Оловли август таҳлили: "Навбаҳор" чемпион, грандлар очко йўқотди, "Сўғдиёна" уйғонмоқда

Iskandarov Abdulaziz
3 сен 2026, 13:57
Август ойида Суперлигада ўтказилган 5 та тур жадвалнинг юқори ва қуйи қисмидаги жамоалар ўрнини сезиларли даражада ўзгартириб юборди.

Жамоаларнинг сўнгги 5 та ўйиндаги натижалари (август ойи формати) ҳамда 14- ва 19-турлардан кейинги умумий турнир жадвалини солиштирганда, бир қатор эътиборга молик жиҳатлар юзага чиқади.

photo_2026-09-03_13-45-35.jpg

1. 🚀 Август — "Навбаҳор"да юз фоизлик натижа ва "Сўғдиёна"нинг уйғониши

Август ойининг энг яхши жамоаси сўзсиз "Навбаҳор" бўлди. Наманганликлар август ойидаги 5 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, 100 фоизлик натижа — 15 очкони қўлга киритишди (тўплар нисбати 13:4).

Жадвалдаги сакраш: 14-турдан сўнг 22 очко билан 5-ўринда бораётган "лочинлар" 19-турга келиб 37 очко билан 3-ўринга кўтарилиб олди ва чемпионлик учун курашга қайтди.

Шунингдек, Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоаси учун август бурилиш нуқтаси бўлди. Ўтган ойдаги 5 ўйинда 12 очко тўплаган (2-ўрин) жиззахликлар умумий жадвалда 14-ўриндаги хавфли ҳудуддан (12 очко) 10-ўринга (24 очко) кўтарилиб, пастки зонадан анча узоқлашди.

"Бухоро" ҳам стабиллик кўрсатиб, августда 11 очко жамғарди ва 14-турдаги 4-ўринни (23 очко) 19-турда ҳам мустаҳкам сақлаб қолди (34 очко).

513386.jpg

2. ⚠️ Пешқадамлар шашти пасайди: "Нефтчи" ва "Пахтакор"да очко йўқотишлар

Гарчи "Нефтчи" ва "Пахтакор" турнир жадвалида мос равишда 1- ва 2-ўринларни сақлаб қолишган бўлса-да, август ойи улар учун чемпионлик пойгасида кутилгандек сермаҳсул кечмади:

"Нефтчи": 14-турда 35 очко билан яққол пешқадам бўлиб турган Фарғона клуби августдаги 5 та ўйинда 10 очко (3 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият) тўплади. Очколар сони 45 тага етганига қарамай, жамоа аста-секин таъқибчиларни ўзига яқинлаштирмоқда.

"Пахтакор": Тошкентликлар август ойида умуман мағлубиятга учрамаган бўлишса-да, кетма-кет 4 та дуранг ва 1 та ғалаба эвазига бор-йўғи 7 очко жамғаришди (тўплар нисбати 5:4). Натижада "Пахтакор" 14-турда "Нефтчи"дан 2 очкога ортда қолаётган бўлса (33 очко), 19-турга келиб бу фарқ 5 очкога (40 очко) етди. Орқадан эса 37 очко билан "Навбаҳор" яқинлашиб олди.

photo_2026-09-03_13-48-50.jpgphoto_2026-09-03_13-48-51.jpg

3. 📉 Август омадсизлари ва инқироз: ОКМК ҳамда "Насаф"

Август ойи айниқса ОКМК ва "Насаф" учун муваффақиятсиз кечди:

ОКМК: 14-турдан сўнг 25 очко билан кучли учликда (3-ўрин) бораётган олмалиқликлар августдаги 5 ўйинда бор-йўғи 4 очко (1 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият) тўплашди ва 6-ўринга (29 очко) тушиб кетишди. Яна бир факт, “кончилар” охирги 3 та ўйинда рақиб дарвозасига йўл топа олишгани йўқ.

"Насаф": Қаршиликлар ҳам августда бор-йўғи 4 очко тўплаб, 7-ўриндан 9-ўринга (25 очко) пасайишди.

511673.jpg

4. 🚨 Қуйи зонадаги вазият: "Машъал" элита билан хайрлашмоқда, "Бунёдкор" хавфли ҳудудда

"Машъал" (Муборак): Муборакликларнинг аҳволи жуда оғир. Август ойидаги 5 та ўйиннинг барчасида мағлубият (0 очко, тўплар нисбати 1:10). 14-турдан сўнг 4 очкоси бўлган "Машъал" 19-турдан сўнг ҳам 4 очко билан охирги, 16-ўринда қолмоқда. 15-ўриндаги жамоа билан орадаги фарқ 15 очкони ташкил этмоқда. Тепадаги жамоалардан бунчалик ортда бориш "Машъал"нинг Суперлигада қолиш имкониятларини деярли йўққа чиқармоқда.

"Бунёдкор": Тошкентнинг "қалдирғочлари" ҳам август ойини барбод қилишди. Сўнгги 5 та ўйинда 5 та мағлубият (0 очко) ва 6:15 тўплар нисбати! 14-турдан сўнг 19 очко билан хотиржам 10-ўринда бораётган жамоа августдаги мағлубиятлар сериясидан сўнг 19-турда 15-ўринга (хавфли зона) тушиб кетди.

“Сурхон”: Анвар Ғофуров шогирдлари август ойида 5 та ўйинда 5 очко йиғишди. Улар орасида “Пахтакор” ва ОКМК майдонида қўлга киритилган дуранглар алоҳида қадрли бўлиши шубҳасиз. 

“Қизилқум”: Навоийликлар 5 та баҳсда 9 очко қўлга киритишди ва 13-ўриндан 11-поғонага чиқиб олишди. Битта ўйинда жамоага техник ғалаба ёзилди. Жамшид Саидов жамоаси августни “Насаф”га қарши муҳим ғалаба билан якунлади. 

511972.jpg

Эътиборлиси, "Қўқон-1912" августда 8 очко тўплаб, 15-ўриндан 14-ўринга (19 очко) кўтарилиб олди ва "Бунёдкор" билан очколарни тенглаштирди.

Август сарҳисоби шуни кўрсатмоқдаки, мавсумнинг қолган қисмида нафақат чемпионлик ва кучли учлик учун, балки элитада жонини сақлаб қалиш йўлида ҳам ҳар бир очко олтинга тенг бўлади. Бугун жамоалар сентябрь ойидаги юришларини бошлайди. Мавсум якунига қадар янада қизиқ лаҳзалар ҳали олдинда.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia