Мирко Йеличич: "Йигитлар бу ғалабага лойиқ эдилар"

20 ноя 2026, 21:11
Суперлиганинг 28-тури доирасидаги "Локомотив" - "Пахтакор" учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Мирко Йеличич иштирок этди.

- Раҳмат. Яна бир бор ўзимизга ўзимиз қийинчилик туғдирдик. Бу бизнинг дастлабки дақиқалардаёқ гол ўтказиб юбораётган бешинчи ёки олтинчи ўйинимиз бўлди. Бундай ҳолатдан кейин ўйинни қуриш анча қийинлашади. Аммо бугун жамоамизнинг характерини кўрсатдик. Олий лигада ўйнаганда жамоалар ўртасидаги сифат борасидаги фарқ унчалик катта бўлмайди. Лекин характердаги фарқ кўп нарсани ҳал қилади. Бизнинг жамоада кучли характер ва жамоавий руҳ борлиги жуда яхши. Бу қийин вазиятларда катта ёрдам беради. Бугун футболчиларимиз буни яна бир бор исботлашди. Улар ғалабага ҳақли эдилар. Баъзида уч очко қўлга киритасан, аммо ғалабага тўлиқ лойиқ эдик, деб айта олмайсан. Бугун эса биз ғалабага ҳақиқатан ҳам лойиқ эдик.

- Мирко ака, ғалаба билан табриклайман! Менда иккита савол бор. Биринчиси, иқтидорли футболчи Жасур Яхшибоевнинг характери анча мураккаб эканини ҳеч ким инкор этмайди. Биринчи бўлимда Билол Туплиев жуда яхши ўйнади, аммо иккинчи бўлимда чарчагани сезилди. Жамоа 0:1 ҳисобида ютқазаётган пайтда сиз Нуруллоевни майдонга туширдингиз. Бу вазиятда иккита йўл бор эди: чарчаган футболчини алмаштириш ёки яна бир провокация бўлса, қизил карточка олиши мумкин бўлган футболчини майдондан олиш. Жасур эса Абдумажидов билан тўқнашувда унга зарба берди, аммо ҳакам бу ҳолатни пайқамади. Сиз таваккал қилдингиз, Билолни алмаштирдингиз ва Жасурни майдонда қолдирдингиз. Натижада у гол урди. Мураббий сифатида бу қарорингизни қандай изоҳлайсиз?

— Биз рақибга босим ўтказишда давом эта олишимизни кўрдик. Билол, албатта, жуда кўп меҳнат қилади, ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам жамоага ёрдам беради. Жасур эса ҳал қилувчи вазиятларда бироз яхшироқ қарор қабул қила олади. Билол яхши позицияларга чиқади, аммо баъзан вазиятнинг якуний босқичида тўғри қарор қабул қилишда нимадир етишмайди. Жасур эса рақиб футболчилари чарчаган пайтда шундай вазиятлардан самарали фойдалана олади. Унда бунинг учун етарли маҳорат бор. Бундан ташқари, у тажрибали футболчи. Майдонда қаерда туриш кераклигини билади, зарур пайтда танаси билан тўпни ҳимоя қила олади. Шунинг учун уни майдонда қолдиришга қарор қилдик.

— Тушундим. Аммо мен бошқа жиҳатни назарда тутяпман. Телетрансляцияда ҳам кўринди: яна бир провокация бўлганида, сиз футболчисиз қолишингиз мумкин эди. Демак, бу таваккалга онгли равишда бордингиз, тўғрими?

— Биз Жасур билан гаплашдик. У катта ёшли, тажрибали футболчи. Унга хотиржам бўлиши, ҳиссиётларига берилиб, бунинг ўйинга халақит беришига йўл қўймаслиги кераклигини айтдик. Ҳозир бизнинг олдимизда бошқа вазифа бор эди — бу учрашувда ғалаба қозониш. У бизни тушунди. Баъзида футболчи билан гаплашганингизда, у сизни тушунмаётганини ёки айтганингизни бажаришга тайёр эмаслигини ҳис қиласиз. Жасур эса бизни тўлиқ тушунди ва майдонда ўзини назорат қила олишини кўрсатди.

Унинг айрим ўйинларида ғалаба учун курашиш истаги ва кучли ҳиссиётларини яққол сезиш мумкин. Баъзида эса бундай бўлмайди. Бугун унда ана шу иштиёқ бор эди. Шунинг учун таваккал қилиб, уни майдонда қолдиришга тайёр эдим.

IMG_0331.JPG

— Ғалаба билан яна бир бор табриклайман! Чемпионат якунига қадар бир нечта тур қолди. Тез орада журналистлар ва ПФЛ томонидан мавсумнинг энг яхши футболчиси, энг яхши мураббийи ва энг яхши жамоасини аниқлаш учун овоз бериш жараёни бошланади. Агар Темурхўжа Абдухолиқов энг яхши футболчи номзодлари қаторига киритилса, бу фикрга қўшиласизми? Унинг ўйинга таъсири ва биринчи лигада иштирок этган жамоанинг бу мавсумда тўртинчи ўринда бораётганини ҳам ҳисобга олсак, бу қандай натижа? Ўзингизни ҳам йилнинг энг яхши мураббийи номзодлари қаторида кўрасизми?

— Энг яхши футболчи ким экани ҳақида ўйласак, бу фақат унинг мавсум давомида кўрсатган натижалари билан эмас, балки шу даражани қанчалик барқарор сақлаб қолгани билан ҳам белгиланади. Икки-учта, ҳатто тўртта ажойиб гол уриш мумкин. Аммо ҳар бир ўйинда юқори савияни намойиш этиш жуда қийин. Темурхўжа ҳар бир учрашувда юқори сифат кўрсатяпти. Мавсум давомида ундан нимани кутиш мумкинлигини биласиз. Бундай барқарорликка эришиш осон эмас. Бу фақат кучли инсонларнинг қўлидан келади. Унинг бу мавсумда кўрсатаётган ўйини мени ҳайратда қолдиряпти. Худо хоҳласа, шу тарзда давом эттиради. Мен уни анчадан бери биламан, имкониятларини ҳам яхши биламан. Ўз савиясини шунча вақт давомида сақлаб қолиш жуда қийин. Энг яхши мураббий масаласига келсак, бу менинг қарорим эмас. Буни бошқалар ҳал қилади. Мен Моуриньо эмасман-ку! (кулади)

Менга футболдан алоҳида бирор нарса керак эмас. Жамоам яхши ўйнаса, шунинг ўзи мен учун етарли. Бир вақтлар Кубокни ҳам, чемпионатни ҳам ютиб, ОЧЛда чорак финалгача борганмиз. Аммо шунда ҳам мени энг яхши мураббий номзодлари қаторига киритишмаган. Шунинг учун бу танловни ким ва қандай ўтказишини олдиндан айта олмайман. Менга уларнинг эътирофи шарт эмас. Мен учун энг муҳими — футболчиларимнинг олдимга келиб, "Раҳмат", деб айтишлари.

— Бугун Анзур Исмоилов футболчилик фаолиятини якунлаганини эълон қилдик. У биринчи даврадаёқ фаолиятини тугатиши мумкин эди. Аммо, назаримда, сизнинг фикрингиз ёки илтимосингиз билан футболда қолди. Агар у ҳозир ҳам фаолиятини давом эттираётганида, сўнгги ўйинларда у жамоага ёрдам бериши мумкинмиди?

— Бу бошқа масала, бу ҳақда бирор нима дейиш ҳам қийин. Ҳар бир инсоннинг олдида турли вазифалар бўлади. Баъзилар учун ҳаётдаги энг муҳим нарса футбол бўлса, бошқалар учун бошқа вазифалар устувор бўлиши мумкин. Анзорда ҳам шундай давр келдики, унинг олдида футболдан муҳимроқ вазифалар пайдо бўлди. У футболга қўлидан келган барча нарсани берди. Ўз имкониятлари доирасида жуда узоқ вақт, эҳтимол, ўттиз йилдан ҳам кўпроқ футбол ўйнади. Баракалла! Инсоннинг шунча йил давомида юқори савияда ўйнай олиши жуда яхши. Аммо бир кун келиб, инсоннинг ақли ҳам, танаси ҳам унга: "Етар, энди тўхташ керак", деб айтади. Менимча, Анзур учун ҳам шундай вақт келди. Агар у мавсум охиригача ўйнашга қарор қилганида, бизга ёрдам бера оларди. Унинг савияси бунга етарли эди. Бу борада ҳеч қандай шубҳам йўқ.

— 24 ноябрь Кубок ярим финали бўлади. Ундан кейин эса совринга эришиш учун яна бир қадам қолади. Сизнинг бошқа мураббийлардан фарқли жиҳатингиз — тиғиз тақвимда ўйнашни ёқтиришингиз ҳақида кўп гапирасиз. Тўрт кун ичида навбатдаги учрашувга қандай тайёргарлик кўрасиз? Психологик ва жисмоний жиҳатдан футболчилар чарчаши табиий. Масалан, Тожиев ҳар уч кунда ўйнаш жамоага таъсир қилаётгани, жароҳатлар кўпайиши ҳақида гапирди. Сиз эса аксинча, бундай тақвимни маъқул кўрасиз. Бунинг сабаби нимада?

— Ҳаммаси нималарга ўрганганингизга боғлиқ. Кўплаб жамоаларда муаммо бор: улар йиғинларда яхши тайёргарлик кўришади, кунига икки маҳал машғулот ўтказишади, куч машқларини бажаришади. Аммо мавсум бошлангач, бу ишларнинг барчасини тўхтатишади. Биз эса бундай қилмасликка ҳаракат қиламиз. Мавсум бошида қандай ишлаган бўлсак, ўша тайёргарлик даражасини мавсум охиригача сақлаб қолишга интиламиз. Туркияга йиғин учун борганингизда, ҳар бир футболчи кунига икки маҳал машғулот ўтказади. Ҳар икки-уч кунда ўртоқлик учрашувларида иштирок этади. Шунда ҳеч кимда куч-қувват етишмаётгани ёки машғулотлардан чарчагани ҳақида шикоят бўлмайди. Аммо мавсум бошлангач, шикоятлар бошланади: "Яхшиси, дам олайлик, футболчилар уйда ўтирсин", дейишади. Натижада жисмоний тайёргарлик даражаси ҳам пасаяди. Уч кунда бир марта ўйнаш — ғайриоддий ҳолат эмас. Дунёдаги деярли барча чемпионатларда жамоалар ҳар уч-тўрт кунда майдонга тушишади. Улар бу тартибда фақат мавсумнинг бир қисмида эмас, балки бутун мавсум давомида ўйнашади. Барчаси клубда қандай шароитлар борлигига, қандай ёрдамчилар ва мутахассислар ишлашига боғлиқ.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia