

2022-2025 йилларда "Нефтчи"да Виталий Левченкога кўмаклашган, бугунги кунда Душанбенинг "Истиқлол" жамоасида фаолиятини давом эттираётган дарвозабонлар мураббийи Фарруҳ Бердиев Жаҳон чемпионати олдидан фикрларини билдирди.
Илк бор кўрилган ва муҳрланиб қолган турнир — Франция-1998
— Менинг хотирамда биринчи бўлиб муҳрланиб қолган мусобақа — 1998-yilda Францияда ўтган Жаҳон чемпионатидир. Ўшанда биз ҳали ёш бола эдик. Ўша пайтлари ҳар бир ўйинни тўлиқ томоша қилишга имкон топа олмасдик, чунки турнир жами 64 та ўйиндан иборат эди. Бироқ телевизорда ҳар бир учрашув тафсилотларини кўрсатиб борувчи машҳур "Париж вақти" кўрсатуви бўларди. Ушбу афсонавий дастурни таниқли шарҳловчи Виктор Гусев олиб борарди ва биз ўйинлар шарҳини (обзорини) интизорлик билан кутиб, томоша қилардик.
1998-йилги чемпионат жуда қизиқарли ўтган. Мезбон Франция ўз уйида Бразилия терма жамосини йирик ҳисобда мағлуб этиб, чемпион бўлган эди. Шунингдек, ажойиб ўйинлар кўрсатган Хорватия терма жамоасининг учрашувлари ҳам ҳамон ёдимда.
Ўша даврдаги афсонавий дарвозабонлар ижроси эса чинакам дарслик эди:
Фабьен Бартез ўзининг ажойиб сейвлари билан ёрқин таассурот қолдирган;
Парагвайлик афсона Хосе Луис Чилаверт нафақат дарвозада турарди, балки ўзи чиқиб жарима зарбаларини (штрафной) рақиб дарвозасига жойлаб қўярди;
Бразилиялик Клаудио Таффарелнинг ҳаракатлари ҳам ўша давр футболининг гўзаллиги эди. Биз уларни болалигимизда ҳайрат билан томоша қилганмиз.

Мен кўрган энг зўр мундиал — Германия-2006
— Мен гувоҳ бўлган жаҳон чемпионатлари ичида энг мукаммали ва унутилмаси, шубҳасиз, 2006-йилги Германия майдонларидаги турнирдир. Ўзим ҳам азалдан Италия терма жамоасининг содиқ мухлиси ҳисобланаман.
Ўша чемпионатда Италия ва Франция терма жамоалари ўртасидаги драматик финал учрашуви футбол тарихидан абадий жой олди. Айниқса, дарвозабон Жанлуижи Буффон ўзининг фантастик ўйинлари ва қаҳрамонликлари билан Италиянинг жаҳон чемпиони бўлишига улкан ҳисса қўшганди. Умуман олганда, 2006-йилги турнир жуда кўп драматик ва унутилмас учрашувларга бой бўлган.
— Мен Ўзбекистон терма жамоасига мухлислик қиламан. Чунки биз қўшни давлат, қардош халқмиз. Қолаверса, Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўтган йили «Нефтчи» клуби сафида бирга ишлаган футболчиларимиз — дарвозабон Ботирали Эргашев, Жамшид Искандеров ва Фаррух Сайфиевлар бор. Бундан ташқари, таркибда жуда кўплаб таниш футболчилар мавжуд, уларнинг ҳаммасига чин дилдан мухлислик қиламиз.
Шунингдек, алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, бу йилги Мундиалда нафақат Марказий Осиё, балки бутун МДҲ давлатлари орасидан фақатгина Ўзбекистон қатнашмоқда. Бу жуда катта фахр! Қўшниларимизга омад ёр бўлсин. Ишонаманки, Фабио Каннаваро — кучли мутахассис ва унинг атрофида жуда кучли мураббийлар штаби жамланган. Барча футболчиларга, мураббийларга ва раҳбариятга омад тилайман.

— Албатта, Жаҳон чемпионатидаги дарвозабонлар ўйинини диққат билан кузатаман. Менимча, қайси терма жамоа финалгача етиб борса, ўша жамоа посбони турнирнинг энг яхши дарвозабони бўлади. Шахсий фикримча, бу номинацияга Алиссон Бекер, Тибо Куртуа ёки Жордан Пикфорд асосий даъвогар бўлиши мумкин. Бу йилги Жаҳон чемпионати жуда қизиқарли ўтади ва мусобақа давомида кўплаб янги, иқтидорли дарвозабонлар кашф этилишига ишонаман.
— ЖЧ-2026 учун Ўзбекистон миллий терма жамоасига айни пайтда мамлакатнинг энг кучли уч нафар дарвозабони саралаб олинди. Уларнинг барчаси юқори даражадаги посбонлар. Майдонда ким ўйнашидан қатъи назар, омад улар томонида бўлсин. Илоҳим, ўзларининг чиройли ўйинлари ва маҳоратли сейвлари билан жамоани муҳим вазиятларда қутқариб қолишсин. Мен уларнинг ҳаммасини яқиндан танийман ва доимий равишда гаплашиб тураман.
Афсуски, регламентга кўра қайдномага фақат 3 та дарвозабон киритилиши шарт. Агар 4 та дарвозабон олиб кетиш имконияти бўлганида, мен бу рўйхатга Владимир Назаровни ҳам қўшган бўлардим. Назаров ҳам бунга лойиқ эди, бироқ охирги ўйинларда камроқ ўйин амалиётига эга бўлгани учун, менимча, кучли учликдан ўрин ололмади. Терма жамоа дарвозабонлар мураббийи ва бош мураббий энг кучли учликни танлашда анча бош қотиришгани аниқ. Ўткир Юсупов — Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишда ўзининг ишончли ўйинлари билан жуда катта хизмат қилган тажрибали ва маҳоратли дарвозабон. Шу билан бирга, Ботирали Эргашев ва Абдувоҳид Неъматов ҳам миллий жамоада соғлом рақобатга тўлиқ тайёр. Уларнинг ҳаммаси кучли посбонлар, барчаларига яна бир бор омад ёр бўлишини тилайман.


