

Бугун Элит Осиё Чемпионлар лигаси 4-туридан ўрин олган "Насаф" – "Ал Ваҳда" учрашуви бўлиб ўтади.
Жамоалар шу пайтга қадар атиги бир маротаба тўқнаш келган. 2001/02 йилги Осиё клублар чемпионатининг чорак финали минтақаларга ажратилган ҳолда гуруҳ босқичи тизимида ўтказилган.
Ғарбий минтақа гуруҳининг 3-турида икки жамоа ўзаро тўқнаш келган. Учрашувнинг 1-дақиқасидаёқ амирликлар Ал Эназининг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олган. Аммо бўлим якунида қаршиликлар устунликни ўз томонига оғдирган. Дастлаб 41-дақиқада Абдулазиз Муҳаммад ўз дарвозасига тўп киритиб қўйган бўлса, 45-дақиқада Нўъмон Ҳасанов ғалаба голига муаллифлик қилган – 2:1.
Мазкур ғалаба "Истиқлол" (Эрон) ва "Ал Кувайт" (Кувайт) билан бир гуруҳдан ўрин олган "Насаф"нинг 2-ўрин билан ярим финалга йўл олишига ҳисса қўшди.
Аммо "Насаф" ярим финалда Кореянинг "Сувон Самсунг", 3-ўрин учун беллашувда эса Эроннинг "Истиқлол" клубига имкониятни бой берди.



