

Агар тарихга назар ташласак, деярли ҳар бир ёш тоифасидаги терма жамоамиз камида икки-уч мартадан мураббий алманишини бошдан кечирган. Бу занжирда фақатгина 2008 йилларда туғилган футболчилар авлоди истисно бўлиши мумкин, холос. Қолган барча ёшларда — доимий изланиш, доимий тажрибаларга қўл уриб келиняпти. Бу мавзунинг чуқур қатламларига шўнғишдан аввал, яқинда содир бўлган янгиликка эътибор қаратсак.
Янги лойиҳа: Ўзбекистон U-14 (2012 йиллар) терма жамоаси
Жорий йилдан эътиборан Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) 2012 йилда туғилган футболчилардан иборат янги U-14 терма жамоасини очди. Ушбу жамоа 2029 йилги U-17 Осиё Кубогида юртимиз шарафини ҳимоя қилиши белгиланган ва улар аллақачон ўзларининг илк ўқув-машғулот йиғинига киришишди.
Бироқ, жамоага бош мураббий этиб Абдумажид Тоировнинг тайинланиши жамоатчиликда қатор саволларни туғдирмоқда.

Бош мураббий ҳақида икки оғиз
Абдумажид Тоировни футболчи сифатида Фарғонанинг "Нефтчи" клубидаги ёрқин ўйинлари орқали яхши таниймиз. Лекин унинг бош мураббийлик салоҳияти катта саҳнада ҳали синалмаган. Биз Тоировни кўпроқ ОФК ўқув курсларида инструктор сифатида кўрардик. Кейинчалик у "Сурхон" ва "Бунёдкор" клубларида спорт директори, шунингдек, "Unwanted Boys" медиа жамоасида мураббий сифатида фаолият юритди. Охирги йилларда эса "Нефтчи" клубида ёшлар футболи кординатори лавозимида ишлаб келаётган эди. На болалар футболида, на катта футболда мураббийлик потенциалини намоён қилмаган.
Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади:
Хориждан келиб, қандай иш қилганини ҳеч ким тушунмай кетган техник директор Ги Киаладан сўнг, бу тайинлов кимнинг ташаббуси билан амалга оширилди? Усмон Тошевми? Мураббийлар кенгашими?
ЎФА қайси мезонларга таяниб Тоировни терма жамоа рулига ўтказди? Бу ҳам навбатдаги таваккалчиликми?
Мақсад кимгадир душманлик қилиш эмас, балки порлоқ бир авлоднинг тақдири учун қайғуришдир. Чунки бугун қилинган хато эртага бутун бир авлодни йўққа чиқариши, ЎФА ва Тоиров обрўсини ер билан битта қилиши ҳеч гап эмас.
Жавоб Кутаётган 4 муҳим савол:
Номзоднинг салоҳияти: Абдумажид Тоиров мураббий сифатида қандай ютуқ ва сифатларга эга? У қайси жамоада қандай натижа кўрсатди ёки қайси иқтидорни кашф қилиб, катта футболга тақдим этди?
Авлодни таниш даражаси: У 2012 йилда туғилган болаларнинг ички имкониятларини нечоғлик яхши билади? Юртимизда ушбу ёш тоифасини ичидан биладиган, улар билан йиллар давомида ишлаб келган бошқа мутахассислар йўқмиди?
Барқарорлик кафолати: Юқоридаги анъанага мувофиқ, бир йилдан кейин бу авлод яна бошқа одамнинг қўлига топширилиб юборилмайдими?
Тизим қани? ЎФАда терма жамоаларга мураббий тайинлашнинг аниқ, ва узоқ муддатли стратегияси мавжудми ўзи?

Фактлар сўзлаганда: XXI асрдаги мураббийлар карусели
Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун сўнгги йиллардаги аччиқ рақамлар ва фактларга юзланамиз. Ҳар бир ёш тоифаси бошидан кечирган сценарий бир хил: дастлаб хато тайинлов, кейин муваффақиятсизлик ва ниҳоят “ёнғинни ўчириш” учун бошқа мураббийни чақириш.

2001-2002 йиллар (Олимпия терма жамоаси)
Париж Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган бу авлодни дастлаб 14 ёшида Аҳмаджон Мусаев ва унинг ёрдамчиси Зокир Хаётов шакллантиришни бошлаган эди. Кейинчалик жамоа Дилшод Нуралиевга топширилди. 2017 йилги Саудия Арабистонидаги U-16 Осиё Кубоги саралашидаги муваффақиятсизликдан сўнг Нуралиев ишдан олинди. CAFA турнирида жамоани Усмон Тошев ва Бахтиёр Дадаматов бошқарди. Жамоа U-19 ёшига ўтаётганда эса руль Отабек Ғуломхўжаевга ишонилди. Яна ўша Саудиядаги саралаш, яна жанжаллар ва можаролар... Якунда Ғуломхўжаев истеъфога чиқарилиб, лойиҳа Тимур Кападзега топширилди ва у жамоани Олимпиадага олиб чиқди.

2004 йиллар. Абдураимов бошлаган ишни Хайдаров якунига етказди
Азамат Абдураимов бошчилигидаги бу жамоа Тошкентдаги саралашда Ҳиндистон билан дуранг ўйнаб, Осиё чемпионати йўлланмасини жуда қийинчилик билан нақд қилган эди. Бироқ, битта хориж йиғинидан сўнг жамоа Олим Шокировга берилди. Шокиров қитъа биринчилигига тайёргарлик кўраётган паллада пандемия сабаб турнир бекор қилинди. Кейинги босқичда йўлбошчи сифатида Дмитрий Ким ва Илдар Магдеев тайинланди. Аммо 2022 йил Тошкентдаги U-23 Осиё Кубогида 1999-2000 йиллар қатнашолмаслиги, улар ўрнига Кападзе жамоаси иштироки аниқ бўлгач, ЎФА 2004 йилларни Равшан Ҳайдаровга топширди. Ҳайдаров бу авлодга 2003 йилларни ҳам қўшган ҳолда Осиё чемпиони бўлди ва Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

2005 йиллар (Лос-Анжелес-2028 Олимпиадаси учун пойдевор)
ЎФА бу жамоани аввалига тажрибали Рауф Инилеевга топшириб кўрди. Бир нечта йиғинлардан сўнг Инилеев маслаҳатчи, Фарҳод Нишонов эса бош мураббийга айланди. Аммо Нишонов қўл остидаги жамоа U-20 Осиё Кубогида Жаҳон чемпионати йўлланмасисиз қолгач, пост яна Равшан Ҳайдаровга бўшатиб берилди. Ҳозирда жамоани навбатдаги Олимпиада саралашига Равшан Акмалович тайёрламоқда.

2006 йиллар. Жепаровдан Раҳматуллаевгача
Бу авлодда ҳам барқарорлик бўлмади. Ишни Сервер Жепаров бошлаган эди, лекин эстафетани Жамолиддин Раҳматуллаев қабул қилиб олди. Лазиз Мирзаев, Амирбек Саидов, Оллаберган Каримов каби иқтидорларни кашф қилган бу жамоа U-17 Жаҳон чемпионатида чорак финалгача етиб бориб, мухлислар олқишига сазовор бўлди.
2007 йиллар. Жамолиддин Раҳматуллаев яна қутқарувчи ролида
Келгуси йил U-20 Жаҳон чемпионатида қатнашиши керак бўлган бу ёшларни биринчи бўлиб Зайниддин Тожиев йиғди. Фақатгина биргина хориж йиғинидаги салбий натижалардан сўнг Тожиев лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига келган Аскер Халмуратов даврида жамоа ҳақиқий парокандаликка учради, кетма-кет мағлубиятлар туфайли терма жамоа худди “кома” ҳолатига тушиб қолгандек эди. Вазиятни қутқариш учун яна 2006 йиллар билан муваффақият қозонган Жамолиддин Раҳматуллаев чақирилди. У аввалги жамоасида бу ёшдаги Азизбек Тўлқинбеков ва Беҳруз Каримов каби футболчилар потенциалини яхши билгани боис, жамоани қайта жонлантира олди. 2007 йиллар билан ишлаш унга бегона эмас.

2009 йиллар - Чигодаевда янги авлод болалари
Дилшод Нуралиев ўзи катта қилган ва шакллантирган 2009 йиллар терма жамоаси ўртоқлик учрашувида Япония устидан қозонилган ғалабадан сўнг... истеъфога чиқарилди! Жамоа Сергей Чигодаевга топширилди. Тўғри, Чигодаев жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқди, аммо Осиё Кубоги вақтида терма жамоа ўзининг энг кучли ва оптимал ҳолатида эмасди.
2010 йилларда вазият қандай?
2022 йилда, футболчилик фаолиятини тугатганига атиги икки йил бўлган Анвар Ғофуровга 2010 йиллар терма жамоаси ишониб топширилди. Ғофуров селекция ишларини бошлади, режага кўра бу жамоа юртимизда ўтиши керак бўлган Ёшлар Осиё ўйинларида қатнашиши лозим эди. Бироқ мусобақа мезбонлиги ва форматлар ўзгариб кетгач, ушбу терма жамоа ҳам бошқа мутахассис — Айдер Курбаев ихтиёрига ўтказилди.
2011 йиллар -шох сохта бўлиб чиқди
Ўтган йилнинг апрель ойида тузилган ушбу терма жамоада селекция ишларини дастлаб германиялик Ларс Хопп бошлади. ФИФА томонидан юборилган бу “хорижлик домла” Эстония ўсмирлар футболида ва Германиянинг "Любек" мактабида ишлаган экан. Аммо жаноб Хоппнинг Ўзбекистондаги умри узоққа чўзилмади — 3-4 ойдан сўнг Вануату деган кичик бир орол давлатга жўнаб қолди. Унинг даражаси шу ердан маълум. Биз футбол ўйнашни биладиган, Жаҳон чемпионатини кўрган давлатмиз Вануату эмас. Бугунги кунда бу ёш терма жамоа болалар футболида улкан тажрибага эга, Равшан Ҳайдаров штабида икки карра Осиё чемпиони бўлган, Жаҳон чемпионатини кўрган Миразиз Мирзааҳмедовга қолди. Миразиз Мирзааҳмедов бу йилларнинг имкониятини жуда яхши билади. Нега аввалроқ бошидан берилмади?

Агар Абдумажид Тоиров номзоди шунчалик кўп шубҳа ва саволларни туғдираётган бўлса, унда бу масъулиятли постга ким лойиқ эди? Юртимизда болалар футболининг ичида юрган, ушбу ёш тоифасини беш қўлдай биладиган ҳақиқий мутахассислар йўқмиди? Албатта бор!
Масалан, Зокир Ҳаётовни олайлик. У "Бунёдкор" академиясида айнан 2012 йилда туғилган болалар билан йиллар давомида меҳнат қилиб, Тошкент шаҳар чемпионатида барча бош совринларни ўзники қилиб келмоқда. Бу авлоднинг ички муҳити, иқтидорлари ва имкониятларини яхши биларди. Ёки "Пахтакор" тизимида ёшларни катта футболга тарбиялаётган Бобир Абдураҳмонов бор, бор ана, тажрибали, Жаҳон чемпионатини кўрган Анвар Раҳимов бор. Станислав Кудряшов билан Рустам Қурбонбоев тандемичи? Бу мутахассисларнинг ҳар бири болалар футболининг ҳавосидан нафас олиб, шу соҳанинг “қозонида қайнаган” инсонлардир.
Бироқ, бу ерда асосий гап фақатгина фалончи ёки пистончининг мураббий бўлишида эмас. Энг катта муаммо — танлов ва тайинловларнинг тўғри ҳамда профессионал мезонлар асосида амалга оширилмаётганида!
Хулоса ўрнида: ЎФАга очиқ саволлар
Юқорида келтирилган тизимли фактлар шуни кўрсатмоқдаки, ЎФА мураббий тайинлаш жараёнининг дастлабки босқичидаёқ доимий равишда хатога йўл қўймоқда. Кейинчалик эса ўша хатони хаспўшлаш ёки “ёнғинни ўчириш” учун болаларни бошқа бир мутахассисга қўш-қўллаб топширмоқда.
Бундай беқарор муҳитда нафақат натижа бой берилади, балки ўсиб келаётган ёш футболчиларнинг руҳияти ва профессионал ривожланишига ҳам жиддий путур етади.



