

"Реал" президенти Флорентино Перес "Алавес" билан ўйиндаги ҳакамнинг ҳаракатларини унинг клуб ҳақидаги аввалги баёнотлари билан боғлади.
"Мадрид" клуби якшанба куни Ла Лиганинг 16-тури доирасида сафарда "Алавес"ни мағлуб этди (2:1). Иккинчи бўлим сўнгида рақиб жарима майдончаси ичида Винисиус Жуниор йиқилганидан сўнг "Реал" фойдасига пенальти белгиланмади.
Учрашувни бош ҳакам Виктор Гарсия Вердура бошқариб борди, VAR учун эса Пабло Гонсалес Фуэртес жавобгар эди. Фуэртес ўтган мавсумдаги "Барселона" – "Реал" (3:2) Испания Кубоги финали олдидан "қаймоқранглилар"нинг клуб телевидениеси томонидан ҳакамлар танқид қилинганига шундай муносабат билдирган эди: "Бунга бошқа чидаб ўтирмоқчи эмасмиз. Биз жиддийроқ чоралар кўришни бошлаймиз, тез орада эшитасизлар".
"Кеча [VARда] Кубок финали арафасида клубимизга нисбатан чора кўриш билан таҳдид қилган ҳакам ишлади. Мана энди Винисиус ва Родригога нисбатан ишлатилган қўполликлар учун пенальти белгиланмади", – деди Перес.
"Реал" Ла Лиганинг 16-турида меҳмонда "Алавес" устидан ғалаба қозонди (2:1).



