Ўтмишга назар. Абдуқодир Ҳусановнинг отаси – дарвозабон

Оқил Абдубарноев
30 окт 2026, 16:55
"Манчестер Сити" ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг отаси, собиқ футболчи Ҳикмат Ҳошимов фаолияти давомида бир учрашувда дарвозабон вазифасини ҳам бажарган.

2004 йилнинг 25 сентябрь куни Тошкентдаги "Жар" спорт мажмуасида Ўзбекистон Олий лигасининг 19-тури доирасида ўтказилган "Локомотив" ва "Металлург" ўртасидаги баҳсда мезбонлар 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Учрашувнинг 70-дақиқасида "Металлург" дарвозабони Артур Парвонов майдондан четлатилган. Бу вақтда ҳисоб 2:0 бўлган ва Бекобод клуби учта алмаштириш имкониятидан ҳам фойдаланиб бўлганди.

Шу сабабли жамоанинг асосий таркибида ҳимоячи сифатида ҳаракат қилган Ҳикмат Ҳошимов дарвозабон вазифасини бажаришга мажбур бўлган.

Ҳошимов дарвозани қўриқлашга ўтганидан кейин "Локомотив" яна иккита гол урган. 74-дақиқада Абдуқахҳор Маъруфалиев ўзининг учинчи голини киритган бўлса, 82-дақиқада Собир Усмонхўжаев якуний ҳисобни ўрнатган.

Ҳикмат Ҳошимов 90+2-дақиқада сариқ карточка ҳам олган.

Маълумот учун, Ҳикмат Ҳошимов футболчилик фаолияти давомида асосан ҳимоячи ва ярим ҳимоячи позицияларида ҳаракат қилган. У "Металлург", "Локомотив", "Андижон", "Насаф", "Бунёдкор" каби клубларда тўп тепган.

Шунингдек, 2007–2008 йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 13 та ўйинда иштирок этиб, 1 та гол урган.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›