Неъматилло Қутибоев: "Ғалабага муносиб эмасдик"

Оқил Абдубарноев
16 май 2026, 21:14
Ўзбекистон кубоги 2-туридан ўрин "Металлург" – "Арал" (2:1) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Неъматилло Қутибоев матбуот анжуманида иштирок этди.

– Бугунги ўйин ҳақидаги фикрларингиз қандай?

– "Металлург"ни бугунги ғалаба билан табриклаймиз. Ўйинга келадиган бўлсак, менимча, рақиб бизга қараганда яхшироқ ҳаракат қилди. Биз бугун ғалабага муносиб эмас эдик. Назаримда, бу жорий мавсумдаги энг қониқарсиз ўйинларимиздан бири бўлди.

– Сизнингча, айнан қайси жиҳатларда камчиликларга йўл қўйилди, жамоага нима етишмади?

– Камчиликларимиз бисёр. Ҳимояда ва марказий ҳудудда доимий равишда хатолар кузатилмоқда. Айнан чизиқлар орасидаги боғламларда узилишлар бўлди. Бунга нима таъсир қилганини билмадим, аммо таъкидлаганимдек, бугун "Металлург" жамоаси биздан яхшироқ ўйнади.

– Кейинги турда "Арал" жамоасини ОКМКга қарши баҳс кутиб турибди. Бўлажак учрашув ҳақида қандай фикрдасиз?

– Бўлажак баҳсга жиддий тайёргарлик кўрамиз. Айни пайтда биз чемпионат ўйинларига ҳам ҳозирлик кўрмоқдамиз. Гувоҳи бўлганингиздек, сўнгги икки учрашувда таркибда ротацияни амалга оширдик. ОКМКга қарши кечадиган ўйинда эса майдонга асосий таркиб билан тушамиз.

– Айнан шу мавзуда савол бермоқчи эдим. Ўзи "Арал" жамоаси олдига Ўзбекистон кубогида қандай вазифа қўйилган эди?

– Кубок баҳсларидаги вазифамиз – ҳар бир ўйинда майдонга тушиб, чиройли ўйин кўрсатган ҳолда ғалаба қозонишдир. Бироқ, юқорида айтиб ўтганимдек, Қўқондаги баҳсда ҳам, бугунги ўйинда ҳам таркибда бироз ўзгаришлар қилдик. Аслида, бизда ўйинчиларни асосий ёки захира таркибига ажратиб бўлмайди, чунки барчамиз яхлит бир жамоамиз. Майдонга тушган ҳар бир футболчи ўз вазифасини тўлақонли бажариши шарт. Лекин, тан олиш керак, бугун йигитлар жуда бўш ҳаракат қилишди.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›