чекиб, якунда зафар қучиладиган баҳслардан ҳузурланаман. Шундай кунларда кийиниш хонасига “Бугун барчасини тўғри амалга оширдик” деган хаёлда кириб бораман.
- Аммо фаолиятингизда “Барселона”да бундай ўйинлар кўп бўлмаган.
- Ҳа, баъзида кўпроқ ҳимояланиш учун бошқа жамоага ўтиш тўғрисида ўйлаганман. Чунки менга турли қийинчиликларга рўпара келиш ёқади. Жамоамизнинг ушбу авлод футболчилари учун зафар қучишда давом этиш энг катта муаммо саналади. Бу энг қийинидир. Ҳар сафар ютганингиздан кейин навбатдаги учрашув қийинроқ кечади. Бу аниқ.
- Сиз учун қийин пайтда оилангиз барқарорликни тиклаб олишга кўмак бергани тўғрисида айтиб ўтдингиз.
- Ҳа, Шакира ҳаётимга кўп ижобий нарсалар олиб кирди. Футболчи бўлсанг ва рафиқанг сендан машҳурроқ бўлса, бу анча ғалати. Биз жуда бахтлимиз ва бир-биримизнинг муваффақиятимиздан қувонамиз. Кумиринг шеригинг бўлиши керак, мен учун у шундай. Биз тинч ва келишган ҳолда ҳаёт кечирамиз. Куннинг қизғин пайтида бирга бирор савдо марказида юра олмасмиз, лекин кинога боришимиз, магазин айланишимиз мумкин. Болаларимизга яхшироқ нарсалар қилиб, оддий оилавий ҳаёт кечирамиз. Мени болаларнинг футболчиларга қараб, улардан ўрнак олишлари ҳайратда қолдиради. Ўғлим пайпоғини тиззасидан юқори кияди ва узун футболкаларни танлайди. Чунки унинг отаси шундай қилади. Шу кунларда у тупурди ва бунинг учун уришиб берганимда “Лео шундай қилади” деб жавоб қайтарди. Бу мени ўйлашга мажбур этди. Бизга доим болалар учун ўрнак бўлишимиз кераклигини гапиришади, аммо ўзингиз фарзандли бўлмагунча буни тушуниб етмайсиз.
- Мессини барибир эслаб ўтдингиз.
- Унинг учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Барчаси ўйлаб қўйилгандек ҳолатда ҳам у ҳайратлантирадиган нимадир ўйлаб топади. Унинг охирги пайтларда ғамхўр бўлганини таъкидлаш лозим. У Суарес ва Неймарни қандай қабул қилгани барчасини кўрсатиб турибди.
- Ушбу интервью чиққунга қадар навбатдаги мунозарага киришишни режалаштиряпсизми?
- Йўқ. Ҳозир бор эътиборимни навбатдаги треблни ютишга қаратганман.
Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.
Фикрлар