

— Учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан бўлишсангиз...
— Ўйинга келадиган бўлсак, жуда қийин учрашув бўлиши кутилган эди. Болалар биринчи бўлимда берилган кўрсатмаларни бажаришди, ўйин структурасини бузиб қўйишмади. Кейин гол урдик. Ўтказиб юборган голимизга тўхталадиган бўлсак, энди ҳакамларни танқид қилиш эмас-у, лекин бизнинг ўйинчимизга нисбатан рақиб ўйинчиси қўпол равишда қоидани бузганди. Ўша ерда ён ҳакамнинг шундоқ кўз олдида бўлган нарса. Ўша ерда ўйинни тўхтатганда, бу вазият ҳам бўлмасди. Умуман олганда, ўйнадик. Биз ҳам, "Лочин" жамоаси ҳам бу натижадан қониқмаган бўлса керак.
— Захирадан тушган футболчилар ўйинга қанчалик куч бағишлай олишди?
— Барибир захирадан қўшилган ўйинчиларга, ёшларга имконият бердик. Бугун 99-рақамда тушган ўйинчимиз, кейин ҳужумга Алиевни ҳам туширдик. Ёшларга имконият беряпмиз. Мана шундай тажриба орттириб, уларнинг келажакда ўсишига, ўзига бўлган ишончни ортиришига жуда қўл келади деб ўйлаймиз. Олдимизда муайян бир мақсад йўқ, шунинг учун ёш болаларни ўйнатиш, тажриба тўплаш ва уларни келажакда яхши жамоаларга кузатиш каби вазифамиз бор. Шу вазифага таяниб, қўрқмасдан ёш болаларни тушираверамиз — ўйин амалиётига эга бўлишлари учун. Энди кучайтирдими-кучайтирмадими, барибир кимдир тушиб кетолмади, кимдир кучайтирди. Буни таҳлил қилган ҳолда болаларга секин-секин тушунтирамиз. Яхши томонини ҳам, хато қилган томонларини ҳам — бу фақат иш жараёнида бўладиган нарса.
— "Ғазалкент" ҳозир меҳмон жамоаси бўлиб қолган: меҳмондаги ўйинларда натижа яхшироқ бўлмоқда. Бу нимага боғлиқ?
— Бу нарсани биз ҳам изланяпмиз. Ўзимизнинг майдонимиз йўқлиги сабаби ҳам бордир. Лекин биз ҳам изланишдамиз, болалар билан гаплашяпмиз. "Ўйинга тайёрмиз" дейишади, лекин уйда ўйнаганда кичик хатолар, деталлар мағлубиятга олиб келяпти. Шунинг учун олдимизда ривожланиш учун ишлаймиз, болаларга хатоларини кўрсатиб, уларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз. Бу оддий жараён, хато қилмайдиган ўйинчининг ўзи йўқ. Қанча кўп хато қилишса, шунча кўп бизга иш бўлади — ўшаларни бартараф қилиб, уларни катта футболга яхши футболчи қилиб тайёрлаб бера оламиз.
— Жамоага ўйинчиларни етиштириб сотиш бўйича йиллик режа қўйилганми?
— Йўқ, энди бу нарса, бу йиллик… Биз хусусий жамоамиз, мисол учун ҳозир биз ўзимизнинг раҳбаримизга ёрдам қиламиз десак, биз қанча кўп футболчи тайёрлаб берсак четга кетадиган қилиб, шунча бу катта лойиҳа ўзини оқлайди. Энди барибир йилни бошладик, йилни тугатамиз, кейин хулоса қиламиз. Йилнинг бошида келган, қанақа даражада келган болаларнинг ҳамма нарсаси бизда бор. Мисол, биринчи давра тугади, ўсиш борми-йўқми, бизда у нарсалар бор. Ҳозир йилнинг охирига келамиз, ўсиш борми-йўқми, кейин хулоса қилган ҳолда кейинги йилга режа тузилади.
— Жамоа етакчиси Диёр Тожиев бир неча ўйиндан бери таркибда кўринмаяпти, бу нимага боғлиқ?
Диёр Тожиев ҳозирги пайтда Португалияда. Бунга сабаб: январ ойида, худо хоҳласа, унинг трансфери ҳал бўлади. Ҳозир у ерга юборилганининг сабаби — Португалия жамоасининг иқлимига, философиясига мослашиши, адаптация жараёнидан ўтиши учун бу нарса режа асосида қилинди. Бироз вақтдан кейин қайтади, лекин трансфер тафсилотлари январ ойида эълон қилинади.



