
Кариб ҳавзасидаги Буюк Британиянинг денгизорти ҳудудига қарашли Монтсеррат терма жамоаси ўз олдига улкан мақсад – 2030 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олишни қўйган ҳолда, Facebook тармоғи орқали ғайриоддий тарзда бош мураббий қидиришни бошлади.
Бир нечта кичик қишлоқлардан иборат ва тахминан 4500 нафар аҳолига эга бўлган ушбу ҳудуд ўзининг инфратузилмавий чекловларига қарамай, футболда сезиларли юксалишни амалга оширишга уринмоқда.
Айни пайтда Монтсеррат ФИФА рейтингида 175-ўринни эгаллаб турибди. Бу эса уларнинг элита даражасида рақобатлашиши учун қанчалик улкан машаққатларни енгиб ўтиши кераклигини кўрсатади.
Шундай бўлса-да, жамоа ўйинида маълум ўсиш кузатилмоқда. 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида улар гуруҳдаги қолган барча баҳсларда имкониятни бой берган бўлса ҳам, Белиз устидан ғалаба қозонишга муваффақ бўлди.