

Эфирнинг навбатдаги сонида Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази (ЎзФҲМ) раҳбари, собиқ рефери Маъмур Саидқосимов, шунингдек, Толибжон Қосимов ва Нарзулла Сайдуллаев иштирок этишди. Кўрсатув давомида Маъмур Саидқосимов футбол қоидаларидаги сўнгги ўзгаришлар ҳамда ҳамюртимиз Илгиз Танташевнинг Парагвай — Франция учрашувидаги ҳакамлиги хусусида атрофлича фикр билдирди.

ЖЧдаги янги қоидалар ва уларнинг Суперлигага татбиқ этилиши
Маъмур Саидқосимов: — Жаҳон чемпионатида энг сара ҳакамлар иштирок этади. Улар ФИФА томонидан 4 йил давомида кузатилиб, саралаб борилади. Айни пайтда реферилар IFAB ва ФИФА томонидан ўйин қоидаларига киритилган сўнгги ўзгартиришлар асосида иш олиб боришмоқда.
Мухлис сифатида қараш бошқа, ичига кириб, мутахассис кўзи билан таҳлил қилиш бошқа. Эътибор берган бўлсангиз, мундиалда деярли ўта қўпол, қўрқинчли хатолар учраётгани йўқ. Дарвозабонлар тўпни ўйинга киритаётганда 5 сониялик қоидани бузмасликка ҳаракат қиляпти, жамоалар ҳам ўйинни тезроқ бошлаш лозимлигини тушуниб етишди. Умуман олганда, ҳакамлар учрашувларни юқори даражада бошқариб боришмоқда.
Шу ўринда, IFAB томонидан киритилган бир қанча муҳим янгиликларга тўхталиб ўтсак:
Майдонни тарк этиш: Алмаштирилаётган футболчи 10 сония ичида майдондан чиқиб кетиши керак. Агар бу вақт ичида чиқмаса, унинг ўрнига тушадиган ўйинчи майдонга киритилмайди (жамоа вақтинча бир киши кам бўлиб қолади).
Аутлар ва дарвозадан тўп киритиш: Аутдан тўпни ўйинга киритиш учун 5 сония, дарвоза майдончасидан зарба бериш учун эса 15 сония вақт ажратилади.
Жароҳатлар: Агар футболчи майдонда жароҳат олса, унга тиббий ёрдам кўрсатилгач, камида 1 дақиқа майдон ташқарисида қолиши шарт.
Бундан ташқари, ВАР ҳакамлари ишига ҳам қўшимчалар киритилди. Айни пайтда ЎзФҲМ инструкторлари Жаҳон чемпионати ўйинлари асосида махсус тақдимотлар тайёрлаб, жамоаларимизга тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. Суперлиганинг 16-туридан бошлаб мана шу янги қоидаларни маҳаллий чемпионатимизда қўллашни бошлаймиз. Тез орада футболчиларимиз Осиё Кубогида қатнашади, агар бу янгиликларни ҳозирданоқ жорий қилмай, чўзиб юрсак, халқаро майдонда йигитларимизга жуда қийин бўлади.

Ўзбек ҳакамларининг истиқболи ҳақида
Жаҳон чемпионатида ҳакамлик учун ёш чегараси 45 ёш этиб белгиланган. Шу боис, Илгиз Танташевда кейинги мундиалда ҳам қатнашиш имконияти бор.
Қувонарлиси, орқадан яхши ҳакамларимиз етишиб чиқяпти. Мисол учун, ФИФА ҳакамларимиз Аскер Нажафалиев ва Рустам Лутфуллинни келтириш мумкин. Аскер яқинда УЕФАнинг 17 ёшлилар ўртасидаги мусобақасини бошқариб қайтди. Таниқли мутахассис Фарҳод Абдуллаев билан гаплашганимда, УЕФА вакиллари ҳакамларимизнинг ишидан жуда мамнун бўлишганини айтди. Назоратчилар уларнинг майдон ичи ва ташқарисидаги ўзини тутишини юқори баҳолашган. Ишонаманки, кейинги Жаҳон чемпионатларида ҳакамларимиз сони янада кўпаяди. Бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда, қолгани эса ҳакамларнинг ўз устида ишлашига боғлиқ.
"Парагвай ифлос футбол ўйнади..."
Илгиз Танташевнинг Парагвай — Франция учрашувига тайинланганини эшитганимда, ичимдан "уҳ" деган хавотир ўтди. Чунки йигитларимизни чинакам олов ичига ташлашганди. Гуруҳ босқичидан фарқли ўлароқ, плей-оффда жамоалар қандай йўл билан бўлмасин, фақат натижа учун ҳаракат қилишади.
"Парагвай футбол ўйнаб эмас, рақибни уриб-туртиб, майдонда жанг қилиб натижа чиқармоқчи бўлди. Тоза футбол ўйнаганида, барибир Францияни юта олмасди. Францияликлар эса ўзларини босиб, совуққонликни сақлаб қолишди. Бошқа жамоа бўлганида, асаблар дош бермай, қизил карточкалар сони кўпайиб кетиши ҳеч гап эмасди. Жанубий америкаликлар ўзларининг "исқирт" футболини ўтказишга уринди, аммо Франция барибир ўз ўйинини намойиш эта олди."

Эҳтимол, бошидаёқ 1-2 та сариқ карточка кўрсатилганида ўйин тинчланиши мумкин эди, деган фикрлар бўлиши табиий. Илгиз билан гаплашганимда, ўйиндан кейинги таҳлилда назоратчилар ҳам буни таъкидлашганини айтди. Лекин Илгизнинг ҳам ўз аргументи бор: "Жаҳон чемпионатида ўйин тизгинини бузиб қўймаслик муҳим эди. Чунки битта кескин қарор занжирдек уланиб, вазиятни янада чигаллаштириши мумкин эди". Агар у кетма-кет сариқ ва қизил карточкалар бериб, футболчиларни ҳайдаганида ҳам, барибир катта муҳокамалар келиб чиқарди. У имкон қадар ўйин жиловини қўлдан чиқармасликка интилди. "Майдонда катта ажиотаж ёки ҳакамга ташланиш ҳолатлари бўлмади, кўпроқ оғзаки танбеҳ билан чекландим", деди Илгиз. Бу учрашув унинг келажаги учун улкан тажриба мактаби бўлди.
Очиғини айтганда, бизни хурсанд қиладиган жиҳати — ҳамюртимиз ўз фаолиятидаги илк Жаҳон чемпионатига бориб, нақ 3 та учрашувни бошқаришга улгурди.
"Танташевга 1 баҳо берилгани — сафсата"
Франция нашрлари Танташевнинг ҳакамлигини кескин танқид қилиб, унга "1 баҳо" қўйилгани ҳақида ёзиб чиқишди. Аслида халқаро ҳакамликда бундай баҳолаш тизими умуман мавжуд эмас. Баҳолаш 10 баллик тизимда олиб борилади. Агар ҳакам ўйин натижасига бевосита таъсир қиладиган қўпол хатога йўл қўйса — масалан, аниқ пенальтини бермаса, ноҳақ қизил карточка кўрсатса ёки офсайддан урилган голни ҳисобга олса — унинг баҳоси энг паст кўрсаткич, яъни 7,4 балл этиб белгиланади. Шундан сўнг ўша ҳакам мусобақадан четлатилади.
Танташев томонидан эса ўйин натижасини ўзгартириб юборадиган бундай қўпол хато бўлгани йўқ. Майдондаги пенальти вазиятида унга ВАР ёрдам берганини тан олиш керак. Илгиз ўша вазиятда позиция танлашда бироз хатога йўл қўйганди — кўришни тўсиб турган 3 та футболчи ортида қолгани учун фолни пайқамай қолди. Аммо ВАР бу ерда ёрдамга келди. ВАР шунинг учун ҳам йўлга қўйилган.

Илгиз Танташев ҳали Ўзбекистонга қайтгани йўқ. У айни пайтда Жаҳон чемпионатида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Ҳомийларимиз: CAU, “InfinBank”, “AKFA”, “Ucell”, “TT LLC”, “Black Cofee”, “OfoTour”

